Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

E-commerce: қанча тадбиркор хуфия ишламоқда ва уларни очиқ ишлашга қандай жалб этиш мумкин

05.12.2022

Читать на русском языке

Ушбу соҳага бағишланган мақолаларни эълон қилишда давом этамиз. Муаллиф – Ўзбекистон Электрон тижорат уюшмаси раиси, www.mato.uz асосчиси Музаффар Аъзамов.

 

Давоми. Бошланиши бу ерда ва бу ерда.

 

Ўзбекистон электрон савдо майдончаларида (ЭСМ), ҳатто иқтисодиёт кўламини инобатга олганда ҳам, хорижий давлатлар билан солиштирганда сотувчилар жуда оз. Гап шундаки, савдо-сотиқ билан шуғулланувчи кичик ва ўрта бизнес вакилларининг бир қисми хуфия иқтисодиёт соҳасида ишлайди. Онлайн-савдо каналларининг ишга туширилиши эса қонуний тушумлар ошишига, бинобарин, солиқ органлари диққат-эътибор қаратишига, текширувлар, жарималар ва бошқа оқибатларга олиб келади. Кичик бизнес буларнинг баридан қочишга уриниб, яширин иқтисодиёт соҳасига ўтади. 

 

Электрон тижорат ва яширин иқтисодиётнинг ўзаро алоқасини, кейингисининг соҳа ривожига таъсирини аниқлаш қизиқарли. 2022 йил 1 февралда Стратегик ривожланиш агентлиги матбуот котиби М. Ҳасанова яширин иқтисодиёт сектори Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларида 48%дан 62%гачани ташкил этиши ҳақида хабар берди. Ушбу маълумотлар Агентлик халқаро консалтинг компаниялари билан биргаликда ўтказган иқтисодиётнинг бир нечта соҳаси таҳлили натижаларига асосланган. 

 

9.09.2020 йилдаги ДСҚ маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида яширин иқтисодиётда айланма ҳажми 245 трлн сўм, ёки ЯИМнинг 48%ига тенг деб баҳоланади.

 

Кўриб турганингиздек, баҳолар фарқланади, бироқ барча яширин иқтисодиёт улуши камида 48%ни ташкил этади деган фикрда. Шу муносабат билан яширин иқтисодиёт ҳажми 48%га тенг деб ҳисоблашни таклиф қиламан, бу 245 трлн сўмни ташкил этади.

 

Халқаро статистикага мурожаат қилсак, давлат бюджетига солиқлар кўринишида қанча маблағ келиб тушмаётганини ҳисоблаш қийин эмас. БМТ маълумотларига кўра, ЯИМда ишчи кучи улуши, шу жумладан иш ҳақи ва ижтимоий ҳимояга трансфертлар, 2019 йилда Ўзбекистонда 35,8%ни ташкил этган. Ишчи кучи учун сарф-харажатларнинг ЯИМдаги %ини аниқлаш учун мураккаб ҳисоб-китоб талаб этилмайди –

245 трлн * 35,8% = 87,77 трлн сўм,

шу жумладан ЯИТ – 12% = 9,38 трлн сўм

ва ЖШДС – 12% = 9,38 трлн сўм.

 

Фақат иккита солиқ бўйича давлат бюджетига 18,76 трлн сўм келиб тушмаяпти. 

 

2020 йилда ИТИМ эълон қилган мақолада қайд этилишича, «айрим тадқиқотчилар яширин иқтисодиётнинг оптимал ҳажми мамлакат ЯИМнинг тахминан 14-15%ини ташкил этади деган фикрда. 2018 йилда ХВФ иқтисодчилар – ХВФдан Л. Медина ва Кеплер университетидан Ф. Шнейдер тайёрлаган «Working Paper» маърузалари туркумида 158 та давлатдаги яширин иқтисодиёт ҳажмлари баҳосини эълон қилди.

 

ХВФ тадқиқотига кўра, давлатлар бўйича ЯИМда яширин иқтисодиётнинг ўртача улуши қуйидагича:

  • Украина – 44,8%;
  • Беларусь – 44,5%;
  • Тожикистон – 43,0%;
  • Қозоғистон – 38,9%;
  • РФ – 38,4%;
  • Қирғизистон – 37,9%.

 

Энг қуйи кўрсаткичлар Швейцария – 7,2%, АҚШ – 8,3%, Япония – 10,4%, Нидерландия – 10,8%, ХХР – 10,1%, Буюк Британия – 11,1%, Германия – 12,0%, Норвегия – 14,1%, Францияда – 14,1% қайд этилган.

 

Тадқиқотда Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича маълумотлар тақдим этилмаган. Шунга қарамай, ДСҚ томонидан келтирилган маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМнинг 48%ига тенг деб баҳоланган.

 

Кўриб турганингиздек, хуфия иқтисодиёт ҳажми йўл қўйиладиган 14-15%лик миқдордан бир неча баробар ошади. Бинобарин, мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожига таҳдид солувчи омилга айланган яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга доир қатъий чора-тадбирларни қабул қилиб, 4-муаммони ҳал қилиш мумкин.

 

2019 йил 31 майда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган давра суҳбарида яширин иқтисодиёт ривожланишига сабабчи бўлган омиллар белгиланган. Улар: солиқ юкининг юқорилиги, турли хил лицензия, сертификат ва рухсатномалар олинишида кўзда тутилмаган харажатларнинг мавжудлиги, хом ашё маҳсулотлари етказиб берилишида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришдаги бюрократик тўсиқ ва қийинчиликлар, коррупциянинг батамом йўқолмаганлиги, ҳуқуқ ва суд тизими самарадорлиги етарли даражада эмаслиги, иқтисодиётнинг барча субъектларида расмий фаолият юритиш учун иқтисодий механизмларнинг мукаммал ишлаб чиқилмаганлиги. 

 

Яширин иқтисодиётда савдо ва умумий овқатланиш, автотранспортда ташиш, уй-жой қуриш ва таъмирлаш, яшаш хизматларини кўрсатиш соҳаларининг улуши катта. «Бу виждонли тадбиркорларнинг иқтисодий манфаатларига путур етказмоқда, улар учун тенг бўлмаган бизнес юритиш шартларини юзага келтирмоқда» – дейилади Президентнинг 30.10.2020 йилдаги ПФ-6098-сон Фармонида. Бу нафақат Президентнинг қонун кучига эга бўлган, балки барча ҳокимият тармоқларининг аниқ шакллантирилган позицияси.   

 

Ушбу соҳаларда бизнесга оид адабиётларда «Бизнес бизнес учун» (В2В, ингл. «business-to-business») ва «Бизнес истеъмолчи учун» (В2С, «вusiness-to-consumer») сифатида тавсифланадиган тижорат муносабатлари туридан жуда кўп фойдаланилишини ҳам айтиб ўтмоқчиман, иккинчи тури айниқса кўп учрайди. 

 

Ишлаб чиқарувчи/импорт қилувчидан пировард истеъмолчигача етказиб бериш занжирида чакана савдо (бизнес пировард истеъмолчи учун) ушбу занжир ишлашига имкон берувчи энг муҳим функцияни, яъни товарлар ва хизматларни пировард истеъмолчига сотиш вазифасини бажаради. Мунтазам савдо қилинмаса, ушбу занжир бир пулга қиммат бўлади.

 

Шахсан мен яширин иқтисодиёт улушининг кичик қисми В2Вга, катта қисми эса В2Сга тўғри келади деб ўйлайман. Аниқ рақамлар мавжуд эмаслиги боис Парето қонунига мурожаат қиламиз. Унга кўра, яширин иқтисодиётнинг 20%и В2В-муносабатларга тўғри келади, 80%и эса В2Сга (норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда у товарлар ва хизматларнинг чакана савдоси дея тавсифланади). Фикримча, бунинг ечими аён – асосий кучни чакана савдодаги яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга сарфлаш зарур. 

 

Буни қандай амалга ошириш мумкинлиги барчага маълум, Президент буни аниқ кўрсатиб ўтган. «Халқ сўзи»да ёзилишича, Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги мурожаатномасида қонуний бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали унга қарши курашилишини таъкидлаган. Расман ишлаш фойдали, қулай ва осон бўлиши лозим, дея қайд этган. Президент бу яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг энг яхши усули эканлигини таъкидлаган.

 

Давоми бор…