Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Янги касб-ҳунарга бепул ўқитиш учун иш берувчи билан тузилган шартнома керак

03.03.2017

Меҳнат вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2860, 2017 йил 22 февраль) билан янги Касб-ҳунарга ўқитиш марказларига ўқитишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Илгари амалда бўлган Тошкент шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказига ўқувчиларни 1 йилгача муддатга бепул ўқитишга қабул қилиш ва уларни қайта тайёрлаш ҳамда кириш малака имтиҳонлари (тестлари)ни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2408, 2012 йил 25 декабрь) ўз кучини йўқотди.

 

Мазкур Низом Тошкент* ва Самарқанд** шаҳарларидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларига (кейинги ўринларда – Марказ) ўқувчиларни (вақтинча банд бўлмаган аҳолини) 1 йилгача муддатга бепул ўқитишга қабул қилиш ҳамда кириш ва якуний имтиҳонларини ўтказиш тартибини белгилайди. Илгари Низом фақат Тошкент шаҳридаги Марказга қабул қилиш ва фақат кириш имтиҳонини ўтказиш масалаларини тартибга соларди.

 

Аввалгидек, Низом талаблари Марказнинг қисқа муддатли пуллик курсларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Белгиланишича, Марказда ўқишга қабул қилиш учун ҳужжатлар топшириладиган вақт, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўналишлари*** рўйхати, Марказнинг манзили ва мурожаат учун телефон рақамлари кўрсатилган хабар ўқиш бошланишидан камида 55 кун олдин ОАВда, шунингдек Меҳнат вазирлиги ва Марказнинг сайтида эълон қилинади.

 

Ҳужжатларни қабул қилиш ўқиш бошланишидан 50 кун (илгари – 45 кун) олдин бошланади ва 30 кун (илгари – 15 кун) давом этади.

 

Ўқишга кириш учун номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

 

Ҳозир

Илгари

ариза (белгиланган шаклда)

ариза (белгиланган шаклда)

паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади)

паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади)

иш берувчи, тегишли Бандликка кўмаклашиш маркази, жисмоний шахс ўртасида ишга жойлаштиришни кафолатловчи шартнома нусхаси

тақдим этилмасди

туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказининг йўлланмаси

туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказининг йўлланмаси

3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат

3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 6 дона фотосурат

 

маълумотини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси (диплом ёки аттестат) 

 

соғлиғи тўғрисида маълумотнома 

 

Белгиланишича, кириш имтиҳони ўқиш бошланишидан 15 кун олдин бошланади ва ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида кунда ўтказилади. Кириш имтиҳони бўлиб ўтадиган кунлар ҳақидаги маълумотлар эълонлар тахтасига осиб қўйилади ва Марказнинг сайтида эълон қилинади.

 

Кириш имтиҳони, илгаригидек, тест шаклида ўтказилади.

 

Тест саволлари қуйидаги 4 блокдан иборат:

 

1) математика – 15 та (ҳар бир тўғри жавоб учун – 4,1 балл);

 

2) физика – 15 та (ҳар бир тўғри жавоб учун – 3,1 балл);

 

3) информатика ва ахборот технологиялари – 15 та (ҳар бир тўғри жавоб учун – 2,1 балл);

 

4) тегишли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўналишига оид мутахассислик – 5 та (ҳар бир тўғри жавоб учун – 1,1 балл).

 

Илгари математика, геометрия, физика ва информатика фанларидан 50 та савол тузиларди. 

 

Тест саволларини ечиш учун, илгаригидек, 2 соат вақт берилади.

 

Белгиланишича, кириш имтиҳони соат 9:30 да бошланади. Соат 9:20 дан кейин имтиҳон ўтказиладиган аудиторияда бўлмаган номзодлар учун қўшимча имтиҳон ўтказилмайди. Шунингдек кириш имтиҳонини қайта топширишга рухсат берилмайди.

