Norma экспертлар – солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар, бош бухгалтерлар ўртасида сўров ўтказди. Улар турли хил тавсия бердилар, бироқ бир масалада фикрлари якдил – нархларни ўзгартиришдан аввал ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Эҳтимол, бозорда кўпроқ улушга эга бўлиш ва кўпроқ пул ишлаш учун нархларни оширган эмас, балки туширган фойдалироқдир.
Олег Даминов, Baker Tilly Tashkent аудиторлик ташкилоти бошқаруви раиси.
Мазкур масала юзасидан қарор қабул қилишдан аввал корхона унинг эҳтимолий оқибатларини чўтга солиб кўриши керак.
Етказиб берувчилардан ҚҚС билан олган хом ашё, материаллар, энергия ресурслари ва бошқалардан фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқарсангиз, мазкур солиқни тўлашга ўтганда корхонангиз ушбу ҚҚСни ҳисобга олиш имконига эга бўлади. Тегишинча, материаллар қиймати ҚҚСни ўз ичига олмайди (ЯСТ тўлашда бўлганидек), материаллар таннархи пасаяди, бу эса маҳсулот таннархини камайтиради. Бунда маҳсулотнинг ҚҚС билан реализация қилиниши нархга сезиларсиз таъсир кўрсатиши мумкин.
Шуни ҳам назарда тутиш лозимки, рақобат кучли бўлган ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаётган, маҳсулотни 15–20% маржа билан реализация қилишга мажбур бўлган корхоналар нархни оширмай туриб ҚҚСни маҳсулот нархига киритсалар, ҚҚСсиз нарх таннархдан паст бўлиб чиқиши мумкин. Бу, ўз навбатида, тегишли солиқ оқибатларини юзага келтиради.
Ўз фаолиятида асосан инсон ресурсларига таянадиган корхоналар (консалтинг, аудиторлик корхоналари, IT-компаниялар, мол-мулкни ижарага бериш хизматлари ва ҳ.к.) учун кирувчи ҚҚС деярли бўлмайди ёки арзимас миқдорни ташкил этади. Даромад даражасини аввалгидек сақлаб қолиш учун бундай корхоналар хизматлар нархини оширишга мажбур бўлсалар керак.
Татьяна Белоусова, солиқ маслаҳатчиси, «Norma» МЧЖ экспертлар гуруҳи раҳбари.
2019 йилда нархни ўзгартиришдан аввал Солиқ кодексидаги ўзгартиришлар ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда уни ҳисоблаб кўриш лозим.
2019 йилда товар (ишлар, хизматлар) таннархи 2018 йилги таннархдан фарқ қилади. Биринчидан, етказиб берувчиларнинг бир қисми ҚҚС тўловчисига айланади. Агар ҚҚС тўловчиси бўлган етказиб берувчи ўша нархни қолдирса ёки уни 20%гача оширса, кирувчи ҚҚСни ҳисобга олганингиз сабабли харид қилинган товар таннархи камаяди.
Ўз маҳсулотингиз (товарингиз) нархини шакллантираётганда, агар сизда солиқ солиш объектлари мавжуд бўлса, ресурс солиқларини ҳисобга олишингиз керак бўлади. Ресурс солиқлари харажатларингизни оширади, демак, фойдани камайтиради.
Нархнинг индексацияланиши харидорингизга қандай таъсир кўрсатишини ҳам баҳолашингиз зарур. У ҚҚС тўловчиси бўлса, сиз тақдим этаётган ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин бўлади, уни тўламаса – у фойдасини камайтиради. Ва ниҳоят, кўп нарса маҳсулотингиз бозори ҳолатига боғлиқ. ҚҚС тўловчиси бўлмаган рақиблар мавжуд бўлса, агар унинг қийматини 20%га оширсангиз, маҳсулотингиз рақобатга дош бера олмайди.
Шу тариқа, ҳар бир аниқ ҳолатда ҳар битта маҳсулот юзасидан барча омилларни инобатга олган ҳолда алоҳида ҳисоб-китоб қилиш лозим. Эҳтимол, нархни оширишингизга ҳожат бўлмас, баъзи ҳолларда эса харидорларингизни ушлаб қолиш ниятида уни пасайтиришингизга ёки ўзгартиришсиз қолдиришингизга тўғри келар.
Татьяна Шалунова, 17 йиллик тажрибага эга аудитор ва солиқ маслаҳатчиси, Profi Training бизнес-мактаби директори.
Бу саволга бир хил жавоб беришнинг иложи йўқ. Билвосита солиқларни харидор тўлаши ҳақидаги тезис – соф бухгалтерлик тезиси. Зеро, охир-оқибат, барча солиқларни айнан пировард харидор тўлайди. ҚҚС ҳам шу нуқтаи назардан бошқа солиқлардан фарқ қилмайди. Шу сабабли 1 январдан нархларни оширишдан аввал ҚҚС бизнесингизга қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилиб кўринг. Биринчи навбатда – компания амалга ошираётган фаолиятдан келиб чиқиб, солиқ ҳисобга олинганда қилинадиган харажатлар тузилмасини ўрганинг. ҚҚСнинг катта улуши ҳисобга олиш билан қопланиши, қўшилган қийматнинг 20%инигина ошириш зарур бўлиши мумкин. Масалан, компания олинган харажатларга ўзининг 50%ини қўшади, унга меҳнатга сарф-харажатлар ва фойда киради. Бу ҳолда компаниянгиздан ундириладиган солиқ, агар уни харидор зиммасига юклай олмасангиз, атиги 10%ни (50 х 20%) ташкил этади. Шу тариқа, ҚҚС тўловчилари рақобатбардошлилигини сақлаб қолиш ниятида ушбу солиқни тўлайдиган худди шундай компаниялар билан ишлагани фойдалироқ бўлади.
Товарингизга талаб ва таклиф ўзгариши нисбатини ҳам инобатга олинг. Солиқ юкининг сотувчи билан харидор ўртасида тақсимланиши шунга боғлиқ. Аслида талаб қанчалик ўзгармаса, нархни ошириш ёрдамида одатий рентабелликни сақлаб қолган ҳолда шунча кўп солиқни харидор зиммасига юклаш мумкин бўлади.
Надежда Гушчина, «DE-HAOZ PRINT» МЧЖ бош бухгалтери.
1.01.2019 йилдан ҚҚС тўлашга ўтиш нархларни худди шу нисбатда (20%га) ошириш кераклигини англатмайди. ҚҚСнинг тўланиши харажатлар ошишига олиб келади. Харидорга ҳисобланган ҚҚС билан етказиб берувчига тўланган солиқ ўртасидаги фарқни бюджетга тўлаш керак бўлади. Бунда иккита асосий вариант бўлиши мумкин:
1. Харидорингиз – ҚҚС тўловчиси, у товарингиз нархи ошишига умуман олганда рози бўлади. Бу ҳолда фойдангизни сақлаб қолиш учун таннарх тузилмаси ва «кирувчи» ҚҚС мавжудлигига қараб нархларни 5–10 фоизга оширишингизнинг ўзи кифоя қилади.
2. Харидорингиз – ҚҚС тўловчиси эмас. Бунда фойдани сақлаб қолиш учун сиз қўшган қийматдан ушлаб қолинадиган қисмнинг нархини оширишингизга тўғри келади.
Бунда ҚҚС жорий этилгунга қадар бозорда талаб ва таклиф ўртасида мавжуд бўлган мувозанат нуқтаси (яъни муайян нархдаги муайян маҳсулот ҳажмини) нархлар ошгани сабабли камроқ ҳажм сотилиши томон силжийди. Сотувчи маҳсулотнинг 1 бирлиги учун худди ўша тушумни олади, сотишдан умумий даромад эса қисқаради. Рақобат ҳукм сурган бозор шароитида сотувчилар дастлабки сотиш ҳажмини сақлаб қолишга уринадилар. Бунга эса нархни минимал даражада ўзгартирганда эришиш мумкин. Бироқ рақобат ҳукм сурмайдиган бозор шароитида талаб кам томонга ўзгармайди, бу сотувчиларга нархларни 20%га ҳам ошириш имконини беради.
Игорь Аипкин, «Norma» МЧЖ эксперти.
