Президентнинг 25.03.2026 йилдаги «Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-108-сон қарори қабул қилинди.
2026-2027 йилларда республикада иссиқхоналар фаолиятининг асосий мақсадли кўрсаткичлари:
- Сурхондарё вилояти Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуаларини жойлаштириш;
- энергия тежовчи ва муқобил энергия манбаларига асосланган иситиш тизимлари улушини камида 50 фоизга етказиш;
- атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини босқичма-босқич қисқартириш.
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида давлат муассасаси шаклидаги «Сурхон-Агро» дирекцияси билан «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади.
«Сурхон-Агро» зонасининг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил этади. Унинг иштирокчиларига ЭИЗ иштирокчилари учун белгиланган айрим солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар татбиқ этилади.
Иссиқхоналарни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари
«Сурхон-Агро» зонаси ҳудудида фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларига қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилади:
- тадбиркорларга ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришда 5 йил давомида ижара тўловининг ноль ставкаси қўлланилади;
- эгалари иссиқхоналарни суғориш ва технологик жараёнлар учун фойдаланиладиган оқова ва ер ости сувлари учун тўловлардан 3 йил муддатга озод қилинади;
- аномал совуқ об-ҳаво шароитида, истисно тариқасида, белгиланган экологик талабларга риоя қилган ҳолда кўмир ёқишга рухсат этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июндан 2028 йил 1 июнга қадар «Сурхон-Агро» зонаси иштирокчилари ўртасида кооперация асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кафолатли сотиш ва муҳандислик инфратузилмасига улаш бепул амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



