Президентнинг 09.08.2022 йилдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-348-сон қарори қабул қилинди.
Қон билан ишлаш хизматининг асосий йўналишлари:
- аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, қон донорларига сифатли хизмат кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- қон билан ишлаш хизмати муассасаларини юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, донорлар қони таркибида гемотрансмиссив инфекциялар мавжудлигини текширишда замонавий иммунофермент текширувлари билан бир қаторда ПЗР-текширувларини амалиётга татбиқ этиш;
- соҳа ходимларини нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларида малака ошириши ва стажировка ўташини ташкил этиш;
- трансфузиология йўналишида юқори технологияларга асосланган фундаментал, инновацион ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, соҳа ходимларининг илмий салоҳиятини ошириш;
- қон билан ишлаш хизмати муассасаларининг сарф воситаларига бўлган эҳтиёжини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаш;
- ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли орасида қон донорлиги аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, беғараз донорликни ривожлантириш бўйича волонтёрлик ҳаракатини оммалаштириш, сайёр донорлик кўламини кенгайтириш.
2024 йил 1 январга қадар қон билан ишлаш хизмати муассасаларида донорлар қонида гемотрансмиссив инфекциялар мавжудлигини икки босқичли текшириш (ИФА/ПЗР) амалиёти йўлга қўйилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб:
- "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача оширилади;
- мазкур кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
- шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш;
- давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;
- доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;
- донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил - МҲЭКМнинг 3%и миқдорида белгиланади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш дастури;
- 2022-2025 йилларда қон билан ишлаш хизмати муассасаларини жиҳозлаш параметрлари;
- Аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.08.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.