САР/CIPA халқаро сертификатлари ва DipIFR дипломи соҳиби, солиқ ва бухгалтерия қонунчилиги масалалари бўйича маслаҳатчи, бухгалтерия ва аудиторлик соҳасида катта тажрибага эга.
Биринчи навбатда ҳар қандай қарор, айниқса нарх белгилаш сингари муҳим қарор битта рақам ва ушбу рақам юзага келтирган ҳис-ҳаяжонга асосланиб эмас, фақат аниқ ҳисоб-китобларга асосланиб қабул қилиниши керак.
Бу саволга бериладиган жавоб кўп омилларга боғлиқ. Товар ёки хизматларингизга талаб тез-тез ўзгариб турадими? Илгари даромадингизнинг қанча қисмини оборотдан солиқ (ЯСТ) сифатида тўлагансиз? Мисол учун, ЯСТни 5%лик ставкада тўлаган бўлсангиз, даромаднинг 100%ига ҚҚС ҳисоблашдан маъни йўқ, агар қоладиган 95%га 20% қўшилса, аввалгиси билан солиштирганда нарх фақат 14%га ошади (95 х 1,2 = 114). Ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ юкингиз қанча бўлади? Қанча ҚҚСни ҳисобга оласиз? Ушбу барча жавоблардан аниқ молиявий модель шаклланганидан кейингина нархни қанча фоизга ошириш кераклигини айтиш мумкин бўлади. Баъзи корхоналар 5% оширишларининг ўзи етарли бўлади, бошқалар нархларни анчагина оширишларига тўғри келади.
Светлана Голосова, «TRI-S-Audit» аудиторлик ташкилоти директори.
Саволга бир хил жавоб бериб бўлмайди. ҚҚСга ўтаётган корхоналар нархида кирувчи ҚҚС «ўтирганини» унутмаслик лозим. Солиқ кодекси тўловчиларга бюджетга тўланадиган солиқ суммасини аниқлаш чоғида уни ҳисобга олиш имконини беради. Шу сабабли фойдани сақлаб қолиш учун аввал етказиб берувчиларга тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш лозим. Тегишинча, фойданинг белгиланган нормаси мавжуд бўлганда ва товарлар (ишлар, хизматлар) қиймати ҚҚС суммасига ошганда якуний нарх ошиши мумкин, бироқ 20%га эмас.
Фойдани қўлдан бой бермаслик учун ҚҚС тўловчилари ушбу солиқни тўлайдиган етказиб берувчилар билангина ишлайдилар. 105 сўмдан сотиб олган фойдалироқми ёки 120 сўмгами, деган оддий саволга жавоб энди сотувчилар ҚҚС тўловчиси ҳисобланиш-ҳисобланмаслигига боғлиқ. Уни тўламайдиган шахс арзонроқ нархда берса, товарни юқорироқ нархда, бироқ ҚҚС билан сотиб олган фойдалироқ бўлади. Кейин солиқни ҳисобга олиш мумкин бўлади, ана шунда товар арзонроққа тушади.
Ирина Подольская, 20 йилдан ортиқ стажга эга солиқ маслаҳатчиси.
ҚҚСнинг жорий этилиши нарх автоматик равишда 20%га оширилишини англатмайди. Ҳа, нарх ошади. Бироқ ошиш фоизи сиз реализация қиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархида ҳисобга олинадиган жами харажатларда (таннарх ва давр харажатларида) ҚҚС билан сотиб олинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) улуши қанчалигига боғлиқ.
ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаган пайтингизда ушбу жами харажатлар худди шундай маҳсулотни реализация қилувчи ҚҚС тўловчисиникидан доим юқори бўлади. Ўз фаолиятингиз учун харид қилган барча нарсалар ҚҚС суммасини ўз ичига олган (етказиб берувчилар – ҚҚС тўловчилар бўлса) қиймат бўйича кирим қилинган (ёки харажатларга ҳисобдан чиқарилган).
ҚҚС тўлашга ўтишингиз билан сиз харид қилган товарлар (ишлар, хизматлар) нархида етказиб берувчига тўланган солиқ – кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли бўласиз. Яъни реализация бўйича оборотларингиздан бюджетга тўланиши лозим бўлган суммани ушбу кирувчи солиқ суммасига камайтира оласиз.
