Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Сенат солиқ ва бюджет сиёсатига ўзгартиришларни муҳокама қилди

15.12.2016

Олий Мажлис Сенатида «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси  муҳокама қилинди.

Даставвал, қайд этишимиз жоизки, қонун лойиҳаси тегишли тартибда келишилган1 ҳамда  тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қисми Ягона давлат интерактив хизматлари порталига аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган.

 

Батафсил айтганда, Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларига ҳамда Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган ҳамда халқаро тажриба  инобатга олинган2.

 

Хусусан:

 

1.  “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 47 ва 63-моддаларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда:

 

а) пенсия тайинлаш учун мурожаат этиш муддатини амалдаги
3 ойдан 60 кунгача қисқартириш.
Мазкур ўзгартиш киритишнинг сабаби амалдаги норматив-ҳуқуқий нормаларга мувофиқ корхона ва ташкилотлар маъмуриятига пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўладиган шахсларнинг ҳужжатларини олдиндан тайёрлаб боришлари бўйича мажбурият юклатилган.

 

Бундан ташқари, пенсияга чиқишдан олдин фуқаролар ёшга доир пенсияларини тайинлаш учун ҳужжатлар тўпламини мустақил равишда, олдиндан тайёрлаб борадилар. Бунда, 40%дан ортиқ пенсия ёшига етган фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлгунга қадар белгиланган муддатдан олдин ҳужжатларни Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимларига тақдим этадилар.

 

Шунингдек, бугунги кунда ишловчиларнинг суғурта бадаллари тўловини электрон ҳисобини юритиш технологияларини амалиётга жорий этилиши, фуқароларга пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган иш ҳақи ва иш стажи тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумот алмашинуви орқали амалга ошириш имконини бериб, унга сарфланадиган вақтни сезиларли қисқартирмоқда.

 

Шу билан бирга, фуқаролар учун пенсия тайинлаш учун ариза топширилган кундан эътиборан 3 ой ичида қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқи ҳамда 5 ойлик муддат ичида янгитдан тайинланган пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш ҳуқуқлари сақланиб қолинади;

 

б) дафн маросими учун нафақа тайинлаш бўйича мурожаат этиш муддатини амалдаги 6 ойдан 60 кунга қадар қисқартириш.

 

Таъкидлаш жоизки, ушбу нафақа мурожаат этилган кун давомида марҳумни дафн этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уни амалга оширган ёки амалга оширмоқчи бўлган шахсга тўланиб берилади.

 

Мазкур муддатни 60 кун қилиб белгилаш урф-одатларимизга мос келиб (40 кунлик хотира), нафақа учун мурожаат этаётган шахсларга ноқулайликлар келтириб чиқармайди.

 

Ушбу ўзгартиришлар мурожаатларни тартибга солишга қаратилган бўлиб, Пенсия жамғармаси харажатларини мақбуллаштиришга қаратилмаган;

 

2. “Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг  11-моддасига киритилаётган ўзгартиш унинг нормаларини ФКнинг 597-моддаси билан мувофиқлаштиришни кўзда тутади.

 

Ушбу ўзгартиришлар лизинг берувчига лизинг олувчи томонидан лизинг шартномасини жиддий тарзда бузган тақдирда бўлажак лизинг тўловларини тезлаштиришни талаб қилиш ҳуқуқини таъминлашни назарда тутади;

 

3.  «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасига киритилаётган ўзгартиш кичик тадбиркорлик субъектлари ходимларининг ўртача йиллик сонини аниқлашдаги турлича талқин этишларни олдини олишни кўзда тутади.

 

Ушбу ўзгартиришларни киритишнинг асосий сабаби шундан иборатки, ФКда унитар ва шўъба жамиятлари тушунчаларининг белгилари айнан бир хил ва бир бирига мос эмас. Шу сабабдан, Қонуннинг 5-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Худди шундай ўзгартириш СКнинг 350-моддасига ҳам киритилмоқда.

 

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга мувофиқ фаолият турлари билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланганлик борасидаги ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкция бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик соҳасига ўтказилган.

 

Шу боис, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддаси ва СКнинг
104-моддасига фаолият турлари билан лицензиясиз шуғулланганлик учун молиявий санкцияни бекор қилиш бўйича тегишли ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилган;

 

4. Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар:

 

22-моддага киритилаётган ўзгартиш “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқлаштириш мақсадида дивиденд тушунчасини аниқлаштиришни назарда тутади. Унга мувофиқ акциянинг номинал қиймати оширилганда устав фондининг (устав капиталининг) миқдори кўпаймайди;

 

30-моддага киритилаётган қўшимча солиқ тўловчига мақсадли имтиёзларни қўллаш ҳисобига солиқ солишдан озод этилган маблағларни имтиёз даври тугагандан кейинги йил давомида фойдаланиш ҳуқуқини беришни ҳамда фойданилмаган маблағлар қолдиғини бюджетга ўтказиш муддатини белгилашни назарда тутади;

 

59 ва 61-моддаларга киритилаётган ўзгартишлар солиқ қарзи тўлов муддати ўтган пайтдан бир йил мобайнида ундирилмаган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш чораларини қўллашни назарда тутади;

 

63-моддага киритилаётган ўзгартиш юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ қарзи суммасини ўтказиш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларини тақдим этишнинг ягона муддати белгиланмоқда. Шу муносабат билан, ушбу моддадан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган муддат чиқариб ташланмоқда;

 

126-моддага киритилаётган ўзгартириш нотижорат ташкилотлари учун бошқа даромадлар тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад сифатида қаралмаслигини белгилайди. Шунингдек, нотижорат ташкилотида фойда солиғи тўловчиси сифатида тан олинмайдиган даромадлар тури аниқ кўрсатилмоқда.

 

Худди шундай тегишли ўзгартиришлар СКнинг 197, 257, 265, 279 ва 295-моддаларида ҳам назарда тутилмоқда;

 

135-моддага киритилаётган ўзгартишлар заём ва моддий ёрдам текинга олинган ҳолларда, яъни заём берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз, шунингдек Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан паст ставкада фоизли даромад тўланганда заём ва моддий ёрдам олувчида даромадни аниқлаш тартибини назарда тутади;

 

155-моддага киритилаётган ўзгартишлар ушбу моддада кўрсатилган барча даромадлар бўйича солиқ агентига халқаро шартномалар нормаларини мустақил равишда қўллашни назарда тутади, шунингдек даромад солиғи қайси ҳолларда тўлов манбаида ушлаб қолинмасдан амалга оширилишига аниқлик киритади;

 

178 ва 179-моддаларга киритилаётган ўзгартишлар Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бериладиган совғалар бошқа даромадлар сифатида тан олинишини, шу билан бир вақтда уларни жисмоний шахслардан олинадиган доромад солиғидан озод этишни назарда тутади;

 

179-моддага киритилаётган ўзгартиш аниқлаштирувчи тусга эга бўлиб, солиқ солиш объектига мол-мулкни реализация қилиш эмас, балки уни сотишдан олинган даромад киритилади, чунки реализация қилиш ҳар доим ҳам пул эквивалентини олинишини кўзда тутмайди.

 

181-моддага киритилаётган ўзгартиш меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган аёлларнинг даромадларидан олиш даражаси 20 фоиздан ошмаслигини белгиловчи нормани чиқариб ташланишини назарда тутади. Бунинг асосий сабаби, ҳозирги вақтда солиқнинг энг юқори ставкаси 23 фоизни ташкил этади. Бундай шароитда солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун олиш даражаси 20 фоиздан ошмайди;

 

192-моддага киритилаётган ўзгартиш олдин тақдим этилган декларацияда давлат солиқ хизмати органи томонидан нотўғри маълумотлар аниқланганда тўғриланган декларация тақдим этиш тартибини назарда тутади;

 

254-моддага киритилаётган ўзгартишлар:

 

жаҳон бозорида нархи мавжуд бўлмаган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширадиган ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқ солиш базасини аниқлаш тартибини назарда тутади. Ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган тартибда келишилган тегишли конни саноат йўсинида ўзлаштириш бўйича техник-иқтисодий асосларда назарда тутилган кавлаб олишнинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб, уни 20 фоизга ошириш йўли билан солиқ солиш базаси аниқланади;

 

тижоратбоп топилма бонуси ҳисоб-китобини ва уни тўлаш муддатларини ўзгартиришни назарда тутади, яъни ушбу муддатлар фойдали қазилмалар захираларини тасдиқлаш муддати билан эмас, балки ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун  лицензия олинган сана билан боғланган. Бу ушбу модданинг аввалги таҳририда назарда тутилган эди. Бу шундан келиб чиқадики, қазиб олиш ҳуқуқи лицензияни олиш пайтидан бошлаб вужудга келади, тегишинча ҳисоб-китоб ва тўлаш қазиб олиш учун лицензия олинган санадан бошлаб амалга оширилади;

 

263, 271, 285-моддаларга киритилаётган қўшимчалар йил мобайнида ягона солиқ тўловига ўтаётган умумбелгиланган солиқ тўловчилар учун тегишинча сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатларини назарда тутади. Йил мобайнида ягона солиқ тўловига ўтаётган тўловчилар учун ушбу солиқлар бўйича аввал топширилган йиллик ҳисоб-китоб бўйича мажбуриятлар қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим, чунки ягона солиқ тўловига ўтилиши муносабати билан шу пайтдан бошлаб ушбу мажбуриятлар тугатилади;

 

290-моддага киритилаётган ўзгартиш тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкалари учун ёхуд кўчмас мулк юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, жисмоний шахс учун берилган имтиёзни татбиқ этиш қисмидаги нормани чиқариб ташлаш назарда тутилмоқда. Чунки, бундай ҳолларда жисмоний шахслардан ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш учун белгиланган ставкалар бўйича ундирилади ҳамда ушбу СКнинг 290-моддасида кўрсатилган имтиёзлар уларга нисбатан татбиқ этилмайди;

 

Шу билан бирга, СКнинг 282-моддаси иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар ушбу ер участкаларидан фақат тадбиркорлик мақсадида фойдаланмоқда. Бу, СКнинг 290-моддасига зид келмоқда;

 

296, 313, 317 ва 3252-моддаларга киритилаётган қўшимчалар “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунни 14-моддасига мувофиқлаштириш мақсадида Халқ банки томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган даромадни (фойдани) солиқ солишдан озод этиш бўйича имтиёзни аниқлаштиришни назарда тутади;

 

300-моддага киритилаётган қўшимча ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича жорий тўловлар суммасини камайтириб кўрсатувчи солиқ тўловчиларга жавобгарлик чораларини назарда тутади. Яъни жорий тўловлар суммаси билан ҳисобот даври учун бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси ўртасидаги фарқ 10 фоиздан кўпроқни ташкил этган ҳолларда давлат солиқ хизмати органлари томонидан пеня ҳисобланади. Жорий тўловларни тўлашни назарда тутувчи барча солиқлар бўйича худди шундай норма белгиланган;

 

СКнинг 329-моддаси 23-банди ва 330-моддаси 12-бандига киритилаётган ўзгартириш бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси таркибий тузилмаларини умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судларига фуқаролардан пенсия ва нафақалардан ортиқча (ноқонуний) тўланган суммаларни ундиришни, шунингдек “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонунга мувофиқ пенсияларни тўлашга кетган маблағларни ташкилотлардан ундириш билан боғлиқ даъво аризалари бўйича давлат божидан озод қилишни назарда тутади;

 

347-моддага киритилаётган ўзгартиш товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим миқдорини энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарганда қайта кўриб чиқиш бўйича нормани чиқариб ташлашни назарда тутади. Ушбу ўзгартиш йиғим миқдори йил бошига белгиланган ЭКИҲдан келиб чиқиб аниқланади ва ЭКИҲ миқдори йил давомида ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди. Худди шундай норма жисмоний шахсларнинг даромадига солиқ солиш шкаласини ва қатъий белгиланган солиқ суммасини аниқлашда назарда тутилган;

 

349-моддага киритилаётган ўзгартишлар молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари жалб қилинган ҳолда танлов савдолари асосида объектлар қурилиши бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг қўшимча мажбуриятларига солиқ  солишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутади;

 

351-моддага киритилаётган ўзгартиш ўтган йилнинг якунлари бўйича ягона солиқ тўловини тўлаш учун белгиланган мезонларга мос келадиган умумбелгиланган солиқ тўловчилари учун ягона солиқ тўловига ўтиш тўғрисида хабарномани бериш муддатларини аниқлаштиришни назарда тутади.

 

Солиқ тўловчиларнинг ушбу тоифаси учун хабарномани тақдим этиш ҳуқуқини улар ягона солиқ тўловини тўлашга ўтаётган жорий ҳисобот даври биринчи ойининг 10-санасидан кечиктирмай тақдим этиш ҳуқуқи берилмоқда. Ушбу муддат умумбелгиланган солиқ тўловчилари томонидан фойда солиғи ва ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича жорий тўловларни тўлаш бўйича маълумотномани тақдим этиш муддати билан боғлиқ;

 

352-моддага киритилаётган ўзгартиш савдо соҳасида фаолиятни амалга оширган микрофирма ва кичик корхоналарга ягона солиқ тўловини қўшимча хабарнома бермаган ҳолда тўлашни сақлаб қолишни назарда тутади.

Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ягона солиқ тўловини танлаш ҳуқуқисиз тўлайди.

 

Бунда, агар корхона савдо корхоналари мезонига мос келмаса, у умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтиши шарт, ягона солиқ тўловини тўлаш ҳуқуқини сақлаб қоладиган микрофирма ва кичик корхоналар бундан мустасно, бироқ бу ҳақда солиқ органини хабардор қилишлари лозим бўлади;

 

375-моддага киритилаётган ўзгартиш якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ тўланишини назарда тутади.

 

Худди шундай норма фаолият тугатилган тақдирда ҳам назарда тутилган. Ушбу норма имтиёз даври тугагандан сўнг имтиёзни асоссиз қўллаш ҳолатларини олдини олиш мақсадида киритилмоқда, чунки фаолият тугатилганда имтиёз бекор қилинади.

 

Фикримизча, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қуйидагиларга  имкон беради:

 

– 2017 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатини амалиётга жорий этилишининг зарурий ҳуқуқий шароитларини яратиш;

 

– қонунчиликнинг алоҳида нормаларига аниқлик киритиш ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш; 

 

– тадбиркорлик фаолияти соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирларни амалга ошириш;

 

– амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларидаги нормалар билан ўзаро мувофиқлаштириш.

 

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзолари

Алия ЮНУСОВА,

Шуҳрат МАМАДЖАНОВ 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Банк хабарлари: янги кредит сиёсати ва солиқлар қаерга тўланади

 

Парламент назоратининг самарадорлиги оширилади

 

Тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланмокда

 

Ишонч билдирилсин – текширилмасин!

 

 

 

“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан жавоблар:


Текин ёрдамга ягона солиқ тўлови солинадими? Агар солинса, у ҳолда қандай ставка қўлланилади?

 

Давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган йўлкира ... НККни қўллаган ҳолда кирим қилиниши солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳисобланадими? Агар юқоридаги ... ҳолат солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳисобланса, у ҳолда қандай ...

 

Kорхона томонидан бюджетга ходим учун тўланган суммани, агар бунда чегирмалар суммаси ҳисоблаб ёзилган даромадлар суммасига нисбатан 50 фоиздан ортиқни ташкил этса, ходимнинг аризаси мавжуд бўлса, маъмурий жарима суммасини ушлаб қолса бўладими? Агар корхона ходимнинг иш ҳақидан чегириб қолиниши лозим бўлган жарима суммасини қопласа, ходим ва корхонанинг солиқлар бўйича мажбуриятлари қандай бўлади?

 

 


1 Қонун лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва Иқтисодиёт ва Адлия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк,  Олий хўжалик суди  ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

2 Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида унда кўзда тутилган нормаларни тартибга солишга оид қатор чет давлатларнинг қонунчилиги ўрганиб чиқилди.

Масалан, Германия, Финляндия ва Туркия каби мамлакатларнинг қонунчилигига мувофиқ, дафн маросимини ўтказиш учун нафақа (тўлов) муддати марҳумнинг ўлим кунидан 30 кун мобайнида тўланиши белгиланган.

Пенсия тайинлаш масаласига оид Жанубий Корея, Германия, Литва ва бошқа мамлакатларнинг қонунчилигига мувофиқ, ёшга доир давлат пенсиялари фуқаро пенсия ёшига етганда ёки пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган куни тайинланиши белгиланган. Пенсия миқдорига таъсир этувчи қўшимча ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, пенсия миқдори ҳужжат тақдим этилган кундан эътиборан қайта ҳисобланиши келтириб ўтилган.  

Норезидентлар даромадига солиқ ҳисоблаш Россиянинг Солиқ кодексига асосан халқаро шартномаларга мувофиқ Россия Федерациясида солиқ солинмайдиган даромадлар норезидентга тўланганда,  чет эл ташкилоти томонидан солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи халқаро шартномага эга бўлган давлатда мазкур шахснинг доимий жойлашган жойи борлигини тасдиқловчи расмий тасдиқномани тақдим этилганда, солиқ агенти солиқни ушламасликка ёки пасайтирилган ставкада ушлашга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.

Худди шундай норма Қозоғистон Республикаси Солиқ кодексида ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, жаҳон бозорида нархи мавжуд бўлмаган фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширадиган ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқ солиш базасини аниқлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосан солиқ солиш базаси ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ушбу тоифаси учун тегишли конни саноат йўсинида ўзлаштириш бўйича техник-иқтисодий асосларда назарда тутилган кавлаб олишнинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб, уни 20%га ошириш йўли билан аниқланиши белгиланган.

 

kadrovik.uz

Валюталар курси

2024-05-08
  • USD:12683.99 (+0.00) сум
  • EUR:13647.97 (+0.00) сум
  • RUB:139.24 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 7 май№ 19