Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Ҳал қилувчи сўзни ДСҚ айтади

13.11.2018

Читать на русском языке

 

Назорат-касса машиналарига қўйиладиган талаблар қачон белгиланади? Бизда фискал маълумотларни узатувчи қайси технологияларни қўллаган афзал? Norma.uz мухбири ана шу саволларга жавоб излаб «Комкассинтех» уюшмасига йўл олди.

 

«НКМ нархлари ошгани учун ким жавоб беради?» материалида назорат-касса машиналари учун стандартлар хусусида сўз юритган эдик. 29.09.2017 йилдаги ПҚ–3300-сон қарорга мувофиқ онлайн НКМ учун стандарт ишлаб чиқиш ўрнига амалдагисига ўзгартиришлар киритилган эди. Натижада мамлакатимизда илгаригидек талабгир бўлиб қолаётган офлайн НКМ учун стандарт йўқ бўлди. Маълумотларни онлайн узатиш тизимида фойдаланиладиган аппаратларга амалдаги стандартни қўллаб бўлмаса керак. Сабаби – пилот йўсинида жорий этиш босқичида у мўлжалланган фискал тўплагичли технологиядан воз кечдилар.

 

Norma «Ўзстандарт» агентлигига қуйидаги саволлар билан хат йўллади:

  • «Офлайн НКМ учун стандарт амалдаги стандарт сифатида тикланадими?»;
  • «Амалдаги стандартга ўзгартиришлар киритиш режалаштирилганми, агар режалаштирилган бўлса, қачон киритилади?».

 

Идора жавоб хатида офлайн машиналар учун O’zDST 1903:2010 илк таҳририни ишлаб чиқувчилар – Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ва «Комкассинтех» уюшмасига мурожаат қилишни тавсия этди. O’zDST 1.5-93 «ЎзДСТ. Стандартлар ва техник шартларни текшириш, қайта кўриб чиқиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби» стандартига ҳавола қилинган расмий жавобда айтилишича, ўзгартиришларни ишлаб чиқувчилар киритишлари керак эди. Бунда жавоб муаллифлари нима сабабдан бунга ҳақли бўлмаган кишилар стандартга ўзгартириш киритганликлари ҳақида тушунтириш беришни лозим топмаганлар.  

 

Берилган саволларга жавоб излашда давом этиб, «Комкассинтех» уюшмаси раиси Рустам Нарзуллаев (суратда) билан суҳбатлашдик.

 

– Амалдаги нормаларга мувофиқ фақат сертификатланган НКМдан фойдаланиш мумкин. Мамлакатимизда эса уларни сертификатлаштиришга асос бўладиган давлат стандарти йўқ. Бундай вазият юзага келишига нима сабабчи бўлди? 

 

– Дарҳақиқат, офлайн назорат-касса машиналарига мўлжалланган O’zDST 1903:2010 стандартининг илк таҳрири уюшмамиз томонидан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти билан биргаликда ишлаб чиқилган. Уюшма назорат-касса машиналарини ишлаб чиқарувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи сервис ташкилотларини бирлаштиради.

 

Бироқ стандартга ўзгартиришлар тасдиқланганидан кейин бундан хабар топдик. Амалдаги стандартга ўзгартиришларни ишлаб чиқишда иштирок этишга ҳам, онлайн машиналарга мўлжалланган янгисини ишлаб чиқишга ҳам бизни ҳеч ким таклиф этмади. Аслида бизни таклиф қилиш ўринли эди. Биз «Ўзэлтехсаноат» АЖнинг, яъни онлайн НКМ учун стандарт ишлаб чиқиш вазифаси топширилган ташкилотнинг уюшган аъзолари ҳисобланамиз.

 

Бизни жалб этганларида бундай воқеликка йўл қўймаслик учун қўлимиздан келган ҳамма чорани кўрган бўлардик. Бунинг устига, 29.09.2017 йилдаги ПҚ–3300-сон қарорда онлайн НКМ учун стандартни ишлаб чиқиш ҳақида сўз борган. Ҳужжатни ишлаб чиқиш – амалдагисига ўзгартиришлар киритиш дегани эмас.

 

Айни пайтда назорат-касса машиналари учун иккита: бири – офлайн, бошқаси – онлайн аппаратларга мўлжалланган стандартга эга бўлсак, оқилона йўл тутган бўлардик. Бугуннинг ўзидаёқ онлайн аппаратларга ўтиш ҳақида эълон қилсалар ҳам, жаҳон амалиёти кўрсатганидек, офлайн НКМ бирмунча вақт талабгир бўлади. Бизда интернет билан қамраб олинмаган аҳоли пунктлари кўп, мавжуд алоқа канали ҳам онлайн НКМ узлуксиз ишлашини таъминлай олмайди.  