 

Кириш имтиҳони натижалари 3 кун (илгари – 5 кун) ичида эълон қилинади. Тест синовлари натижалари Марказнинг эълонлар тахтасига осиб қўйилади ва Марказнинг сайтига жойлаштирилади.

 

Белгиланишича, Марказда ўқитиш бошланган кундан бошлаб 10 кун ичида ўқиш истаги бўлмаган ўқувчи ариза билан мурожаат қилганда, унинг ўрнига ўқишга қабул қилинадиган номзодлар чизиғининг пастки қисмида энг юқори балл тўплаган номзод қабул қилинади.

 

Ҳужжатга кўра, ўқитиш жараёни 6 ойгача Марказда назарий ва амалий дарсларни ҳамда 4 ойгача ишлаб чиқариш амалиётини ўз ичига олади. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун жорий, оралиқ ва якуний назорат ўтказилади ҳамда улар «5» баллик тизим асосида баҳоланади.

 

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 270-сон ва 2015 йил 15 майдаги 122-сон Қарорларига биноан Марказ ўқувчиларига бепул ўқиш даврида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига 1 ЭКИҲ миқдорида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга стипендия тўланади.

 

Марказнинг одоб-ахлоқ қоидаларини мунтазам равишда бузган ёки ўқув дастурини ўз вақтида ўзлаштирмаган ёхуд узрсиз сабабларга кўра 36 соатдан ортиқ дарс қолдирган ўқувчилар ўқувчилар сафидан чиқарилади.

 

Якуний имтиҳон ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти тугагандан сўнг 15 кун ичида ўтказилади. Унга ўқув дастурини ўзлаштирган ўқувчилар қўйилади. Якуний имтиҳон билетида 1 та назарий савол ва 2 та касбий амалий топшириқ берилади.

 

Имтиҳон саволлари ва касбий амалий топшириқлар у бошланишидан 2 ой олдин Марказнинг сайтига жойлаштирилади.

 

Якуний имтиҳонни ўтказиш жадвали у бошланишидан камида 15 кун олдин эълонлар тахтасига осиб қўйилади.

 

Якуний имтиҳон натижалари у якунлангандан сўнг ўқувчиларга эълон қилинади. Якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтган (ўртача арифметик балли «3» ва ундан юқори бўлган) ўқувчиларга тегишли намунадаги диплом берилади.

 

Якуний имтиҳондан ўтмаган ўқувчиларга имтиҳонни бир марта қайта топшириш имконияти берилади. Шунингдек якуний имтиҳонга узрли сабабларга кўра келмаган ўқувчилар 1 йил давомида ўтказиладиган навбатдаги якуний имтиҳонга келиш ва уни топшириш ҳуқуқига эга.

 

Кириш ва якуний имтиҳонлар натижаларидан норози бўлган шахслар улар эълон қилинган вақтдан бошлаб 24 соат давомида апелляция бериши мумкин. Ўз навбатида, апелляция комиссияси уни 24 соат ичида кўриб чиқиши лозим.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 27 февралда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.


 

__________

* Тошкент шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш маркази Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 13 августдаги 170-сон Қарорига мувофиқ Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) грант маблағлари ҳисобига ташкил этилган ва 100 ўринли ётоқхона билан 360 ўқувчига мўлжалланган.

** Самарқанд шаҳридаги Касб-ҳунарга ўқитиш маркази Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 майдаги 122-сон Қарорига асосан Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобига тузилган ва 60 ўринли ётоқхона билан 240 ўқувчига мўлжалланган.

*** Тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўналишлари - автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, машинасозлик ишлаб чиқариши, пайвандлаш ва чилангарлик ишлари, электр ва электроника, ахборот технологиялари.

 

 

 

kadrovik.uz

Валюталар курси

2024-05-17
  • USD:12720.00 (+0.00) сум
  • EUR:13827.91 (+0.00) сум
  • RUB:140.04 (+0.00) сум