Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Уй-жойга эҳтиёжи борлар қандай қилиб шаҳардан уй олиши мумкин?

30.01.2017

Вазирлар Маҳкамасининг 16.01.2017 йилдаги 14-сон Қарори билан Кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш, шунингдек ёш оилаларга, эскирган уй-жойларда яшаётганларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига сотиш тартиби тўғрисидаги низом  тасдиқланди.

Ҳужжат 2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини (Президентнинг 22.11.2016 йилдаги ПҚ–2660-сон Қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда Дастур) рўёбга чиқариш тартибини белгилайди.

 

Қуйидагилар кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

  • банк томонидан ажратиладиган кредитлар;
  • ўзининг уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд ходимлари учун кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштиришда улуш қўшиб қатнашишга тайёрлигини билдирган нодавлат ташкилотларининг ўз маблағлари;
  • халқаро ва хорижий молиявий институтларнинг буюртмачига кредит ажратиш учун берилган кредитлари, шу жумладан грантлари ва инвестициялари;1
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

 

Шаҳарларда кўп квартирали уйларни қуриш ёки реконструкция қилиш учун буюртмачини молиялаштириш ва унга кредит ажратиш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

Дастурни амалга ошириш алгоритми. Биринчи қадам: муҳтожларни аниқлаш

 

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахсларни бириктириш ҳудудий комиссия2 томонидан қуйидаги мезонлардан бири мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади:

  • ўз уй-жойининг йўқлиги ва ижара (аренда), бепул фойдаланиш шартларида турар жойда ёки эскирган уйларда яшаш;
  • бир уйда (бир квартирада) бошқа оила ёки бошқа оилалар билан биргаликда яшаш;
  • кўп болали оила;
  • она (ота)нинг тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни);
  • ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонунчиликка кўра алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг мавжудлиги;
  • оила таркибида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;
  • турар жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган турар жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги.

 

Кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиш учун турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахс ҳудудий комиссияга ариза, унинг молиявий ҳолатини тасдиқлайдиган ҳамда ўрнатилган мезонларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тўпламини топшириши даркор.

 

Комиссия уй-жой шароитларини яхшилашга берилган аризаларни ҳафтада камида бир марта кўриб чиқади, ва унинг натижаларига кўра квартирани бириктириш ёхуд рад этишнинг аниқ ва асосланган сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этиш тўғрисида протокол қарорини қабул қилади.

 

Квартирани бириктириш икки ҳолатда рад этилиши мумкин:

  • жисмоний шахснинг ўрнатилган мезонларга номувофиқлигида;
  • тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда.

 

Бошқа асослар бўйича квартирани бириктиришнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.

 

Жисмоний шахсга квартира бириктирилгандан кейин 60 календарь кундан кечикмай, у сотиб олинаётган квартира қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги (дастлабки бадал) пул маблағларини 20406-сон алоҳида жамғарма депозит ҳисоб рақамига тўлаши даркор.

 

Иккинчи қадам: квартираларни сотиш ва ипотекани расмийлаштириш

 

Кўп квартирали уйлардаги квартираларни сотиш ҳуқуқи банкка3 берилади ва тегишли харажатлар ҳисобга олинган ва ҳар бир квартиранинг қиймати тўғрисидаги маълумотномалар асосида буюртмачи томонидан тақдим этилган нархлар бўйича амалга оширилади.

 

Квартиралар жисмоний шахснинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобига ёки иш берувчининг маблағлари ҳисобига сотиб олиниши мумкин. Ушбу ҳолатда мулк ҳуқуқи нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномаси билан расмийлаштирилади. Ёки жисмоний шахс банк кредитидан фойдаланади, у ҳолда квартира банкда гаровга қўйилади.

 

Банк томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори дастлабки бадалдан ташқари кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг кўпи билан 75 фоизини ташкил этади.

 

Бу муҳим! Ипотека кредитлари 3 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки 5 йил мобайнида йиллик 7% миқдоридаги фоиз ставкаси ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 20 йил муддатга расмийлаштирилади. Бунда олтинчи йилдан бошлаб фоиз ставкаси Марказий банкнинг кредит олиш учун жисмоний шахс томонидан ариза тақдим этилган санада амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб белгиланади ва кредит шартномасида қайд этилади.

