Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Қандай қилиб бухгалтер янги ишга киришиб кета олади

08.09.2018

Читать на русском языке

 

Янги жойда биринчи кун ишлаш – масъулиятли палла. Нимага эътибор бериш керак, нималарни назардан қочирмаслик лозим? Пойтахтдаги корхоналарда бош бухгалтер бўлиб ишлаб, катта тажрибага эга бўлган эксперт Ольга Шабанова маслаҳат беради.

 

Моҳиятга назар ташланг

 

Меҳнат шартномаси тузилгандан кейин биринчи навбатда корхона бухгалтериясига назар ташланг ва унинг моҳиятини ўрганинг. Барча жиҳатларни ўзингиз ўрганиб чиққанингиз мақсадга мувофиқдир. 

 

Зарурий тартиб-таомил – моддий мол-мулкни инвентарлашдан ўтказиш. У 19-сонли Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартига мувофиқ ўтказилади. Инвентарлаш ташкилотнинг мол-мулки ҳақиқатда мавжудлигини ва унинг ҳолати ҳисобдаги маълумотларга мувофиқ келишини текшириш учун ўтказилади. 

 

Кейинги қадам – ишларни қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш. Қонунчиликка биноан мазкур тартиб-таомил мажбурий ҳисобланмайди, лекин уни ўтказиш сизнинг манфаатингиздаги ишдир. Қабул қилиш-топшириш далолатномаси қайси ҳужжатлар жойида турибди, қайсиларини тиклаш кераклигини тушуниб етишингизга ёрдам беради. Келгусида раҳбарият «Биздаги барча ҳужжатлар жой-жойида турар эди, сиз эса анчасини йўқотиб юборибсиз» деганга ўхшаш иддаоларни ҳам қила олмайди.

 

Қабул қилиш-топшириш далолатномаси эркин ҳолда тузилади. Барча ҳужжатларни унда кўрсатишнинг имкони йўқ албатта. Папкаларни рўйхатдан ўтказиш билан кифояланинг. Аслида далолатномани олдинги бухгалтер билан тузиб, корхона раҳбарининг имзосини қўйдириб олсангиз – айни муддао бўларди. Олдинги бухгалтер бўлмаган тақдирда эса рўйхатни раҳбар билан бирга тузинг.

 

Папкадаги барча ҳужжатларнинг бутлиги ва сақланганлигини амалда текшириш жуда қийин. Бу катта ҳажмдаги ишдир. Мазкур жараёнда олдинги бухгалтернинг хатоликлари юзага қалқиб чиқишига тайёр туришингиз керак. 

 

Бухгалтерия ҳолати тўғрисидаги умумий тасаввурга эса айланма-сальдо ведомостини ўрганиш орқали эга бўлиш мумкин. Рўйхатни биргаликда тузаётган масъул шахс ведомостда кўрсатилган ҳар бир рақамни ҳужжат билан тасдиқлашини илтимос қилинг. 

 

Хатолар устида ишлаш. Биринчи қадам

 

Одатда текширув вақтида бухгалтерия ҳисобида хатоликлар аниқланади. Ишларни қабул қилиш-топширишда юзага қалқиб чиқадиганлари – бу катта хатоликлар ҳисобланади.  Майда хатолар – алоҳида ҳужжатларнинг етишмаслиги ва уларда қайд этилган ҳисоб-китоблардаги ноаниқликлар аниқланиши мумкинлигига ҳам тайёр туриш лозим. Олдинги бухгалтернинг хатолари учун сизни жазолай олишмайди. Лекин амалдаги бухгалтер сифатида, аввало, улар янги хатоликларга йўл очмаслиги, қолаверса, солиқ ва назорат органларининг даъво қилишига сабаб бўлмаслиги учун  ҳам сиз хатоларни тузатишингиз керак. 

 

Хатоларни тузатишга киришишдан олдин корхонанинг ҳисоб сиёсатини пухта ўрганиб чиқинг. У раҳбар томонидан тасдиқланган бўлиши керак. