Президентнинг 10.09.2026 йилдаги ПФ-190-сон Фармони билан «Статистикани ривожлантириш – 2030» миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Ҳужжатда кўзда тутилган асосий мақсадлар:
- аҳолини рўйхатга олиш ва иқтисодий ҳисоб натижалари асосида ижтимоий-иқтисодий статистикани такомиллаштириш;
- келгуси 5 йил давомида Миллий статистика тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш;
- 2030 йилгача кичик бизнес субъектларига ҳисобот юкини 20 фоизга камайтириш;
- 2030 йилга бориб расмий статистикани шакллантиришда фойдаланиладиган маъмурий ва муқобил маълумотлар манбалари сонини 1,7 баробарга ошириш;
- кейинги 5 йил ичида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали маълумотларни қайта ишлаш вақтини 20 фоизга қисқартириш ва битта маълумот элементи нархини 25 фоизга оптималлаштириш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- «Статистикани ривожлантириш – 2030» миллий стратегияси;
- Миллий статистика тизими самарадорлигини ошириш бўйича йўл харитаси.
2026-2030 йилларга мўлжалланган «Статистикани ривожлантириш – 2030» миллий стратегиясининг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган:
- ягона ёндашув асосида барча расмий статистика ишлаб чиқарувчиларининг фаолиятини уйғунлаштириш, маълумотлар сифатини таъминлаш учун институционал салоҳиятни ошириш;
- халқаро стандартлар ва замонавий статистик моделларга мувофиқ статистик методологияларни такомиллаштириш;
- рақамли трансформация, ҳисобот юкини камайтириш ва маълумотлар инфратузилмасини модернизация қилиш;
- маъмурий, муқобил ва рақамли маълумотлар манбалари, шунингдек, геофазовий маълумотлар ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш;
- фойдаланувчига йўналтирилган статистикани ривожлантириш, маълумотлар билан ишлаш саводхонлигини ошириш ва халқаро ҳамкорлик.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 12.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