 

– Уюшмадагилар буларнинг барчаси ҳақида билганларида қандай муносабат билдирдилар?

 

– Бунга қўл силтаб қўя қолмадилар. «Ўзстандарт» агентлигига мурожаат қилишингиз ҳам муайян хулосалар чиқариш ва амалдаги қонунчилик бузилишини бартараф этиш чораларини кўриш учун етарли эди, деб ўйлайман. Бироқ шу кунгача бундай қилинмади.

 

Бошқа мақсадни кўзлаб муносабат билдирганимизни қайд этиб ўтмоқчиман. Норма ижодкорлигида фискал маълумотларни онлайн узатиш технологиясини белгилаш жараёнида фақат стандарт билан боғлиқ хатога йўл қўйилмаган. Давлат солиқ қўмитаси мамлакатимизда фискал маълумотларни онлайн узатишнинг қандай технологияси қўлланилишини эълон қилгандагина буларнинг барини бартараф этиш ва ҳужжатларни лозим кўринишга келтириш мумкин бўлади.  

 

Бунгача қилинадиган барча саъй-ҳаракатлар самара бермайди, бирмунча вақт ўтгач янги ўзгартиришлар киритиш талаб қилинмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат бера олмайди. Беҳуда куч сарфлашга не ҳожат?

  

– Назорат-касса машиналарини ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларчи? Ахир ҳозир улар ё қонунни бузиб ишлашлари, ёхуд ишлаб чиқаришни тўхтатиб туришлари керак бўлиб чиқаяпти.

 

– Стандарт – назорат-касса машинасига талабларни белгиловчи бутун бир қатор ҳужжатлардан биттаси, холос. Бошқа асос бўлувчи ҳужжатлар бор, уларда НКМга техник талаблар назарда тутилган, булар – Ягона техник талаблар ва Ўзбекистон ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестри. Ушбу ҳужжатлар амал қилиб келмоқда, бир неча йиллар давомида ҳеч ким уларга ўзгартириш киритмади. Энг муҳими, мамлакатимиздаги назорат-касса машиналарининг бутун тизими амалда ушбу нормалар асосида ишламоқда. Яъни аппаратларни ишлаб чиқариш учун қонунчилик базаси мавжуд.  

 

Вақтинчалик ечим топилганлиги боис стандартнинг мавжуд эмаслиги ишлаб чиқарувчиларимиз фаолиятига ҳам тўсқинлик қила олмади. Хусусан, техник шартлар ишлаб чиқилди.

 

Боз устига, ишлаб чиқарувчиларимиз «ақлли» машиналарни тайёрламоқдалар. Бугун улар офлайн тизимда ишламоқда, бироқ барча моделларни фискал маълумотларни онлайн узатишнинг исталган тизимига осонгина мослаштириш мумкин. Булар давр талабларига жавоб берадиган яхши жиҳозлардир.

 

– Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестри ҳолати ҳақида нима дейсиз?

 

– Ваколатли комиссия унга киритилган барча аппаратларни қайта кўриб чиқса, маъқул иш бўлар эди. Агар ундан амалиётда қўлланмайдиган, сотувда бўлмаган ва таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлари қолмаган моделлар чиқариб ташланса, рўйхат ярмидан кўпга қисқаради.

 

Реестрнинг ҳозирги ҳолати, афсуски, тадбиркорларни ва бутун жамоатчиликни янглиштирмоқда. Эскирган моделларнинг рўйхатдан чиқариб ташланиши фойдаланилаётган машиналар паркини режали модернизация қилиш имконини берган бўларди. Илғор технологиялардан ортда қолмаган бўлар эдик.

 

Бундан ташқари, фискал маълумотларни онлайн режимда узатувчи ҳар қандай тизимга мослаша оладиган моделларгина реестрда қолдирилса, тўғри иш қилинган бўларди. Бу онлайн НКМга ўтиш чоғида тадбиркорларни ортиқча сарф-харажат қилишларидан иложи борича ҳимоялаш имконини берган бўлар эди. 

 

– Мамлакатимизда фискал маълумотларни онлайн режимда узатиш тизими танлангани йўқ. Бу борада қандай фикр билдира оласиз, қайси технологияларни энг мақбул деб ҳисоблайсиз?

