“Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди (23.09.2020 йилдаги ЎРҚ-637-сон Қонунга қаранг).
Ҳужжат 1997 йилдан буён амал қилиб келаётган эскирган “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунларни алмаштиради.
Янги қонуннинг асосий фарқлари ҳақида қисқача:
биринчидан, таълим олиш шаклларининг таснифи кенгайтирилди:
- ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган ҳолда (сиртқи, кечки, масофавий);
- назарий - таълим ташкилоти негизида, амалий - таълим олувчининг иш жойида бирга олиб бориладиган дуал таълим;
- оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш;
- катта ёшдагиларни ўқитиш ва уларга таълим бериш;
- жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун инклюзив таълим;
- экстернат тартибидаги таълим - ўқув дастурларини мустақил равишда ўзлаштиришни ўз ичига олиб, унинг якунлари бўйича таълим олувчилардан давлат таълим муассасаларида якуний ва давлат аттестацияларидан ўтиш;
- мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида кадрлар тайёрлаш.
иккинчидан, Вазирлар Маҳкамаси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Таълим инспекцияси), Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, шунингдек соҳа вазирликлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари тафсилотлари билан аниқлаштирилди.
учинчидан, таълим жараёнининг барча иштирокчиларининг ҳуқуқий мақомига кўпроқ этибор қаратилган:
- таълим ташкилотлари – уларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, уставга талаблар;
- педагогик ходимлар, таълим олувчилар, уларнинг ота-оналари ва бошқа қонуний вакиллари – ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва кафолатлар бўйича. Таълим-тарбия жараёни иштирокчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирлари белгиланган.
тўртинчидан, давлат таълим стандартлари ва талаблари, ўқув жараёнига ўқув режалари ва дастурларини, таълим соҳасига экспериментал ва инновацион фаолият таълимни жорий этиш билан боғлиқ масалалар тартибга солинган. Ўқишга қабул қилиш, жумладан мақсадли қабул қилиш механизми баён этилган;
бешинчидан, давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш дастаклари регламентланган:
а) биринчиларга қуйидагилар киради:
- нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятини лицензиялаш – лицензиялар Таълим инспекцияси томонидан чекланмаган муддатга, ҳар бир таълим тури учун алоҳида берилади;
- таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш – Таълим инспекцияси томонидан 5 йил муддатга амалга оширилади. Бунда нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан 5 йил давомида аккредитациядан ўтган деб ҳисобланади, бу муддат тугагач, ушбу аттестация ва аккредитациядан ўтказилади. Давлат аккредитациясидан ўтган ташкилотлар махсус реестрга киритилади, бу ҳақдаги маълумотлар Таълим инспекциясининг сайтига жойлаштирилади;
- хорижий давлатда 1992 йил 1 январдан кейин олинган таълим тўғрисидаги ҳужжат тан олиш, шунингдек таълим соҳасидаги расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш. Тан олиш ва апостиль қўйиш ҳам Таълим инспекцияси ваколатига киради;
б) Таълим инспекцияси қуйидагиларга ҳақли:
- нодавлат таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнининг сифатини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш – бизнес-омбудсманни хабардор қилган ҳолда;
- таълим ташкилотлари томонидан берилаётган таълимнинг мазмуни ва сифати таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига номувофиқлигини аниқлаган ҳолларда – уларни бартараф этиш юзасидан уларга тақдимномалар киритиш. Тақдимнома бажарилмаган тақдирда - таълим ташкилотининг давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификатини бекор қилиш.
Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 24.09.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.