Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Как перейти на налог с оборота Как применить метод зачета НДС, не предусмотренный учетной политикой Малый бухгалтерский глоссарий в картинках. Часть I Как подготовить исковое заявление, чтобы оно не вернулось из суда нерассмотренным

Давлат бюджети қабул қилинди, бир нечта қонун маъқулланди

22.12.2020

Читать на русском языке

18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Сенат мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар муҳокама қилинди.

 

«2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022–2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланди.

 

Асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб бориш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5%дан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган. Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10% атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

 

2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 трлн сўмга ёки ЯИМнинг 25,9%и даражасида прогноз қилинган.

 

2021 йилда Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн сўм ёки ЯИМнинг 21,3%и миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн сўмни, харажатлари эса 40,8 трлн сўмни ташкил этади. Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 трлн сўм маблағ ажратилади.

 

Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 трлн сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 2,6 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 трлн сўм йўналтириш режалаштирилган.

 

Шунингдек мажлис давомида «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан бюджет тизими ва бюджет жараёнини такомиллаштириш чоралари белгиланиши таъкидланди.

 

Ушбу чораларнинг Бюджет кодекси ва МЖТК ҳамда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиш киритиш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

 

Бунда Бюджет кодексига киритилган ўзгартиш билан бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартиби бузилган ҳолларда вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларига жарима қўлланилиши белгиланмоқда.

 

МЖТКга давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси ҳақидаги ҳисоботни тақдим этмаган, бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузган вазирлик ва идоралар раҳбарларига жарима қўллаш бўйича ўзгартишлар киритилмоқда.

 

Мажлисда «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

 

2021 йилда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш орқали солиқлар йиғилувчанлигига эришиш Қонуннинг асосий мақсадидир. Шунга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ва Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

 

Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида тегишли солиқ ставкаларини босқичма-босқич базавий ставкаларга етказишни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда. Ушбу Қонунлар Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.

 

Сенат мажлисида «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама марказида бўлди.

 

Мазкур Қонун Президентнинг 2020 йил 19 сентябрдаги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Фармонга мувофиқ коронавирус пандемияси кутилганидан узоқроқ давом этганлиги, бунинг натижасида қўшимча харажатларнинг юзага келиш муносабати билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатлари 10 трлн сўмдан 13,4 трлн сўмга кўпайтирилган.

 

Шу билан бирга, ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 млрд АҚШ долларигача оширилмоқда.

 

«Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорининг 10 ва ундан ортиқ фоизга ўзгариши ҳам тақдим этилмоқда.

 

Шунингдек 2020 йил учун давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ҳамда уларнинг харажатлари жадвалидаги йил боши ва йил охири қолдиқларига аниқлик киритилмоқда.

 

Парламент юқори палатасининг ўнинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Киото, 1973 йил 18 май, 1999 йил 26 июндаги ўзгартиришлар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.

 

Мазкур Қонун Киото конвенцияси қоидалари асосида Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилиги, тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш орқали мамлакат ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш мақсадларига қаратилган. Киото конвенцияси қоидалари тавсиявий характердаги стандартлар шаклида Жаҳон божхона ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган. МДҲ мамлакатларидан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Украина давлатлари Киото конвенциясига қўшилган.

 

«Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги ва «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тушунчаларга тўлиқ ва аниқ изоҳ берилмаган эди.

 

Қолаверса, амалдаги Қонунда тендер бошланишидан бир ой олдин ОАВда, давлат органи веб-сайтларида эълон қилиниб, манфаатдор шахслар доирасини аниқлаш жараёни назарда тутилган. Айнан шу ҳолат тендер жараёнини аксарият ҳолларда бир ойга кечиктирилишига сабаб бўлаётган эди.

 

Ички амалиёт ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Қонунга «концессия», «махсус лойиҳалаштириш компанияси» ва «талабгор» деган янги тушунчалар киритилиб, уларга тасниф берилмоқда. Бозорнинг ишлаш механизмларига монанд қоидаларини белгилаш мақсадида Қонунда ишлатиладиган бошқа асосий тушунчаларга аниқлик киритилмоқда.

 

Бундан ташқари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ДХШ тўғрисидаги битими доирасида ўз ихтиёрларидаги объектларни аниқлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, шу жумладан чет эл инвесторлари иштирокидаги лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни ва мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича чоралар кўриш ваколатлари берилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенат мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Сўнги йилларда мамлакатимизда миллий ахборот макони ва инфратузилмасини ривожлантиришда сезиларли ислоҳотлар қилиниб, сўз эркинлиги ва ахборот очиқлигини таъминлаш жараёни кескин ўзгарди. Шу билан бирга, ахборот эгаларининг сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилган.

 

Шунга қарамай, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ҳамда жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш ҳоллари тез-тез учраётганлиги таъкидланди.

 

Мазкур Қонун шу масалаларни ҳал этиш, тегишли ҳуқуқий майдонни яратиш вазифаларини мувофиқлаштириш учун ишлаб чиқилган. Қонуннинг мақсади долзарб, ишончли ва жамият учун муҳим бўлган ахборотни эркин тарқатиш жараёнларига кўмак берадиган амалий ҳуқуқий механизмларни яратиш, ОАВ эркинлиги ҳамда журналистларнинг профессионал фаолиятининг ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик ҳимоясини таъминлашдан иборат.

 

Мазкур Қонун билан ёлғон ахборотни тарқатганлик учун юридик жавобгарлик чораларининг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот ҳуқуқларининг ҳимояланиши, коммуникация тизимига долзарб ва ишончли ахборотларнинг киритилиши, жамият хавфсизлиги ва барқарорлигининг таъминланишига кўмак беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун парламент аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

 

Қонун 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тегишли Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Ўзбекистон қонунчилик базасини тизимлаштириш, НҲҲни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек уларнинг ижроси мониторингини такомиллаштириш, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари долзарб масала эканлиги қайд этилди.

 

Янги таҳрирдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилди:

  • қонунчилик ҳужжати лойиҳалари юзасидан ўтказиладиган экспертизалар, жумладан, коррупцияга қарши ва гендер тенгликни таъминлаш экспертизалари ҳамда уларни ўтказиш тартиби;
  • лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилинишининг ҳуқуқий механизми;
  • лойиҳа таъсирини баҳолаш институти киритилиши;
  • ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби;
  • қонун ҳужжатлари ва қонуности ҳужжатларига қуйиладиган асосий талаблар.

 

Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқулладилар.

 

Курс валют

2021-11-30
  • USD:10787.03 (+0.00) сум
  • EUR:12174.24 (+0.00) сум
  • RUB:143.77 (+0.00) сум