Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:4 нововведения для плательщиков НДС Почему сейчас самое время воспользоваться интерактивной услугой «Проверить свой статус» Обзор нового Положения о порядке регистрационного учета плательщиков НДС Как выставлять счета-фактуры при лизинге

Лизинг берувчининг ҳуқуқлари қандай ҳимояланади

13.09.2021

Читать на русском языке

Лизинг компанияларининг асосий муаммоси, қоидага кўра, лизинг олувчилар томонидан лизинг тўловларининг муддати кечиктирилиши ёки тўланмаслиги ҳисобланади.

 

Бундай вазиятда «Лизинг тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда - Қонун) 11-моддасида қайд этилишича, лизинг берувчи «…лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, келгуси лизинг тўловларини тўлашни тезлаштиришни ёки гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб этиш» ҳуқуқига эгадир. Мазкур тартиб ОХС Пленумининг 27.11.2015 йилдаги 289-сон қарорининг 19.12.2020 йилдаги таҳририда берилган тушунтиришда ҳам қайд этилган.

 

Кўриб турганимиздек, Қонунда муаммони ҳал этишнинг икки варианти таклиф этилмоқда: ёки келгуси лизинг тўловларини тўлашни тезлаштиришни ёхуд гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб этиш.

 

Мазкур ҳолатда «...гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган...» формулировкаси бўйича савол туғилади ҳамда уни амалда татбиқ этишда тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

 

Қарздор томонидан мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаганда гаровга олувчининг (қарз берувчининг) гаров билан кафолатланган талабларига кўра ҳуқуқларни амалга ошириш қисмида гаров бўйича ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини кўриб чиқамиз.

 

Фуқаролик кодексининг 264-моддасида бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланиши, ФКнинг 266-моддасига мувофиқ эса ашёнинг мулкдори ашёни гаровга қўювчи бўлиши мумкинлиги белгиланган.

 

Шундай савол туғилади: гаровга қўювчи ва гаровга олувчи мавжуд бўлмаган лизинг бўйича ҳуқуқий муносабатларда гаровга оид ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи нормалар қандай қўлланади?

 

Кейин эса қуйидагилар қайд этилган. Гаровга кўра қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) бу мажбурият бўйича ўз талаби гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан қаноатлантирилишига ҳақли бўлади. Бунда мол-мулк мажбурий тартибда очиқ савдоларда ёхуд бевосита сотиш, кредитга, лизингга, ижарага бериш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки бошқа битимлар бўйича сотиш орқали реализация қилинади. Исталган ҳолатда лизинг берувчи гаровга қўйилган мол-мулкни (лизинг объектини) ололмайди. Буни ОС Пленумининг 24.09.1999 йилдаги 16-сон қарори ҳамда ЎзР ОС ва ОХС қўшма Пленумининг 22.12.2006 йилдаги 13/150-сон қарори яна бир бор тасдиқлайди. Уларда айтилишича, амалдаги қонунчиликда гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулкни гаровга олувчининг эгалигига бериш мумкинлиги назарда тутилмаган ҳамда бундай беришни назарда тутувчи ҳар қандай битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

 

Яъни  «...гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган...» ибораси охир-оқибатда гаров нарсаси сифатида лизинг объектини очиқ савдоларга чиқариш орқали сотилишига олиб келади. Шу боисдан шундай хулосага келинадики, лизинг берувчида лизингга олувчи томонидан лизинг тўловлари муддати кечиктирилган ёки тўланмаган тақдирда фақат биргина ҳуқуқ - пул маблағларини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлади. Ушбу ҳуқуқ лизинг тўловларини муддатидан олдин ундириш ёки лизинг объектини қайтариб олиш орқали амалга оширилади, шунингдек лизинг объекти очиқ савдоларда сотилганидан кейин лизинг берувчи пул маблағларини олиши мумкин бўлади.

 

Лизинг берувчи лизинг тўловлари тўланмаганлиги сабабли судга «…гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаби» билан мурожаат қилди дейлик. Даъво тақдим этилган санада камида иккита муддати кечиктирилган тўлов мавжуд бўлган, яъни икки ойлик тўлов тўланмаган. Шундай қилиб суд жараёни бир ой ёки бир ярим ой давом этади, апелляция ёки кассация шикоятлари тақдим этилмаган тақдирда суднинг ҳал қилув қарори кучга кириши учун бир ой муддат берилади. Сўнгра савдолар ва ҳ.к. Бутун жараён узоқ муддатга чўзилади, лизинг объектидан эса фойдаланишда давом этилади ва эскириш юзага келаверади, муддати кечиктирилган даврий тўловларнинг ундирилиши эса Қонунда белгиланмаган. Бошқача айтганда, лизинг объектига ундирув қаратилганда, лизинг берувчи муддати кечиктирилган тўловларни ололмайди, ҳатто лизинг объекти сотилган тақдирда ҳам ушбу тўловлар тўланмайди.

 

Кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатлар Қонуннинг 22.10.2019 йилгача бўлган таҳририда шундай тартибга солинган: лизинг берувчи «…лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, агар лизинг шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, келгуси лизинг тўловларини тўлашни тезлаштиришни ёки гаров нарсасини ундириш учун назарда тутилган тартибда ундирувни лизинг объектига қаратган ва зарарни ундирган ҳолда шартномани бекор қилишни талаб этиш» ҳуқуқига эгадир. Яъни илгари лизинг объектини қайтариб олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган, бироқ ҳозир лизинг объекти қайтарилмайди.