Нархнинг арзимас даражада оширилиши ҳам бизнесингизга таъсир кўрсатишга қодир бўлса, тўланадиган ҚҚС суммаси, аввалги нарх ўзгармаса ҳам, корхона фойдасини камайтиради. Бу ҳолда аралаш ечимни излаш керак. Масалан, нарх бироз ошганда (ҚҚС тўлашга чиқимларни тўлиқ қопламаган ҳолда) режалаштирилаётган фойдани бирмунча пасайтириш даркор. Бундан ташқари, энди ЯСТ бўйича харажат қилмаслигингизни ҳам ижобий далил сифатида инобатга олишингиз лозим. Тўғри, фойда солиғи юзага келади, бироқ унинг суммасини ЯСТ бўйича харажатлар билан қиёслаб бўлмайди (анча кам).
Нархнинг ўзгариши (ошиши), ёхуд амалдаги нархни сақлаб қолганда фойданинг ўзгариши (камайиши)ни жадвалда кўрсатиш мумкин (ҳавола орқали юклаб олинг).
Гўзал Исломова, эксперт.
Ўз харажатларингиз тузилмасини қайта кўриб чиқишни, етказиб берувчиларингизни ўзгартиришни ва ҚҚСнинг умумий занжирига «қўшилишга» уринишни истамасангиз, ҳа.
Барча кирувчи етказиб берувчиларни бирма-бир қайта кўриб чиқишни, таҳлилдан сўнг улгуржи етказиб берувчиларнинг аксарияти ҚҚС тўловчиси бўлишини англаб етсангиз, йўқ. ҚҚС тўламаслик учун «майдалашадиган» етказиб берувчилар бор бўлса, улар ҳамкор сифатида сизда қизиқиш уйғотмай қўяди.
Турфа хил бизнес юритилади, уларга бир хил ёндашиб бўлмайди, бироқ ёппасига ҚҚСга ўтиш вақти келганлигини англаш лозим. ҚҚС ҳам давлат, ҳам бизнес фойдасига ишлаши учун шартларга риоя этиш – ҚҚС тўловчиларда имтиёзлар бўлмаслиги, ҚҚС тўловчилар сони имкон қадар кўп бўлиши, божхона ва солиқ қўмитаси пухта маъмуриятчилик юритиши зарур.
Истиснолар мавжудми – ҳа, албатта, ҚҚСнинг «узилмас занжири» ғоясига зиён етказмай, айни уларни ҳукумат белгилаши керак.
ҚҚС фақат дастлабки улгуржи харидорда бўлиши мумкин бўлган савдо соҳасида қандай қилиб ҚҚСни ҳисобга «кўтариш» масаласи ўтиш даврида қийинчилик туғдиради. Чакана сотувчининг омбори ва пештахтасидаги ҳамма нарса ҚҚСсиз, демак, ҳисобга оладиган ҳеч нима йўқ. Ушбу масала ечими, биринчи навбатда, пештахталардаги нархлар ошишига таъсир кўрсатади.
Нарх ўзгариши ҳақидаги саволга жавоб бериш учун ҳар ким ўз бизнесини, ўзининг етказиб берувчиларини таҳлил қилиши ва барча имкониятларини чамалаб кўриши даркор. Жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқ камайиши муносабати билан таннарх пасаяди ва пул маблағлари бўшайди, ҳар бир инсофли ва омилкор тадбиркор уларни нархни ушлаб туришга йўналтириши мумкин.
***
Диққат! Умумбелгиланган солиқларнинг 2019 йилдаги фойдага таъсирининг 4 та молиявий модели ва ҳисоб-китоб алгоритмларини БЕПУЛ олишни истасангиз, ҳавола орқали киринг.
P.S. «Norma» профессионал ривожланиш марказида тренинглар ўтказилмоқда, уларда эксперт И. Аипкин умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишда таннарх ҳамда нархни ҳисоблашга доир ўз услубияти билан ўртоқлашмоқда. 6 ва 10 декабрда – соат 14:00 дан; 14, 19 ва 21 декабрда – соат 9:30 дан келишингиз мумкин. Тренингга бу ерда ёзилиш мумкин.