 

– Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида таклиф этилган вариантни қўллаб-қувватламаймиз. Тўғри, тўлов терминаллари, компьютерлар ва бошқа девайслардан НКМ сифатида фойдаланиш имкони берилгани жозибали таклифдек кўринади…

 

Бироқ яқинда UzCARD тизимида узилиш юз бергани ҳали ёдингиздан чиқмаган бўлса керак, ўшанда миллий тўлов тизими уч кун ишламади. НКМ сифатида терминаллардан фойдаланишга рухсат берилса, нималар бўлишини тасаввур қила оласизми? Банклар терминалларнинг дастурий таъминотига ўзгартириш киритишга рухсат беришлари керак бўлади. Бу тўлов тизимига шикаст етказиш хавфи бир неча марта ошишини англатади, сабаби ҳозир тизимга бир неча киши кира олса, кейин кўпроқ киши кира оладиган бўлади. Бу мамлакатимиз аҳолиси ва бутун молиявий тизими учун салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.      

 

Компьютерлар ва гаджетлар варианти ҳам муаммони юзага келтиради, сабаби уларнинг тузилиши ва дастурий таъминоти ўзгартириш киритилишидан зарур даражада ҳимояланган фискал маълумотлар ишончли сақланиши ва узатилишини кафолатламайди. Бу мамлакат бюджетига тўлиқ тушум тушмаслигини, солиқчилар хато равишда солиқлар тўлиқ тўланмаганлиги борасида даъво билдирсалар, тадбиркорлар ҳеч нимани исботлай олмасликлари мумкинлигини англатади.

 

Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналари шундайлигича қолиши керак. Қолган барча жиҳозлар уларнинг айрим фукнцияларини бажариш имконини беради, бироқ бунда уларнинг сифатига ҳеч ким кафолат бера олмайди… Бунинг устига, НКМнинг сўнгги моделлари келгусида товар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш жараёнларини автоматлаштириш технологиялари жорий этилиши, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши учун шарт-шароит яратади.

 

Онлайн НКМ маълумотларини узатиш тизими қандай бўлиши керак? Бу борада ДСҚга ва бошқа ваколатли давлат органларига ўз концепциямиз, яъни фикр-мулоҳазаларимизни йўлладик. Биз такс-модемлардан фойдаланишга асосланган технологияни жорий этишни таклиф этмоқдамиз. Бунда назорат-касса машиналарига ҳажми кичик мосламалар ўрнатилади, улар маълумотлар онлайн режимда узатилишини ҳамда тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш учун зарур бўлган узатиш тўғрисидаги ахборот сақланишини таъминлаш имконини беради.

 

Биринчидан, ушбу технология назорат-касса машиналарини барча функционали ва технологияларни ривожлантириш истиқболлари билан сақлаб қолиш имконини беради.

 

Иккинчидан, ушбу вариант нархи бўйича НКМдан фойдаланувчиларнинг аксариятига мақбул келади. Бугунги кунда тадбиркорларнинг 90%и Россияда ишлаб чиқарилган, ўзимизнинг «Фотон»да йиғилган «Меркурий» аппаратларидан фойдаланади, қарийб 6 000 нафар тадбиркор эса ўзимизда ишлаб чиқарилган «Семурғ-001» ва «Ўзкасс-185»ни қўллайди. Бундай конструкциядаги ва дастурий таъминотга эга аппаратларнинг барчасини биз таклиф этаётган технологияга мослаштириш мумкин. Сервис марказлари барча тадбиркорларга жиҳозларини модернизациялашда ёрдам беришга тайёр! Аппаратларини модернизация қилиб бўлмайдиган оз сонли тадбиркорларгина янги НКМ сотиб олишларига тўғри келади.    

 

Учинчидан, корхоналаримизда бундай такс-модемлар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш осон, бу янги иш ўринлари яратиш ва ўзимизда ишлаб чиқариладиган товарлар рўйхатини кенгайтириш имконини беради.

 

– Муаммолар кўп экан. Балки онлайн НКМга ўтишдан воз кечган маъқулдир?

 

– Бу масала юзасидан принципиал позицияга эгамиз – унга иложи борича тезроқ ўтиш керак. Уюшмамиз 2005 йилда ДСҚ вакиллари ҳам иштирок этган Фанлар академиясидаги йиғилишда онлайн НКМни жорий этиш пилот лойиҳасини амалга оширишни таклиф этган эди. Таклиф маъқулланган, ҳатто уни молиялаштириш ва минтақалардан бирида эксперимент ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Бироқ бу масалалар ечими кейинга қолдирилди, 13 йил ўтгач ушбу муқаррар жараёнга тўқнаш келдик.    

 

Агар ҳозир онлайн НКМга ўтмасак, жаҳондаги ахборот технологиялари ривожланиши тамойилларидан янада ортда қоламиз. Ушбу технологиялар эса ҳукуматга жамиятнинг барча қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашни кучайтириш, контрабанда ва контрафактга янада ишончли тўсиқ қўйиш имконини беради.

 

Олег Гаевой суҳбатлашди.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-12-18
  • USD:8325.59 (+12.95) сум
  • EUR:9413.74 (--42.72) сум
  • RUB:124.70 (--0.52) сум