 

Қонунга ҳамда Фуқаролик кодексининг 597-моддасига ўзгартиришлар 2019 йил октябрда шошилинч қабул қилинган деб ўйлаймиз, улар лизинг объекти «тақдири» қисмида лизинг муносабатларини тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларига зиддир. Хусусан, Солиқ кодексининг 249-моддаси 2-қисми, 6-сон БҲМСнинг 37-банди, Ижарага оид операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ рўйхат рақами 1961, 1.06.2009 й.) 18-банди – уларнинг ҳаммасида лизинг объектининг қайтарилиши назарда тутилади. Қонуннинг 12-моддасида ҳам лизинг шартномаси бекор қилинганда лизинг олувчи лизинг объектини лизинг берувчидан қандай ҳолатда олган бўлса, шундай ҳолатда, нормал эскириш ва тарафларнинг келишувида шартлашилган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда қайтариши шартлиги айтилган.

 

Бу борада Қонунга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Конституциясига ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга зиддир. Уларда айтилишича, хусусий мулк даҳлсиздир ва давлат томонидан ҳимоя қилинади, мулкдор эса хоҳишига кўра ва манфаатлари йўлида ўзига тегишли бўлган мол-мулкни тасарруф этиши ва ундан фойдаланиши мумкин.

 

Афсуски, бундай низолар бўйича бир дона бўлса ҳам ягона суд амалиёти ҳам мавжуд эмас, кўпинча биринчи инстанция судлари ва Олий суд томонидан қабул қилинган қарорлар бир-бирига тўғри келмайди.

 

Етакчи халқаро стандартларга – Молиявий лизинг тўғрисидаги УНИДРУА Конвенциясини олайлик, у 1988 йил 28 майда Оттавада қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси учун 2001 йил 1 февралда кучга кирган.

 

Конвенцияда ҳуқуқий муносабатлар қуйидагича тартибга солинади. Лизингга олувчи томонидан мажбуриятлари бузилган тақдирда лизинг берувчи тўланиши лозим бўлган даврий тўловларни фоизлари билан ва зарарлар қопланган ҳолда тўланишини талаб қилишга ҳақли (Конвенциянинг 13-м.). Лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, агар бу лизинг шартномасида назарда тутилган бўлса, лизинг берувчи келгуси лизинг тўловларини муддатидан олдин тўлашни талаб этишга ҳақлидир. Ёки лизинг шартномасини бекор қилиши ва бундан кейин эса:

а) лизинг объектига эгаликни тиклаши; ҳамда

б) зарарларни лизинг олувчи лизинг шартномасини унда кўрсатилган шартларга мувофиқ бажарганда лизинг берувчи қандай сумма олиши лозим бўлса, шундай миқдорда қоплашни талаб қилиши мумкин.

 

Бизнинг шароитда қўлланиладиган халқаро стандартларга кўра, лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятларининг жиддий равишда бузилишига йўл қўйилган тақдирда, лизинг берувчи:

  • шартномани бекор қилишга;
  • лизинг объектини олиб қўйишга;
  • зарарлар таркибида фоизли даромад кўринишида бой берилган фойдани ҳамда лизинг объектидан фойдаланилган давр учун муайян тўловни ҳам ундириб олишга ҳақли.

 

Бизнинг ҳолатда, лизинг ижаранинг алоҳида тури эканлигини инобатга оладиган бўлсак, муддати кечиктирилган тўловлар ўрнига бошқача кўринишдаги тўловларнинг ундирилиши ФКнинг 554-моддаси шартлари доирасида амалга оширилиши мумкин, унда ижарага берувчига ижарага берилган мол-мулкдан фойдаланилган бутун давр учун ижара тўловларини ундириш ҳуқуқи берилиши белгиланган.

 

«Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунда кўрсатилишича, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестицияларга адолатли ва тенг ҳуқуқли режим тақдим этилади. Бундай режим қуйидаги режимлардан ноқулайроқ бўлиши мумкин эмас:

  • Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларида белгиланган режим;
  • Ўзбекистон юридик ва жисмоний шахслари томонидан амалга ошириладиган инвестициялар учун режим.

 

Шундай қилиб, қандай режим лизинг объектини қайтариш ёки қайтармаслик қисмида энг қулай ҳисобланади – Қонунда белгиланганими ёки Оттава Конвенциясида белгиланган режимми? Ўйлашимча, ўнлаб мамлакатлар қўшилган Конвенцияда белгиланган режим энг қулай.

 

Лизинг бўйича халқаро стандартлар тахминан Конвенциядаги шартлар бўйича миллий қонунчиликка имплементация қилиниши лозим. Бироқ бундай бўлмади, ва лизинг берувчининг мулкчилик ҳуқуқини амалга оширишда жиддий равишда бузилишига ва уларни ҳимоя қилиш имкониятининг чекланишига сабаб бўлди.

 

Қонун ҳужжатларидаги ушбу камчиликлар кўпгина муаммоларни юзага келтирмоқда ва лизингнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Ишонаманки, «Лизинг тўғрисида»ги Қонунга киритилиши таклиф этилаётган лизингга оид битимларнинг барча томонларини ҳимояловчи ўзгартиришлар ушбу миллий бизнесни молиялаштириш воситасининг самарадорлигини оширишга хизмат қилган бўлар эди.

 

 Александр Цой,

адвокат, «ESTE PRIME» АФ.


В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_