Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Бухгалтерия аутсорсинги: тадбиркор танлайди

16.10.2018

Читать на русском языке

 

Бухгалтерия хизматлари аутсорсинги – ҳозирги урф эмас, бизнес учун амалий ечим. «Venkon Group» МЧЖнинг бухгалтерия хизмати кўрсатиш бўлими бошлиғи Несибели Айтмуратова ушбу бозорни ривожлантириш, ҳисоб юритишни ихтисослаштирилган ташкилотга топширишда нималарни билиш кераклиги ҳақида гапириб берди.

 

– Бухгалтерия хизматлари аутсорсинги – жадал ривожланаётган соҳа. У тез оммалашишига нималар сабабчи бўлаяпти?

 

– Аввало бу – кичик корхоналар ва стартаплар учун мақбул танлов. АҚШ ва кўпгина Европа мамлакатларида кичик бизнес учун бухгалтерия ҳисобини ташкил этишнинг ушбу шакли асосий ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда эса у энди оммалашиб бормоқда.

 

Бухгалтерия хизматлари кўрсатишга ихтисослашган компанияларда бизнес-жараёнларнинг барчаси йўлга қўйилган. Шу сабабли ҳамма иш тез бажарилади, хатога йўл қўйиш эҳтимоли ҳам оз. Аутсорсер ўз мижозига бир вақтнинг ўзида бир нечта мутахассиснинг кўмагини таклиф этади, бу жуда қисқа муддат ичида мураккаб масалаларни ҳал қилиш имконини беради. Ҳисоб юритувчи мутахассиснинг иш сифатини ошириш учун бўлим бошлиғи ва ички назорат аудитори назорат ва текширув олиб боради. Қонунчиликдаги ўзгаришларга тезкор муносабат билдирилиши, ҳуқуқий ва бухгалтерия дастурларининг замонавий пакетлари мавжудлиги ҳам кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширади, ҳисобот тўғри ва ўз вақтида расмийлаштирилиши ва юритилишини кафолатлайди.  

 

Бухгалтерия ҳисобини ўзи юритмайдиган компания штатдаги бухгалтерга сарфланадиган харажатларни тежайди – унга иш ҳақи тўлаш, иш ўрни ва жиҳозлар билан таъминлаш, таътилга чиқиши ва касаллиги муносабати билан ҳақ тўлаш, уни ўқитиш, малакасини ошириш, профессионал дастурлар, кадрларга доир ҳужжатларни юритишига сарф-харажат қилишга ҳожат қолмайди. Бош бухгалтер тўсатдан ишдан бўшаши оқибатида ортиқча овора бўлишига ҳам тўғри келмайди… 

 

Умуман олганда, бухгалтерлар штатини сақлагандан кўра, аутсорсинг компанияси ёрдамида бухгалтерия ҳисобини юритиш анча арзонга тушади. Штатдаги бухгалтер 1,5–2 млн сўмга бажарадиган иш ҳажмини аутсорсинг компанияси 800–900 минг сўмга бажаради. Анча маблағ тежалади. Мижоз бизнесини энди йўлга қўяётган – ҳар бир сўми ҳисобда бўлган пайтда бу жуда муҳим.

 

– Бухгалтерия аутсорсинги хатолардан холи демоқчимисиз?

 

– Штатдаги бухгалтер ишида учрайдиган биронта вазият истисно қилинмайди. Бироқ улар юзага келиши хавфи анча кам бўлиб, тадбиркор бундан кўпроқ ютади. Шартномага кўра бухгалтерия ҳисобини юритиш хизматларини кўрсатувчи ташкилот хизматларни кўрсатиш чоғида хато, камчиликларга йўл қўйганлик, ҳужжатларни йўқотганлик ёки уларга шикаст етказганлик, қонунчиликни билмай туриб бузганлик натижасида етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

 

Буюртмачи хатога йўл қўйилганда эътироз билдириб, етказилган зарар қопланишини талаб қилиши эҳтимоли жуда катта. Штатида бухгалтер бўлгандагидан кўра анча катта. Шу сабабли аутсорсер вазифани бажаришга янада жиддий ёндашади ва юз марта ўлчаб, бир кесади. Бунинг устига, аутсорсинг компанияси нуфузи ҳақида қайғуради, акс ҳолда мижозларини йўқотиб қўйиши мумкин.

 

Тадбиркорларга маслаҳатим. Нохушликларга камроқ тўқнаш келишни истасангиз, аутсорсинг компанияси билан шартнома тузиш чоғида ишни пухта қилинг. Шартномада шубҳали ва сизни таҳликага солаётган барча жиҳатларни албатта қайд этинг.

