Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган комиссия нотариат соҳасида ягона амалиётни шакллантиради.
Бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлигининг паст даражадалиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, нотариал ҳаракатларни бажаришдаги муаммолар, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг ушбу тизимга бўлган ишончини пасайтирмоқда.
Уларни батараф этиш ва нотариат тизимини замон талабларига мос келадиган соҳага айлантириш мақсадида эксперт комиссияси ташкил қилинди.
Унинг таркибига жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи 7 нафар аъзо, ҳуқуқ соҳасидаги етакчи мутахассис-олимлар, тажрибали нотариуслар ва Адлия вазирлигининг масъул ходимлари киритилди.
Комиссияга қуйидаги вазифалар юклатилди:
- нотариал ҳаракатларни амалга оширишда жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни қонуний ҳал қилиш;
- соҳада бир хил амалиётни таъминлаш;
- қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий нуқсонларни, коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга, фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилишга, уларни сарсон қилишга шарт-шароит яратувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш, уларни бартараф этиш;
- қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Тақдим қилинадиган ҳужжат турларини тубдан қисқартиришнинг қонуний йўлларини излаб топиш, фуқароларни ортиқча овора қилмаслик мақсадида уларни электрон тизим орқали олиш тартибини жорий этиш, шунингдек нотариал тасдиқланиши талаб қилинадиган ҳужжатларнинг турларини қисқартириш комиссиянинг муҳим вазифалари сирасига киради.