Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Шартномада неустойка: жарима ёки пеня

14.12.2015

 

Юридик шахсларнинг хўжалик-шартномавий амалиётида шундай вазиятлар бўладики, бунда харидор олди-сотди шартномаси бўйича топширилган товар учун сотувчига ўз вақтида ёки бутунлай тўловни амалга оширмайди, пудратчи қурилиш ишларини муддатида бажармайди, буюртмачи ижрочига реклама материалларини топширишга кечикади ва ҳ.к.

 

 

Келтирилган ҳолатларни Фуқаролик кодекси (ФК) томонлардан бирининг ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган деб белгилайди.


Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик шартномавий ҳамда шартномадан ташқари мажбуриятларни бузганлик учун вужудга келади. Бу материалда биз фақат шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларга қўлланиладиган фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликни кўриб чиқамиз.

 

Мажбуриятларни бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганликни фарқлаб олишимиз лозим. Бажармаганлик шартнома шартларини (масалан, бутунлай тўловни амалга оширмаслик ёки етказиб берилган товар учун тўловдан бош тортиш ёхуд ишларни бажаришга рад этиш ва ҳ.к.) тўлиқ бажармасликни билдиради. Лозим даражада бажармаганлик мажбуриятларни шартнома шартлари ва қонунчилик талабларига, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса - иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга номувофиқ бажаришни билдиради. Масалан, тўловни тўлиқ амалга оширмаслик, номувофиқ сифат ва ассортиментдаги товарни етказиб бериш, шартномада кўзда тутилганидан кам ҳажмда ишларни бажариш ва б. (ФКнинг 236-моддаси).

 

Кўрсатилган фарқларни билиш ва тушуниш неустойка институтини мажбуриятларни таъминлаш усулларидан бири, шунингдек фуқаролик қонунчилигида кўзда тутилган мулкий жавобгарлик чораси сифатида қўллаш моҳиятини аниқлаб олиш учун муҳим.

 

ФКнинг 260-моддаси биринчи қисмига биноан қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади.

 

Унга қуйидаги асосий талаблар қўйилади:

 

–неустойка тўлаш ҳақидаги талаб бўйича кредитор ўзига етказилган зарарни, талофатнинг миқдори ва олинмаган даромадлар суммасини исботлашга мажбур эмас (ФКнинг 260-моддаси биринчи қисми). У ўзига шартномавий мажбуриятлар олган тараф томонидан мажбуриятларни бузилиши сабабли тўланиши лозим;

 

–неустойка тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиши керак (ФКнинг 262-моддаси).  Фақат мазкур ҳолатда жабрланувчи томон уни тўланишини талаб қила олади. Битимнинг ёзма шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига сабаб бўлади (ФКнинг 115-моддаси);

 

–неустойка билан фақат ҳақиқий талаб таъминланади. Бошқача айтганда, агар ФКнинг 260-моддаси билан кўзда тутилган унинг вужудга келиши учун асос бўлмаса, уни тўлашни талаб қилиш мумкин эмас. Шунинг учун неустойкани қўллаш учун қарздор томонидан мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик факти  бўлиши керак;

 

–агар қарздор мажбурият бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмаса, кредитор неустойка тўлашни талаб қилишга ҳақли эмас. Агар шартноманинг бажарилиши учун кредиторнинг ўзи ёки учинчи шахс жавоб берса, бундай вазиятнинг эҳтимоли мавжуд. Мисол учун, буюртмачи пудратчини материал, ускуналар билан таъминламаганда (ФКнинг 644-моддаси) ёки  ижарага олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ижарага берувчининг розилиги билан топширишни кўзда тутадиган ижарага олинган мол-мулкни учинчи шахсга қайта ижарага берганда, талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечганда (ФКнинг 23 боби) ўзининг муқобил мажбуриятларини бажармайди.

 

ФКнинг  260- ва 263-моддаларидан келиб чиқадики, неустойка томонларнинг келишувида (шартномавий неустойка), ёхуд қонунда (қонуний неустойка) кўзда тутилган бўлиши мумкин. Биринчисига мувофиқ равишда неустойканинг мажбурий ёзма шакли тўғрисидаги қоида амал қилади. Неустойканинг миқдори ва ундириш шартлари, уни тўлаш мажбурияти томонлар келишувида кўзда тутилишидан қатъи назар қонунда белгиланган неустойка қонуний ҳисобланади. Инчунун, 1998 йил 29 августдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида” Қонуннинг 24-моддаси иккинчи қисмига асосан агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, хўжалик шартномаларини бажармаганлик ва лозим даражада бажармаганлик учун ушбу Қонуннинг 25-32-моддаларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилади. Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, томонлар ўз келишувларида қонуний неустойканинг анча юқори миқдорини кўзда тутишлари мумкин.

 

ФКнинг 261-моддаси биринчи қисмига мувофиқ неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.

 

Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади (ФКнинг 261-моддаси иккинчи қисми).

 

Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади (261-модданинг учинчи қисми).