 

– Жаҳонда бухгалтерия аутсорсинги ривожланиши таҳлил қилинганда, у кўп турдаги хизматларни ўз ичига олишини кўрсатди. Ўзбекистонда қайсилари кўпроқ оммалашган?

 

– Ихтисослаштирилган компания компаниянинг бутун бухгалтерия ҳисобини юритиши, бироқ ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқи буюртмачи, яъни тадбиркорда қолиши назарда тутиладиган хизматларга талаб катта.

 

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси бухгалтерия аутсорсинги ривожланиши учун ҳуқуқий замин яратади. Барча қарорлар ва бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш учун жавобгарлик тадбиркор зиммасида бўлади.  

 

Бизда ҳозирча маслаҳат бериш имкониятидан тўлақонли фойдаланилмайди. Тадбиркорда штатдаги бухгалтерларни назорат қилиш зарурати юзага келганда у аутсорсинг компанияси мутахассисларига мурожаат қилиши мумкин, улар мустақил экспертлар сифатида қонунга кўра барчаси қандай юритилиши кераклигини айтиб ва кўрсатиб берадилар.

 

Хорижда танлаб олинадиган аутсорс оммавий тус олган. Унда аутсорсинг компаниясига бухгалтериянинг айрим функциялари, масалан, иш ҳақини ҳисоблаш, статистика ҳисоботларини тайёрлаш, солиқ идорасига ҳисоботларни топшириш ва ҳ.к. топширилади. Штатдаги бухгалтерни кундалик ишлардан озод қилиб, бизнесни ривожлантириш билан боғлиқ ностандарт вазифаларни ҳал этиши учун шарт-шароит яратиш керак бўлганда бундай имконият айниқса қўл келади.

 

– Аутсорсинг компанияси билан шартнома тузган компанияда бухгалтерия қандай юритилади?

 

– Одатда, бухгалтерия аутсорсинги бўйича шартнома тузган ташкилотларда директор ва бош бухгалтер битта шахс ҳисобланади. У ихтисослаштирилган компания тайёрлаган барча қоғозларни имзолайди.

 

Ҳужжатларни имзолашдан олдин мижознинг вакили уларни кейинчалик қайтариб бериш шарти билан кўриб чиқиш ва имзолаш учун олиб кетади ёхуд муҳр билан келиб, уларни аутсорсинг компанияси офисида кўриб чиқади ва жойнинг ўзида имзолайди.  

 

Бутун йил давомида аутсорсинг компанияси касса дафтарини юритади. Аутсорсинг компанияси дастурида мавжуд бўлган кирим ва чиқим касса ордерлари очилади. Улар қоғозга чиқарилиб, сақланади. Мижоз ҳужжатларни шахсан олиб, тегишли тарзда расмийлаштиради. 

 

Иш ҳақи қайдномалари мижозга электрон кўринишда юборилади, зарурат туғилганда уларни ўзи банкка олиб боради. Бироқ ҳозир кўпгина банкларда «электрон иш ҳақи лойиҳаси» функционали мавжуд бўлиб, у барча ҳужжатларни электрон шаклда банкка топшириш имконини беради.

 

– Тижорат сири бўлган ахборот ошкор қилинмаслигига кафолат борми?

 

– Аутсорсинг компанияси нуфузи ҳақида қайғуради, шу сабабли мижозларининг сирларини ошкор қилиш унга фойда келтирмайди. Шартнома тузиш чоғида мижоз суғурталаниш ниятида йўқотишлар ва ўз манфаатларига зарар етказилишининг олдини олиш учун шартномани бажариш чоғида олинган ҳар қандай ахборотни сир сақлаш ҳақида келишув тузиши мумкин.  

 

Сир сақлашни таъминлаш учун ахборот ошкор этилишини истисно қилувчи ўзаро ҳамкорликнинг турли вариантлари қўлланилиши мумкин. Шартнома тузиш чоғида ахборотдан фойдаланиш усуллари қайд этилади. 

 

Шу ўринда корхонада бухгалтерия ҳисобини қандай ташкил этиш тўғрисидаги қарорни доим тадбиркор қабул қилишини қайд этиб ўтмоқчиман. Унинг корхонасида ишлар қандай юритилишини ўзи белгилайди… Бухгалтерия ҳисобини юритишни аутсорсингга топшириш – энг мақбул ва самарали усулга айланиши мумкин бўлган вариантлардан бири холос. Бу ҳолда аутсорсинг компанияси билан тарафларнинг манфаатларини кўзлайдиган шартнома тузиш муҳим ўрин тутади.




 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-11-13
  • USD:8271.27 (+21.30) сум
  • EUR:9374.66 (--17.93) сум
  • RUB:121.79 (--2.88) сум