Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Низоларни ҳал қилишнинг янги усуллари: медиация

28.12.2016

Кўп асрлар давомида медиация давлатлараро алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессионал, диний ва бошқа жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ҳамда парламентда юзага келадиган низоларни бартараф этишда муваффақиятли қўлланилган.

Бизнинг давримизда медиация ва унинг таркибига кирадиган усулларнинг аҳамияти каттадир. У нафақат оила ва меҳнат низоларида, балки ҳар қандай даражадаги мулкий муносабатларда, жумладан, компаниялар, корпорация менежменти ва унинг акциядорлари ўртасидаги, шунингдек, халқаро ҳуқуқ субъектлари орасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этишда қўлланилмоқда.

 “Медиация” сўзи лотин тилидаги "mediare" сўзидан олинган бўлиб, воситачилик қилиш, келиштириш мақсадида аралашиш деган маъноларини билдиради. Шунинг учун юридик адабиётларда медиация ва воситачилик тушунчалари синоним ҳисобланади. Медиация (воситачилик)нинг легал таърифи бизнинг қонунчилигимизда мавжуд эмас.

 

Медиация (воситачилик) билан боғлиқ муаммолар тадқиқ этилган илмий ишларда мазкур тушунчага муаллифлик таърифлари келтирилган.

 

Конфликтология соҳаси бўйича мутахассислар медиация деганда, воситачилик қилувчи ташқи учинчи шахс – медиаторнинг – авж олаётган низони жавобгарликни ўз зиммаларига олишга тайёр турган барча иштирокчилари билан биргаликда алоҳида ҳолат учун характерли бўлган тартибга солиш варианти ёки мавжуд низонинг келажакда барқарор ва тарафлар учун фойдали ечимини ишлаб чиқишдаги ёрдамини тушунадилар. Е.И.Носырова воситачиликни учинчи мустақил иштирокчи - воситачи (медиатор) ёрдамида тарафлар орасидаги муаммони тартибга солиш жараёни сифатида кўради.

 

Коннов А.Ю. воситачиликни музокара сифатида кўради, лекин бунда музокаранинг воситачиликдан асосий фарқи юзага келган низони ҳал қилиш мақсадида мустақил учинчи шахс иштирок этишини ҳисобга олиш лозим.

 

Ш.М.Масадиков медиацияни тарафларга ўзаро мақбул келишувга  эришишига кўмаклашувчи ва қарор чиқариш ҳуқуқига эга бўлмаган бетараф медиатор ёрдамида улар ўртасидаги низони ҳал қилиш усули сифатида тушунади.

 

Шундай қилиб, медиация - бу бир-бирини тушуниш ва низоли ҳолатни бартараф этувчи битим тузишга эришиш мақсадида холис шахс – медиатор (воситачи) иштирокида тарафларнинг эркин музокарага кириш йўли билан низони ҳал қилиш тамойилидир.

 

БМТ уставининг 33-моддасида медиация (воситачилик) низоларни ҳал этиш воситаси сифатида тан олинган. Европа Парламенти ва Кенгашининг 2008 йил 21 майдаги ЕИ 2008 (52) директиваси фуқаролик ва тижорат соҳасидаги медиациянинг айрим жиҳатларига тааллуқли бўлиб,  медиация тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: “Низонинг икки ёки ундан ортиқ тарафлари улар ўртасидаги низони ҳал қилиш тўғрисида келишувга эришиш мақсадида, мазкур жараён тарафларнинг ташаббуси билан уюштирилганлигидан, суд томонидан таклиф этилган ёки тайинланганлигидан ёки миллий қонунчиликда кўрсатилганлигидан қатъи назар учинчи тарафга ёрдам сўраб мурожаат этиш жараёнидир”.

 

Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, медиация фуқаролик-ҳуқуқий низоларни ҳал этишда жуда самарали ҳисобланади. Айниқса, англо-саксон ҳуқуқий тизимида яраштирув жараёнлари ривожланган, шунингдек, медиация Европа давлатларида кенг тарқалган. Охирги ўн йилликда Европа ҳамжамияти доирасида медиацияга ижтимоий муносабатларнинг иштирокчилари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш имкониятларидан бири сифатида мурожаат этиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, 2002 йил Европа комиссияси томонидан фуқаролик ва тижорат ҳуқуқлари бўйича низоларни муқобил ҳал этиш масалалари бўйича Яшил китоб ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда медиация АҚШ, Янги Зеландия, Канада, Австралия, Буюк Британия, Франция, Испания, Италия, Бельгия, Австрия, Германия каби давлатларда кенг ривожланган.

 

Медиацияни ўрганиш бўйича халқаро тадбирларда унинг самарадорлиги бўйича бир қанча рақамлар келтирилади. Масалан, АҚШда мазкур процедурадан ўтган ишларнинг 95 фоизи суд муҳокамасигача етиб бормаган. Германияда медиациянинг кўрсаткичлари катта таассурот қолдиради – 90%дан кўпроқ  музокаралар тарафларнинг келишув битими билан якунланган. Қуйи Саксонияда самарадорлик 97%ни ташкил этади. Буюк Британияда 90-95 фоиз низоли ҳолатлар суд муҳокамасигача ҳал этилади. Европада медиациянинг самарадорлиги ўртача 40-80%ни ташкил этади.

 

Одатда давлат судлари низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беради, сабаби улар давлат судларидаги ишлар сонини нормаллаштиришга шунингдек, одил судловни самарали амалга ошириш учун зарур шароит яратишга имкон туғдиради.

 

Медиациянинг мақсади – низо иштирокчиларининг ўз келишмовчиликларини  мустақил ҳал қилиш лаёқатига, ўзаро талабларини қондиришга ва ҳар икки тараф учун баравар фойдали бўлган келишувга эришишларига кўмаклашишдан иборатдир.

 

Бу каби низони ҳал қилиш самарадорлигига низолашаётган тарафларда келажакка йўналтирилган мақсадли ҳаракатлари ҳисобидан  кооперация ва коммуникацияга бўлган қобилиятнинг очилиши туфайли эришилади, бу эса низо тарафларига вақтни, пулни ва эмоционал ресурсларини тежашга ёрдам беради.

 

Фозилжон ОТАХОНОВ,  

  Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раиси,

 В.М.Ломоносов номидаги МДУнинг Тошкентдаги филиали доценти, ю.ф.н.

 

 

Мавзуга оид материаллар:

 

Акциядор даъвоси бўйича давлат божини айбдор тараф тўлайди

 

Юридик хулоса – тадбиркорнинг ихтиёрига кўра

 

Ҳакамлик судьялари малакасини ошириш давр талаби

 

 

 

Курс валют

2017-12-12
  • USD:8093.00 (--3.33) сум
  • EUR:9531.94 (--76.78) сум
  • RUB:136.86 (--0.71) сум