Президент томонидан 24.12.2025 йилдаги "2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги ПФ-257-сон Фармон имзоланди.
Фуқароларнинг тўлақонли дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида қўшимча дам олиш кунлари белгиланди:
2025 йилда – барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар):
31 декабрь – чоршанба;
2026 йилда:
• барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг турларидан қатъи назар):
2 январь – жума, 28 май – пайшанба, 29 май – жума, 31 август – душанба;
• олти кунлик иш ҳафтасида ишловчилар учун:
шанба – 3 январь, шанба – 30 май, пайшанба – 31 декабрь.
Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:
• 2026 йилда ишланмайдиган дам олиш кунлари ҳисобланган "8 март – Хотин-қизлар куни" байрами якшанба – дам олиш кунига, шунингдек, "21 март – Наврўз" байрами ҳамда "9 май – Хотира ва қадрлаш куни" байрамлари шанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан беш кунлик иш ҳафтасида ходимлар учун ушбу дам олиш кунлари тегишинча 2026 йил 9 март – душанба, 23 март – душанба ва 11 май – душанба кунларига кўчирилади;
• ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шарт-шароитларга кўра (узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига кундалик хизмат кўрсатиш, вахта усулида ишлаш ва бошқалар) тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган ишлар байрам ва ишланмайдиган кунларда бажарилганда дам олиш кунлари кўчирилмайди.
Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 2026 йилда дам олиш кунлари 12 декабрь шанбадан 31 декабрь пайшанбага кўчирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.12.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



