Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси кўриб чиқилди.
Стратегия Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли қоидалари асосида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатнинг узоқ муддатли мақсадлари ва устуворликларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжат қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади.
Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади. Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.
Сенаторлар «Транспорт тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар.
Бугун мамлакатимиз транспорт тизимининг ҳар бир тармоғи ўз фаолиятига доир «Автомобиль транспорти тўғрисида», «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонунлар ва Ҳаво кодекси каби қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниб келмоқда. Натижада транспорт тизимининг автомобиль, темир йўл, авиация, сув транспорти тармоқлари бир-биридан алоҳида, ўз йўналишида ривожланиб, улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи алоҳида қонун мавжуд эмас эди.
Кўриб чиқилаётган қонун эса соҳадаги бу каби камчиликларни бартараф этишда тармоқдаги қонун ҳужжатлари билан тенг юридик кучга эга бўлган, бир вақтнинг ўзида ишлайдиган, бир-бирини тўлдирадиган нормаларни белгилайди.
Ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, транспорт фаолияти субъектларининг тенглиги, давлат ва транспорт фаолияти субъектлари манфаатларининг уйғунлиги ва жавобгарлиги каби тамойиллар ҳам қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Мажлисда «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Шу мақсадда «Геодезия ва картография тўғрисида»ги Қонунга қўшимча равишда, қонунчилик жараёни ривожланишининг янги босқичи ва фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги фаолият юритишда ҳуқуқий, иқтисодий, бошқарув ва ташкилий асосларини юридик мустаҳкамлаш мақсадида «Фазовий маълумотлар тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилди.
Ушбу Қонунда фазовий маълумотлар, фазовий маълумотларга ишлов бериш, фазовий маълумотларнинг метамаълумотлари, фазовий объектлар каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти акс этиш, улар ҳақидаги ахборот ижтимоий ҳаётимиз учун нақадар зарур ва долзарб эканлигини англатади. Геодезия ва картография соҳасига янги ахборот ва инновацион рақамли технологияларни кенг жорий этишга эътибор қаратилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
«Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.
Ҳужжат аввало мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, заргарлик буюмлари асиллик даражасини белгилаш ва тамғалаш тизимини, шунингдек уларнинг сифатини назорат қилиш тартиб-таомилларини давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда такомиллаштиришга йўналтирилган.
Қонун қабул қилиниши қимматбаҳо металлар ва тошлар муомаласи соҳасидаги давлат органлари, бошқа иштирокчиларнинг ваколатлари ва жавобгарлик соҳасини аниқ белгиланиши тармоққа инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, рақобат муҳитини яхшилаш учун қулай шароит яратади. Шунингдек Қонун хусусий секторнинг қимматбаҳо металлар айланмасида ўз фаолиятини очиқ, шаффоф олиб боришига имконият яратади.
Сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Қонунда қуйидаги масалаларни тартибга солиш назарда тутилган:
- қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қўлланиладиган умумэътироф этилган тушунчалар ва атамалар, уларнинг мазмунини шарҳлаш ва тўғри қўллаш мақсадида ушбу фаолият турининг принциплари;
- қўриқланиши белгиланган қўриқланувчи шахсларнинг тоифаси;
- Президент давлат хавфсизлик хизматининг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қўриқланувчи шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари;
- Президент давлат хавфсизлик хизматининг шахсий таркибини бутлаш тартиби, ҳарбий хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва бошқалар.
Қонун Президент давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий асосларини такомиллашишига, амалдаги қонун ҳужжатлари ва юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларга уйғунлашишига хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
«Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.
Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифлари, маданият ва санъатнинг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонун билан 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни сифатида белгиланмоқда.
Сенат мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:
- юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишни чиқариб ташлаш;
- Президент сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва ўн бир – ўн саккиз нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилишини белгилаш;
- сайлов бюллетенида номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи кўрсатилиши ҳақидаги нормани чиқариб ташлаш;
- сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилиши. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмаслиги белгиланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўн бешинчи ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахсларни, шунингдек 15 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш механизмлари яратилади.
«Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун рад этилди.
Мажлисда таъкидланганидек, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ва қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг амалдаги ижроси, унинг нормаларини қўллашда вужудга келган муаммолар таҳлил қилинмаган. Ҳозирги кунга қадар қуролга эгалик қилишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати тасдиқланмаган. Шунингдек қурол эгаларини тиббий чекловлар бўйича даврий равишда текшириш, улар билан бирга яшовчи фуқаролар орасида руҳий касалликка чалинган, спиртли ичимликка ружу қўйган, гиёҳвандликка мубтало бўлганларига эътибор қаратиш механизмлари мавжуд эмас.
Олий Мажлис юқори палатасининг ўн бешинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.
7 та кодекс ҳамда 5 та қонунга, хусусан Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал, Бюджет, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига, шунингдек «Нотариат тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида»ги ҳамда «Давлат божи тўғрисида:ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда ҳамда мазкур жиноятларни малакалашда ва ҳуқуқни қўллашда ягона амалиёт шаклланиши таъминланмоқда. Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиб, маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун, шунингдек озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунга «йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома» тушунчаси, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузиш учун асослар, транспорт воситалари эгалари ва суғурталовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузиш чоғидаги ҳаракатлари билан боғлиқ нормалар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси давомида ХМТнинг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли конвенцияси маъқулланди.