Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак правильно составить отчет комиссионера План главбуха на май 2024 года Часто допускаемые ошибки при составлении исков Перечни видов деятельности, для которых требуются лицензия, разрешение или уведомление

1 июндан нималар кучга киради

01.06.2020

Читать на русском языке

 

Инқирозга қарши курашиш бўйича янги чора-тадбирлар, акциз ставкалари, ғаллачиликка субсидиялар, лицензиялаш қоидаларига, биржа савдоларига киритилган ўзгартиришлар ва бошқа янгиликлар материалимизда жамланган.   

 

Бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш янада оширилади

 

Президент томонидан 18 май куни инқирозга қарши навбатдаги чора-тадбирлар тасдиқланди. Улар талайгина. Ушбу чора-тадбирлар 1 июндан бошлаб амал қилади:

 

а) якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек қуйидагилар 1 сентябргача бўлган даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади:

  • бозорлар ва савдо комплекслари;
  • кинотеатрлар;
  • умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари;
  • спорт-соғломлаштириш муассасалари;
  • йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар;

 

б) 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони қўшимча 10%га оширилади.

 

Туризм: қайта тиклаш ва имтиёзлар

 

1 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда ички туризм қайта йўлга қўйилади. Бу билан туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда соҳадаги бошқа ташкилотлар ўз фаолиятини бошлайди. Улар белгиланган санитария-гигиена нормалари ва талабларига қатъий риоя қилиши шарт.

 

Пандемиянинг салбий таъсири оқибатлари ушбу соҳани ҳам четлаб ўтмади, шу боис давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда:

 

а) 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкаси 50%га камайтирилади ва 7,5%ни ташкил этади;

 

б) қуйидагиларга 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратилади:

  • туроператорларга – 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
  • жойлаштириш воситаларига – ҳар бир ётоқ ўрни учун 5 БҲМ миқдорида;

 

в) қуйидагиларга грантлар ажратилади:

  • ҳудудларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига – лойиҳа қийматининг 30%и, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмлан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун – 5 млн сўм, туроператорларга – 10 млн сўм миқдорида;

 

г) жойлаштириш воситаларини қуриш учун туризм соҳаси субъектларига аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда фоиз харажатларининг МБ асосий ставкадан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади;

 

д) 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар – айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади;

 

е) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10%и миқдорида жойлаштириш воситалари субсидияланади.

 

Импорт қилинадиган тамакига акциз солиғи

 

1 июндан бошлаб акциз солиғининг янги ставкалари жорий этилади. Мамлакатимизга импорт қилинадиган қуйидаги маҳсулотларга янги ставкалар бўйича солиқ солинади:

  • чилим учун тамаки (240311 0000), чекиладиган (2403191000), чайналадиган, ҳидланадиган ва шимиладиган (2403991000) – $25/кг;
  • қиздириладиган тамаки маҳсулотлари: қиздириладиган тамакили палочка, қиздириладиган тамакили капсула ва бошқалар (2403999009) – $25/кг;
  • никотинли тамакисиз снюс (2403999009) – $10/кг;
  • электрон сигареталар учун  фойдаланиладиган картрижлар, резервуарлар ва бошқа контейнерларга солинган таркибида никотин мавжуд суюқликлар (3824999300, 3824999608) – $0,045/мл.

Лицензия олиш тартиб-таомили соддалаштирилади

 

1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектларига қуйидаги сабабларга кўра лицензия ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни бериш рад этилмайди:

  • тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурлардаги кадрларнинг касбий малакаси қонун ҳужжатларда белгиланган талабларга номувофиқлиги;
  • бинолар ва хоналарнинг санитария-эпидемиология талабларига ва ёнғин хавфсизлиги талабларига номувофиқлиги.

 

Ваколатли органлар тадбиркорга малакали кадрларни излаб топишда, ҳужжатлар ва дастурларни маромига етказиб ишлаб чиқиш учун мутахассисларни жалб этишда, барча зарур шарт-шароитларни яратишда кўмаклашишлари лозим. Талабгор таклиф этилган ёрдамни рад этишга ҳақлидир.

