Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

“Ўзбекистон-2030” стратегияси: асосий йўналишлар

26.02.2024

Рус тилида ўқиш

Президент томонидан 21.02.2024 йилдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

 

Ёшлар қандай қўллаб-қувватланади

 

2024 йил 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади.

 

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 млн сўм миқдорида хорижий тиллар бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилади.

 

Экология, соғлом турмушни тарғиб қилиш каби ижтимоий аҳамиятга молик 100 та волонтёрлик лойиҳалари бўйича БҲМнинг 200 бараваригача маблағ танлов асосида ажратилади.

 

Ёшлар орасида бизнесни оммавийлаштириш

 

Бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш мақсадида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтириш;
  • 2024 йил 1 июндан бошлаб республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага БҲМнинг

 

1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилишини назарда тутувчи “Ёш тадбиркор” танловларини ўтказиш амалиётини йўлга қўйиш.

 

2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури амалга оширилади. Ёшлар IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтирилади.

 

2024 йил 1 мартдан бошлаб қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш;
  • ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформасини ишга тушириш, у орқали дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олиниши таъминланади;
  • ёш хотин-қизларни замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформасини ишга тушириш.

 

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш

 

“Бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида 2024 йил якунига қадар комплекс қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш орқали 2 млн аҳолини бизнесга жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратиш орқали 5 млн аҳолининг бандлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилади.

 

2024 йил 1 июлдан бошлаб нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга:

  • халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;
  • нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хом ашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади;
  • нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади.

 

Ҳужжат билан 2024 йил 1 майдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий тўловлар ва йиғимларни фақатгина қонунда белгилаш амалиётини киритиш назарда тутилган.

 

Фуқаролар ҳаёти сифатини яхшилаш

 

Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши доирасида 2024 йилда:

  • Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг билимларни баҳолаш тизимини қўшимча 1 000 та умумий ўрта таълим муассасаларида жорий қилиб, фанлардаги амалий машғулотлар улушини 60 фоизгача ошириш;
  • 6,7 млн нафар 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида юрак-қон томир, қандли диабет, ўпканинг сурункали обструктив касалликлари хавфини аниқлаш бўйича профилактик кўриклар ташкил этиш;
  • 7,5 минг нафар ёшлар замонавий касбларга ўқитилишини, халқаро имтиҳон тизимларида чет тиллари бўйича юқори балл олган 6 минг нафар ёшларнинг имтиҳон харажатлари қоплаб берилишини таъминлаш;
  • 10 млн нафар аҳолини марафон ва спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали оммавий спортга жалб қилиш чораларини кўриш;
  • 2024 йилда Париж шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш учун камида 140 та лицензияни қўлга киритиш мақсадида 15 та олимпия ва параолимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базасида барча зарур шароитларни яратиш режалаштирилмоқда.

 

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳрида) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг доирасида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мактабларга БҲМнинг 150 баробарида маблағ ажратилиб, ушбу маблағ 5–11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланиши белгиланади;
  • умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик бўйича сертификатлаштириш тизими жорий этилади. Бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади.

 

2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

 

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

 

2024 йил якунига қадар эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этилади.

 

Экологик муаммолар қандай ҳал қилинади

 

Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида: 

  • 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 млн туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатларини, қаламчаларини экиш, республикада 444 та яшил боғлар барпо этиш; 
  • 2024 йил 1 мартга қадар сув каналларини реконструкция қилиш ишларига Давлат бюджетидан қўшимча ажратилган 500 млрд сўм маблағлар доирасида камида 1,5 минг километр йирик каналларни бетонлаш ишларини якунлаш чораларини кўриш режалаштирилмоқда.

 

Мамлакатимизда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

  • ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиётини йўлга қўйиш;
  • ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талабларни жорий этиш;
  • Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланиши назарда тутилмоқда. Бунда, ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Қуролли Кучларнинг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.

 

Бундан ташқари, 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “ЕВРО-5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатациясини босқичма-босқич чеклаш режалаштирилмоқда.

 

Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган ва 22.02.2024 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова

 

 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16