Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОблагается ли НДС услуга оплаты консульского сбора за клиента Что изменится с принятием нового постановления по МСФО Как оформить продажу доли ООО новому участнику Как рассчитать НДФЛ и взносы на ИНПС за июль 2024 года

Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиз даражасида сақланиб қолди

14.06.2024

Читать на русском языке

2024 йилнинг 13 июнь куни Марказий банк кенгаши пул-кредит шартларини нисбатан қатъий босқичда сақлашга ва асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида қолдиришга қарор қилди. Бу энергия тарифлари ўзгаришининг инфляцион кутилмаларга таъсирини чеклашга ёрдам беради.

 

Иқтисодиётда юқори ялпи талаб ва иккиламчи таъсирлардан инфляцион хатарларнинг мавжудлиги шароитида Марказий Банк  прогноз горизонтида 5 фоизлик таргет кўрсаткичигача пасайтириш учун реал ижобий фоиз ставкаларини етарли даражада ушлаб туриш бўйича чораларни кўради.

 

Май ойида аҳоли учун энергия нархининг оширилиши туфайли умумий инфляция тезлашди ва йиллик ҳисобда 10,6 фоизга етди. Энергия нархларининг таъсирини ҳисобга олмаганда, инфляция даражаси озиқ-овқат инфляциясининг сезиларли мавсумий пасайиши туфайли 6,8 фоизни ташкил этди.

 

Умумий инфляцияга монетар омиллар таъсирининг камайиши ҳисобига базавий инфляция динамикасининг пасаювчи тенденцияси давом этди ва май ойида 6,3 фоизни ташкил этди. Хизматлар базавий инфляцияси йил бошидан бери бироз пасайди ва йиллик ҳисобда 8,8 фоизни ташкил этди.

 

Апрель ойида энергия тарифларининг ўзгариши ҳамда айрим солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши ҳақидаги муҳокамалар фонида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 14,0 ва 13,3 фоизгача ошди. Май ойида аҳолининг кутилмалари 14,0 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолди, тадбиркорларнинг кутилмалари эса 12,7 фоизгача пасайди. Бунда тариф ўзгаришларининг инфляцион кутилмаларга таъсири дастлабки баҳолашга қараганда паст.

 

Бу, ўз навбатида, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ва йил якунида инфляция даражасининг асосий сценарий прогнозлари доирасида шаклланишига ёрдам беради.

 

Жорий йилнинг январь-май ойлари учун муқобил статистик маълумотларга кўра, иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланиб қолмоқда.

 

Хусусан, январь-май ойларида савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар 37,4 фоизга, иқтисодиёт субъектларининг банклар орқали тўловлари ҳажми эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,4 фоизга кўпайди. Пул ўтказмалари ҳажми 21 фоизга ошди ва аҳоли даромадларининг реал ўсишини қўллаб-қувватловчи муҳим омиллардан бири бўлиб турибди.

 

Январь-май ойларида банклар томонидан 102 трлн сўм миқдорида кредитлар ажратилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 фоизга кўп. Ушбу даврда аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари 21 фоизга, банк ҳисобварағига эга бўлган аҳоли сони 6,1 фоизга, уларнинг ҳисобварақлари сони эса 14,8 фоизга кўпайди.

 

Асосий экспорт товарларига халқаро бозорларда юқори нархнинг шаклланиши ва импортга бўлган талабнинг нормаллашуви шароитида ташқи савдонинг салбий сальдоси бирмунча қисқариши тахмин қилинмоқда.

 

Банклараро пул бозорида таъминланган операциялар улушининг ўсиши кредит хатарининг ва тегишинча, фоиз ставкаларини маълум даражада пасайтиришга хизмат қилади. Барқарорлашган ликвидлик ҳолати ва макропруденциал чоралар таъсирида чакана кредитлар ўсиши мувозанатлашади.

 

Пул-кредит шароитларини жорий  даражада сақлаб  қолиш  иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатмаган ҳолда миллий валютада жамғаришни рағбатлантириш ва базавий инфляциянинг пасаювчи динамикада  давом этишига зарур шароитларни яратади.

 

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблигига, шунингдек инфляцион кутилмаларнинг шаклланишига алоҳида эътибор қаратади.

 

Марказий Банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 25 июлга белгиланган.