 

Жарима ва пеня ўртасидаги фарқ қуйидагилардан иборат:

 

–қўлланиш асосига кўра: жарима мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик ҳолатларида тўланади, пеня эса лозим даражада бажармаганлик (мажбуриятларни бажариш муддатларини ўтказиб юборганда) ҳолатларида тўланади;

 

–ҳисоблаб чиқариш услуби бўйича: жарима, қоидага кўра, қатъий пул суммасида, пеня эса ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисоблаб чиқарилади.

 

Пеня ва жарималарнинг ҳисобланиши мажбуриятни бажариш муддати тугаган куннинг эртасидан, бундай муддат белгиланмаган ҳолларда эса, кредитор томонидан мажбуриятларни бажариш талаб қилинган кундан етти кунлик муддат ўтиши билан бошланади (Олий хўжалик суди Пленумининг 15.06.2007 йилдаги 163-сон “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари  ҳақида” қарорининг 16-банди).

 

ФК айнан битта шартнома шартларининг бузилиши учун жарима ва пеня қўллашни тақиқламайди. Бироқ эътиборга олиш жоизки, суд амалиётида уларни бир вақтда ундиришга чеклов мавжуд. Инчунун, ОХСнинг 163-сон қарори 3-бандига биноан “агар шартномада айнан битта мажбуриятнинг бузилиши учун неустойкани ҳам жарима, ҳам пеня кўринишида тўлаш назарда тутилган бўлса, судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, қонунчиликда бошқача ҳоллар назарда тутилмаган бўлса, даъвогар фақатгина бир шаклдаги неустойка қўллашни талаб қилишга ҳақли”.

 

Шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, ФКнинг 326-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳолатларда суд неустойка миқдорини пасайтириши мумкин:

 

–агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса;

 

–қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олган ҳолда.

 

Бундан ташқари, суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга (ФКнинг 326-моддаси иккинчи қисми).

 

Шу билан бирга суд тартибида ундирилиши лозим бўлган неустойканинг энг кам миқдори ФКнинг 327-моддасида кўзда тутилган фоиз миқдорларидан, яъни бошқаларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлардан кам бўлиши керак эмас.

 

Юқорида қайд қилинганидек,  неустойка мажбуриятларни таъминлаш чорасидан ташқари мулкий жавобгарлик чораси ҳам ҳисобланади.

 

ФКнинг 324-моддасида қайд қилинишича, “қарздор мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредиторга етказилган зарарни тўлаши шарт”. ФКнинг 14-моддаси иккинчи қисмига биноан зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади.

 

Ушбу нормадан келиб чиқиб, зарарларни ундириш шартномавий мажбуриятлар бўйича жавобгарликнинг умумий шакли ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг универсал усули бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун неустойкани мулкий жавобгарлик чораси сифатида қўллаш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари сифатида неустойка ва зарарларнинг фарқини аниқлаб олиш зарурати неустойка ва зарарларнинг ўзаро нисбатини аниқлаш заруратини шартлайди. Бу ўзаро нисбат ФКнинг 325-моддасида белгиланган. Умумий қоидага кўра, улар бир вақтда қўлланганда зарарнинг неустойка билан қопланмаган қисми тўланади (ФКнинг 325-моддаси биринчи қисми). Бунда қайд қилиш муҳимки, қуйидаги ҳолларда қонун ёки шартнома билан неустойка ва зарарларнинг бошқа ўзаро нисбати белгиланиши мумкин:

 

зарарлар эмас, балки фақат неустойка ундирилганда;

 

зарарлар неустойкадан ташқари тўлиқ суммадан ундирилиши мумкин бўлганда;

 

кредиторнинг танлашига кўра неустойка ёки зарарлар ундирилганда.

 

 

Пировардида қайд қилишни хоҳлардикки, ФК ва мавжуд шартномавий неустойка белгилаш амалиёти шартнома (битим) томонларига диспозитив, яъни уларнинг хоҳишига кўра пеня ва жарима қўллаш тартиби ва миқдорларини тартибга солиш усулини тақиқламайди. Бу ҳолатларда ҳуқуқи бузилган томон мустақил равишда неустойка ундириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли, шу жумладан суд тартибида.

 

 

 

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

 

 

Мавзу бўйича материаллар:

 

Мажбуриятларни таъминлаш чораси сифатида мол-мулкни ушлаб қолиш

 

Якка тартибдаги тадбиркорнинг банк картаси: чеклов, бироқ

 

Иштирокчи келди, иштирокчи кетди...

Курс валют

2016-11-29
  • USD:3176.16 (+18.66) сум
  • EUR:3450.86 (+0.97) сум
  • RUB:49.15 (+0.65) сум

Вопрос недели

Подходит ли работа в Ташкенте жителю Ташобласти?
Я прописан и проживаю в Кибрайском районе Ташкентской области, в настоящее время не имею постоянной работы. Говорят, что если зарегистрироваться на бирже труда, то мне должны предложить «подходящую» работу. Смогу ли я таким образом получить работу, например, в Мирзо-Улугбекском районе города Ташкента, до которого мне 5 минут езды? Что вообще означает термин «подходящая» работа?
01.12.16
Просмотры: 656