Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Ўзбекистонда чет давлат судлари қарорлари қандай тан олинади ва ижрога қаратилади

31.01.2018

 

Қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодекс (24.01.2018 йилдаги ЎРҚ-461-сон Қонун билан тасдиқланган, 1.04.2018 йилда кучга киради, бундан кейин - ИПК) амалдаги ХПКдан фарқ қилади. Хусусан, унга чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги алоҳида боб киритилди.[1]

 

Унда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, яъни турли давлатларда бўлган субъектлар ўртасидаги низолар бўйича қабул қилинган қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби белгиланади. Мамлакатимиз ИПКда чет давлатлар суд органлари қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тартиби белгиланади, унда Ўзбекистон ташкилоти қарздор, хорижий компания эса – қарорни Ўзбекистонда ижрога қаратиш мақсадидаги ундирувчи сифатида бўлади.

 

Акс ҳолатда (мамлакатимиз корхонаси – ундирувчи, хорижий компания – қарздор) қарор ижрога қаратиладиган мамлакат қонунчилиги қўлланилади. Масалан, агар қарздор Россияда бўлса ва шу мамлакатда бизнинг иқтисодий судимиз томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш талаб этилса, РФ Арбитраж процессуал кодексининг 31-бобига амал қилиниши лозим.

 

ИПКда баён этилган тартиб қатор хусусиятларга эга бўлиб, муайян шартларда амал қилади.

 

Биринчидан, тегишли халқаро шартномалар ва мамлакатимиз қонунчилиги билан назарда тутилган тақдирда чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорлари тан олинади ҳамда ижрога қаратилади. Масалан, МДҲ иштирокчи давлатлари ваколатли судларнинг қонуний кучга кирган қарорларини ўзаро тан олади ва ижрога қаратади (Хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тартиби тўғрисида битимга қаранг). Шунингдек, Чет давлат арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги конвенциянинг иштирокчи давлатларида (2017 йил ҳолатига 156 давлат иштирокчи ҳисобланади) қабул қилган арбитраж қарорлари ҳам ўзаро тан олинади ҳамда ижрога қаратилади.

 

Маълумот учун: суд деганда тарафлар ўртасидаги низоларни ҳал қиладиган ваколатли хорижий давлат органи, чет давлат арбитражи деганда - тарафлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш учун доимий ёки вақтинчалик асосда фаолият кўрсатадиган хорижий нодавлат ташкилоти (масалан, ҳакамлик суди, халқаро тижорат арбитражи ва ҳ.к.) тушунилади.

 

Иккинчидан, чет давлат суди ёки арбитражининг қарори у қонуний кучга киргандан эътиборан 3 йил мобайнида тан олиниши ҳамда ижрога қаратилиши учун тақдим этилиши мумкин, агар халқаро шартнома билан бошқача назарда тутилмаган бўлса. Агар кўрсатилган муддат ўтган бўлса ёки кучга кирмаган бўлса – уни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш рад этилади.

 

Учинчидан, тегишли ариза қарздорнинг жойлашган жойи ёки яшаш жойи бўйича (агар у номаълум бўлса – қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судига берилади. Яъни туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларида ишларнинг ушбу тоифаси кўриб чиқилмайди.

 

Тўртинчидан, аризанинг шакли ва мазмунига қатъий риоя қилиниши даркор, акс ҳолда ҳужжатлар камчиликларни бартараф этиш учун ариза берувчига қайтарилади. Ариза ёзма шаклда, ариза берувчи ёки унинг вакили томонидан имзоланган ҳолда берилади. Унда қуйидагиларни кўрсатиш зарур:

  • ариза берилаётган иқтисодий суд номи;
  • чет давлат суди ёки арбитражи номи ва унинг жойлашган жойи ҳамда унинг таркиби;
  • ишда иштирок этаётган шахсларнинг номи (ФИО), уларнинг жойлашган жойи (почта манзили) ёки яшаш жойи;
  • тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида ариза берувчи илтимоснома киритаётган чет давлат суди ёки арбитражи қарори тўғрисидаги маълумотлар;
  • чет давлат суди ёки арбитражи қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида ариза берувчининг илтимосномаси;
  • илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

 

Аризага тегишли ҳужжатлар пакети илова қилинади (ИПКнинг 251, 252-моддалари). Бундан ташқари, алоҳида ҳужжатлар ўзбек тилида тасдиқланган таржимаси билан берилади (масалан, қарорнинг ўзи, у қонуний кучга кирганлиги тўғрисидаги, қарор қисман ижрога қаратилганлиги тўғрисидаги ҳужжат ва бошқалар).

 

Бешинчидан, ариза суд мажлисида кўриб чиқилади, энг кўп муддати – ҳужжатлар иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан 6 ой. Жараён иштирокчилари унинг ўтказилиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади, бироқ иш улар ҳозир бўлмаганда ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Кўриб чиқиш натижалари бўйича иқтисодий суд ажрим чиқаради ва белгиланган тартибда ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун ижро варақасини беради.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 

 

 Олег Заманов.

 


[1] Кодекс даражасида ушбу масалалар регламентланмаган, бироқ алоҳида жиҳатлари юзасидан Олий хўжалик суди (2017 йилда Олий суд билан бирлаштирилган – таҳр.) ўзининг 24.05.2013 йилдаги 248-сон “Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳамда чет давлат   судининг   топшириғини   ижро этиш тўғрисидаги ишларнинг хўжалик судлари     томонидан     кўрилишида қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори тушунтириш берган.

 



 

kadrovik.uz

Валюталар курси

2024-05-16
  • USD:12727.96 (+0.00) сум
  • EUR:13781.84 (+0.00) сум
  • RUB:139.46 (+0.00) сум