Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
15 июнгача кимлар харажатлар бўйича ҳисобот топшириши керак Корпоратив карталар чекларига оид муаммолар: ким айбдор ва нима қилиш керак Бухгалтер МХИК бўйича бериладиган имтиёзлар билан қандай ишлаши керак

Тиббий хизматлардан фойдаланиш янада қулайроқ бўлади

23.05.2025

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 19.05.2025 йилдаги "Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-88-сон  Фармони қабул қилинди.

 

Илғор хорижий тажриба асосида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари:

  • халқаро амалиётга асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий этиш;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, хусусан, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар, маҳалла тиббиёт пунктлари фаолиятини ягона ёндашув асосида ташкил қилиш орқали тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш;
  • аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокорлар улушини 70 фоизгача етказиш;
  • соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ва тиббиёт соҳасидаги ортиқча қоғозбозликни қисқартириш орқали тиббиёт ходимларининг иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш;
  • аҳолининг бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан қониқиш даражасини 85 фоиздан ошириш;
  • фаолият самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари асосида тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • тиббиёт бригадалари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш.

 

Тажриба-синов лойиҳаси ишга туширилади

 

Тажриба-синов лойиҳаси сифатида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели 2025 йил 1 июлдан бошлаб – белгиланган туман (шаҳар)ларда (рўйхат бўйича), 2026 йил 1 январдан бошлаб эса – Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида жорий этилади.

 

Лойиҳа доирасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари базасида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади.

 

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, уларнинг филиаллари ва маҳалла тиббиёт пунктлари юридик шахс мақомига эга оилавий поликлиникалар ва уларнинг филиалларига айлантирилади.

 

Оилавий поликлиникаларда аутсорсинг асосида оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог, стоматолог ва ташхислаш мутахассислари хизматлари ташкил этилади. Аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.

 

Тиббиёт бригадаси ва унга бириктирилган аҳоли ўртасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш тўғрисида битим тузилади. Бундан ташқари, хусусий оилавий шифокорлик фаолияти билан шуғулланишга, шунингдек аҳоли ва хусусий оилавий шифокорлар ўртасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича битим тузишга рухсат этилади.

 

Аҳолига тиббий хизматлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари (кафолатланган пакет) доирасида оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадасининг йўлланмаси бўйича бепул асосда кўрсатилади (шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш бундан мустасно). Кафолатланган пакетга киритилмаган қўшимча тиббий ёрдам ва оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадасининг йўлланмасисиз бевосита мурожаат қилган фуқароларга тиббий ёрдам пуллик асосда кўрсатилади.

 

Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари тегишли марказий шифохоналарнинг маслаҳат-диагностика бўлинмаларига айлантирилади, уларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун аҳоли бириктирилмайди.

 

Моддий рағбатлантиришнинг янги тартиби жорий этилади

 

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларининг малака тоифалари, иш стажи ва бошқа устамалари бирлаштирилган ҳолда тиббиёт ходимлари иш ҳақини тасдиқланган миқдорларда базавий тариф ставкалари бўйича ҳисоблаш тартиби жорий этилади.

 

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларининг базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устама тўланади:

  • сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи;
  • тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрдан ортиқ қўшимча тартибда бириктирилган аҳолининг 10 фоизидан ҳар бир киши учун МҲТЭКМ нинг 0,3 фоизи – шаҳарларда, 0,5 фоизи – туманларда;
  • оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун ушбу курслар якуни бўйича берилган сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи. Бунда курснинг ҳар бир босқичи якуни бўйича синовларда ижобий натижа кўрсатган ходимларга 25 фоиз миқдорида устама қўлланилади;
  • туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маоши 20 фоизга, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши 10 фоизга оширилади;
  • оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида уларнинг ойлик лавозим маоши (базавий тариф ставкаси)нинг 100 фоизигача миқдорида устама жорий этилади.

 

Раҳбар ходимлар учун тиббиётни бошқариш (менежмент) бўйича ўқув дастури жорий этилади ва ушбу дастурни ўзлаштириш якуни бўйича сертификат олган раҳбарларга ойлик лавозим маошининг 100 фоизи, раҳбар ўринбосарларига – 80 фоизи, бош ҳамширалар – 50 фоизи миқдорида устама тўланади.

 

Бундан ташқари, раҳбар ходимлар учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) белгиланади ва ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорида устама жорий этилади.

 

Шу билан бирга, бир йил давомида фаолият самарадорлиги кўрсаткичларида (KPI) ижобий натижалар (56 фоиздан кўп) кўрсатмаган раҳбар ходимлар лавозимидан озод қилинади.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги моделини тажриба-синов тариқасида жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси;
  • Янги моделни тажриба-синов тариқасида жорий қилиш бўйича ишчи комиссиянинг таркиби.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.05.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова