Ташкилот штатни қисқартиришни режалаштирмоқда. Шу жумладан – бир нечта бухгалтерлар ишлайдиган молия бошқармасида. Фақат улардан бири ишда қолади. Ушбу омадлини қандай мезонлар бўйича танлашни buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА сўзлаб берди:
- Бундай вазиятда иш берувчи ҳал қилишига тўғри келадиган энг асосий масалалардан бири – ходимлардан ким ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуққа эга эканлигидир. Бу ерда ҳам ўз қоидалари мавжуд. “Маъқул-маъқул эмас” тамойилига амал қилишнинг – имкони йўқ.
МКнинг 103-моддаси штат қисқартирилиши муносабати билан ишдан бўшатишда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимга берилишини буюради.
Малака – бу муайян иш турини бажариш учун зарур касбий тайёргарлик, тажриба, билим ва кўникмалар даражасидир. У маълумоти, малака оширганлиги, касбга қайта тайёрланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, малака тоифалари (разрядлари) ва ҳ.к. бериш тўғрисиидаги комиссиялар баённомаларидан кўчирмалар билан тасдиқланади.
Малака разряди – ходимнинг касбий тайёргарлиги даражасини акс эттирувчи қиймат.
Малака тоифаси, қоидага кўра, иккита кўрсаткични ўз ичига олади: маълумоти ва мутахассислик бўйича иш стажи.
Шу тариқа, малакани баҳолашда қуйидагиларни инобатга олиш лозим:
- маълумоти даражаси;
- синфлик, даражаси, унвони, тоифаси ва ҳ.к.;
- ўз ташаббусига биноан ва иш берувчи йўлланмасига асосан малака оширганлиги;
- бажарадиган ишининг сифати;
- малака даражасига таъсир кўрсатадиган бошқа омиллар.
Меҳнат унумдорлигини баҳолашда қуйидагилар инобатга олинади:
- унинг учун ўрнатилган ишлаб бериш меъёрларининг, иш ҳажминининг ходим томонидан бажарилиши (ошириб бажарилиши);
- натижадорлик;
- меҳнат меъёрлари бажарилмаганлиги муносабати билан интизомий жазолар;
- меҳнат унумдорлигининг бошқа омиллари.
Бинобарин, олий маълумотли ходим эгаллаган лавозими (мутахассислиги, касби) бўйича ўрта махсус маълумотга эга ходим олдида имтиёзли ҳуқуққа эга, олий тоифали ходим эса – биринчи тоифали ходим олдида имтиёзли ҳуқуққа эга.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.