24 май куни бўлиб ўтган Олий суд Пленумининг мажлисида қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини қўллаш қоидалари тушунтирилди.
Мажлисда Олий суд Пленумининг «Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида», «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида» ва «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.
Биринчиси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилгани муносабати билан ишлаб чиқилди. Ҳужжат билан ЖПКга мувофиқ суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими, қарори устидан шикоят бериш ҳуқуқи суд ишини юритишда айблов томони (прокурор, жабрланувчи ёки унинг вакили, фуқаровий даъвогар ёки унинг вакили) ва ҳимоя томони (айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб, жиноят иши тугатилган шахс, маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили) иштирокчисига берилганлиги тушунтирилди.
Суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи, шунингдек мазкур қарорлар ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахсларда ҳам мавжуд. Улар жумласига, масалан, гаровга берувчи ёхуд даъвони таъминлаш ёки ҳукмни ижро этиш тартибида мол-мулки хатланган шахс киради. Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари суд ҳужжатларининг фақат фуқаровий даъвога оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли. Оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлов сабаблари ва асосларига оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли. Бошқа шахсларга суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи берилмаган.
Назорат тартибидаги шикоят, протест бевосита Олий судга берилади. Назорат тартибида иш юритиш фақат апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қўзғатилади. Қонунда шикоят (протест) бериш учун бирон-бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб 1 йил ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришлар назарда тутилган бўлса, назорат инстанцияси суди томонидан кўрилиши мумкин эмас. Масалан, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, мулкий зиён миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификацияси ёки айблов мазмуни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгаришига олиб келса ва ҳ. к. Шунингдек, оқлов ҳукмини ёхуд суднинг ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш масаласи кўтарилган бўлса, ушбу шикоят (протест) ҳам кўрилмайди.
Бунда бир йиллик муддатни биринчи инстанция судининг тегишли ҳукми, ажрими ёки қарори кучга кирган кундан назорат инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кунгача ҳисоблаш лозим. Шикоят (протест) бир йиллик муддат ичида берилган, бироқ иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар ушбу муддат ўтиб кетган бўлса, у ҳал қилиш босқичига қараб кўрилмай ёхуд қаноатлантирилмай қолдирилиб, бу ҳақда шикоят (протест) берган шахсга хабар берилади. ЖПКга мувофиқ, назорат инстанцияси суди томонидан шикоят бир ой ичида, ишни талаб қилиб олиш ва текшириш чоғида эса – у келиб тушган кундан бошлаб 2 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим.
* * *
Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилингани муносабати билан ҳамда қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш учун «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
ФПКга мувофиқ ҳал қилув қарори биринчи инстанция суди томонидан ишни даъво ва алоҳида иш юритиш тартибида мазмунан кўриш натижалари бўйича қабул қилинадиган суд ҳужжатининг бир шакли ҳисобланади. Ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинади ва барча давлат органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан унинг бутун ҳудудида сўзсиз ижро этилиши лозим.
Қарорда судларнинг эътибори ФПК талабидан келиб чиққан ҳолда суднинг ҳал қилув қарори қонунга асосланган бўлиши лозимлигига қаратилди. Ҳал қилув қарори, унда иш учун аҳамиятга эга бўлган фактлар, суд томонидан текширилган далиллар билан тасдиқланган, уларнинг алоқадорлиги ва мақбуллиги қонун талабларига жавоб берадиган ёки суд ҳаммага маълум деб топган, исботлашга муҳтож бўлмаган ҳолатлар, шунингдек аниқланган фактлардан келиб чиқадиган якуний хулосалар акс эттирилганда, асослантирилган ҳисобланади.
Судья ҳал қилув қарорини алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ишнинг муҳокамаси тугаганидан кейин дарҳол қабул қилиши шарт. Асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлашнинг кечиктирилишига истисно ҳолларда, ўта мураккаб ишлар бўйича 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда ҳал қилув қарорининг фақатгина кириш ва хулоса қисмлари тайёрланади.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми иш муҳомаси тамомланган суд мажлисининг ўзида судья томонидан имзоланади, ўқиб эшиттирилади ва ишга қўшиб қўйилади. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми эълон қилинганда, раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар, уларнинг вакиллари асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишишлари мумкинлигини тушунтириши шарт ва бу суд мажлиси баённомасида акс эттирилади. ФПКга мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмлардан иборат бўлиши керак. Қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмуни у эълон қилингач, раислик қилувчи томонидан тарафларга тушунтирилиши шарт эканлигига судларнинг эътибори қаратилди.
* * *
Мажлисда муҳокама этилган «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарор лойиҳасида иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Конституция, Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига қаратилди.
ИПКга мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли. Бунда манфаатдор шахс деганда, ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс (даъвогар, қарши даъво аризаси бўйича эса жавобгар, аризачи, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс) тушунилиши лозим.
Суд:
- манфаатдор шахсларнинг;
- прокурорнинг;
- давлат органларининг;
- қонун бўйича юридик шахсларнинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжати барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, мамлакатимизнинг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Судья томонидан имзоланган суд ҳужжатлари ишда қолдирилиши сабабли, унинг ишда иштирок этувчи шахсларга юбориладиган нусхалари «аслига тўғри» ёзуви киритилиб, суднинг гербли муҳри билан, агар суд ҳужжати электрон тарзда юборилса, у судьянинг ЭРИ билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.