 

Металл прокати: ҳар бир тўпига – сертификат

 

2020 йил 1 июндан бошлаб:

 

а) сотилаётган ва ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган металл прокатининг ҳар бир тўпига сифат тўғрисидаги ҳужжат илова қилиниши керак. У ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи томонидан синовларнинг ижобий натижалари асосида расмийлаштирилади. Бунда ишлаб чиқарувчиларда ишлаб чиқариш лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда, у бошқа синов лабораторияларига мурожаат қилиши мумкин бўлади;

 

б) импорт қилинган ва маҳаллий ишлаб чиқарилган қуйидаги маҳсулотлар мажбурий тартибда сертификатланади:

  • прокатка, штамповка, кесиш усули билан легирланмаган пўлатдан тайёрланган, икки томонлама рухли қопламали томбоп металл черепица (гофрланган) ва листли рухланган пўлат прокатдан тайёрланган томбоп элементлар – фурнитура, аксессуарлар ва ясси прокатдан тайёрланган том учун бутловчилар (ТИФ ТН коди 7308 90 590 0);
  • изоляцияловчи тўлдирувчили гофрланган (қовурғасимон) листдан тайёрланган - икки деворли панеллар ҳамда деворбоп ва томбоп сэндвич-панеллар (ТИФ ТН коди 7308 90 510 0); 

 

в) марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашда фақат сертификатлаштирилган қурилиш учун мўлжалланган металл маҳсулотлари қўлланилади. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идоралар ҳузуридаги буюртмачи хизматлари жавобгар бўладилар;

 

г) индукцион печлардан фойдаланган ҳолда тайёрланган қурилиш учун мўлжалланган металл прокатини ишлаб чиқариш ва қўллаш тақиқланади.

 

Ғаллачиликка – субсидиялар

 

2020 йил 1 июндан бошлаб ғаллачилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар жорий этилади:

 

1 – фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги ставкалардан (шундан банк маржаси 2%) ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади:

  • ғалла ялпи ҳосили умумий қийматининг 40%игача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10%;
  • 50%игача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 12%.

 

Қарз олувчилар агротехник тадбирларни ўтказиш хусусиятларидан келиб чиқиб, кредит маблағларидан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди. Ғаллачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларининг ғалла етиштириш билан боғлиқ харажатларини бўнаклаш пул маблағлари шаклида амалга оширилади. Кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;

 

2 – мулкчилик шаклидан қатъи назар, фақат донни қайта ишловчи корхоналар ҳамда донни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ғаллачилик кластерлари томонидан республикада етиштирилган ғаллани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан тижорат кредитлари ажратилади. 12 ой муддатгача 50 млрд сўмгача миқдорда кредит берилади. Фоиз харажатларини қисман қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қуйидаги тартибда берилади:

  • миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг МБ асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига;
  • хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича банк томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30%игача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда.

 

Тижорат кредити этиб қайта номланган биринчи банддаги кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация берилмайди. Ҳукуматга МБнинг асосий ставкаси ўзгарган ҳолларда, Жамғармадан ажратилаётган кредитлар фоиз ставкаларига, банк маржасига ҳамда компенсация миқдорига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

 

Биржада – янги талаблар

 

Биржа савдоларида 1 июндан бошлаб:

  • товар сегментлари бўйича биржа савдолари маҳсулотнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб ва биржа аъзоларига фойдаланиш ҳуқуқини берган ҳолда алоҳида секцияларда ўтказилади;
  • маҳсулотни секция тамойили бўйича сотишни ҳисобга олган ҳолда, юридик шахслар биржа аъзолари сифатида аккредитациядан ўтказилади. Брокерлик ўринларини биржанинг расмий веб-сайти орқали тақдим этиш бўйича шаффоф механизм жорий этилмоқда;
  • фаолият кўрсатувчи биржа аъзоларининг малака даражасини биржа савдолари қоидалари талабларига мувофиқлиги ҳар 3 йилда тасдиқланади.

 

Жамоат жойларида – фитобарлар

 

1 июндан бошлаб қуйидагиларда фитобарлар ташкил этилади:

  • тиббиёт муассасаларида, шу жумладан оилавий поликлиникаларда ва қишлоқ врачлик пунктларида (овулларда);
  • барча вазирлик ва идораларда;
  • И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ва маҳаллий аэропортларда;
  • барча турдаги авто- ва темир йўл вокзалларида;
  • бозорларда;
  • санаторий-курорт муассасаларида ва одамлар гавжум бўладиган жойларда.

 

Мактаб ва олий ўқув юртларида 2020/2021 ўқув йилидан фитобарлар очилади.

 

Олег Заманов.



 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-26
  • USD:12640.21 (+0.00) сум
  • EUR:13559.15 (+0.00) сум
  • RUB:137.02 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах