Бир қарашда форс-мажор – анча олдин бизнинг ҳаётимизга кириб келган барчага таниш тушунча. Ва бизга у ҳақда барча нарса маълумдек туюлади. Бироқ бутун дунё бўйича пандемия тан олинган пайт келди ва бу – бизнинг иродамизга боғлиқ бўлмаган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати. Демакки, форс-мажор рўй берди. Бу ҳақда кўп гапирса бўлади, лекин у амалиётда қандай қўлланади?
Президентнинг ПФ-5969-сон Фармонида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) ва Савдо-саноат палатасига (ССП) форс-мажор ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома эълон қилиш ҳамда тегишли сертификатлар бериш топширилган. Ушбу ҳужжатдан тўғри фойдаланиш учун форс-мажор билан боғлиқ кенг тарқалган янглиш фикрларни эътиборга олинг.
Биринчи янглиш фикр: “Коронавирус пандемиясининг ўзи форс-мажор ҳисобланади”
Пандемиянинг ўзи қандайдир шартнома мажбуриятларини бажариш учун тўсқинлик қилиши амри маҳол. Бундай тўсқинликлар ҳукумат пандемиянинг ривожланишига жавобан қабул қиладиган чоралар туфайли юзага келиши мумкин. Масалан – чегараларни ёпади, карантин чекловларини ўрнатади, ишлаб чиқаришни тўхтатади, товарлар ва йўловчилар ташишни чеклайди, жамоат транспорти ишини ёпади. Шу боис тадбиркор музокараларда қандай қилиб қабул қилинган чоралар ёки тақиқлар унинг шартнома бўйича мажбуриятларини бажаришга аниқ тўсқинлик қилаётганлигини тушунтириши ва ҳужжат билан тасдиқлашига тўғри келади. Исботлаш лозим бўладиган муҳим ҳолат – бу форс-мажор ва шартнома мажбуриятларини бажаришнинг имконсизлиги ўртасидаги сабаб-оқибат боғлиқлиги.
Иккинчи янглиш фикр: “Жорий этилган карантин чоралари ижарага ҳақ тўламаслик, товарни етказиб бермаслик, хизмат кўрсатмаслик ҳуқуқини беради”
Карантин енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати бўлганлигини исботлаш мушкул. Агар, олдинги даромадлардан маҳрум бўлганлиги туфайли шунчаки унга ҳавола қилган ҳолда шартнома бўйича тўловни амалга ошириш рад этилса, хизмат бажарилмаса ёки товар етказиб берилмаса, бу етарлича оқлаш бўлмайди. Контрагент ҳам, суд ҳам кейинчалик бу вазиятни форс-мажор деб тан олмайди. Ҳозир юзага келган енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолати вақтинчалик тусга эга, демак, тарафларни шартнома мажбуриятларини бажаришдан тўлиқ озод этмайди. Улар фақат қуйидаги имкониятларни беради:
- мажбуриятларни бажаришни кейинга қолдириш (кечиктириш);
- уларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда бажариш;
- жарималар ва пеняларни олдини олиш;
- бошқа тарафга зарарни қоплаш мажбуриятини олдини олиш;
- бундай ҳолатлар муайян муддатдан кўпроқ чўзилса, шартномани муддатидан олдин бекор қилиш.
Форс-мажор тугагандан кейин эса барча мажбуриятлар тўлиқ ҳажмда бажарилиши лозим.
Учинчи янглиш фикр: “Форс-мажор - бу шартномалар шартларини ўзгартириш ва уларни бекор қилиш учун асос”
Енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларининг рўй бериши ўзича тарафларга бир тарафлама тартибда шартнома шартларини ўзгартиришни талаб қилиб туриб олиш ҳуқуқини бермайди. Шартнома нархи, тўловни амалга ошириш шартлари ва усулларини ва ҳ.к.ни ўзгартириш мумкин эмас. Уни бажариш муддатлари сурилиши мумкин ва у ҳам бўлса – фақат форс-мажорни амал қилиш муддатига. Пандемия тугагандан кейин шартномани бажариш имконияти мавжуд бўлса, тарафларнинг мажбуриятлари тўхтатилиши мумкин эмас. Тўғри, тарафлардан ҳеч бири, форс-мажор туфайли юзага келган муддат ўтказиб юборилиши оқибатида унинг шартномага бўлган қизиқиши йўқолган тақдирда шартномадан воз кечиш ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган. Қизиқиш йўқолганлигини ҳам исботлаш лозим бўлади.
Buxgalter.uz да батафсил ўқинг.