 

Бунда банк филиалига ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

  • қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчи4)нинг паспорти;
  • қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчилар)нинг молиявий ҳолатини тасдиқлайдиган ҳужжатлар).

 

Қуйидагилар қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчиларнинг) молиявий ҳолатини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳисобланади:

  • доимий иш жойига эга бўлган фуқаролар учун — белгиланган шакл бўйича иш берувчи томонидан берилган охирги 12 ойдаги даромадлар (12 ойдан кам ишланган тақдирда — ишлаб берилган давр учун) тўғрисидаги маълумотнома;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган даромадларнинг бошқа манбаларига эга бўлган фуқаролар учун (шу жумладан деҳқон-фермер хўжаликлари бошлиқлари ёки якка тартибдаги тадбиркорлар учун) — улар яшайдиган жой бўйича давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ойдаги даромадлар тўғрисидаги декларацияларнинг нусхалари.

 

Банк томонидан кредит бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан кейин:

  • банк бир кун муддатда қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчига хабар беради, қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи) билан кредит шартномаси тузади ва квартира қиймати келишилганлиги ҳақида далолатнома тузади;
  • қарз олувчи кўп квартирали уйдаги сотиб олинган квартирани йўқотиш, шикастланиш ва нобуд бўлиш хавфидан тўлиқ қийматда банк фойдасига суғурта қилади;
  • кўп квартирали уйдаги квартиранинг олди-сотди шартномаси нотариал расмийлаштирилади ва бир вақтнинг ўзида мулк ҳуқуқи расмийлаштирилган ва қонун асосида ипотека давлат рўйхатидан ўтказилган ҳолда унинг «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг ҳудудий бўлимларида давлат рўйхатидан ўтказилиши амалга оширилади;
  • квартирани гаровга қўйиш эр (хотин)нинг розилиги бўлган тақдирда нотариал расмийлаштирилади.

 

Учинчи қадам: олинган кредитни қоплаш

 

Якуний босқич кредит шартномаси талабларига мувофиқ олинган ипотека кредитини қоплашдан иборат. Бунда асосий қарзни қайтариш қарз олувчи томонидан имтиёзли давр тамом бўлгандан кейин ипотека кредитининг бутун муддати мобайнида ҳар ойда амалга оширилади. Берилган ипотека кредитига фоизлар ҳар куни ипотека кредити қолдиғига ҳисобланади ва бир ойда бир марта ундириб олинади.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан яқин кунларда «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Олег ЗАМАНОВ,

экспертимиз. 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Қишлоқ жойларда уй-жойлар янада арзонлашади

 

Арзон уй-жойларни маҳалла орқали олиш мумкин

 

 


1 Лойиҳа доирасида арзон кўп квартирали уйлар массивларини реконструкция қилиш ва қуриш, намунавий лойиҳалар бўйича зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини расмийлаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан техник назоратни амалга ошириш, шунингдек маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши функциялари юкланган ҳолда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖ республика ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси буюртмачи ҳисобланади.

2 Кўп квартирали уйлардаги квартираларни яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган жисмоний шахсларга бириктириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича ҳудудий комиссияларга Қорақалпоғистон Республикаси шаҳарлари, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари бошчилик қилади. Унинг таркибидан давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари ўрин олган. 

3 Банк – кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш учун буюртмачиларга кредитлар бериш, шунингдек кўп квартирали уйларни сотиб олиш учун қарз олувчиларга ипотека кредитларини расмийлаштириш йўли билан квартираларни сотиш функциялари юкланган ҳолда «Ипотека-банк» АТИБ.

4Биргаликда қарз олувчи — қарз олувчининг эри (хотини), яқин қариндошлари, ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, болалари) ҳамда ипотека кредити ва унинг юзасидан фоизлар бўйича ҳар ойлик тўловларда қатнашувчи, шунингдек ипотека кредити бўйича солидар жавоб берувчи бошқа жисмоний шахслар. 

 

Валюталар курси

2018-08-14
  • USD:7790.20 (+7.15) сум
  • EUR:8888.62 (--114.03) сум
  • RUB:115.07 (--7.89) сум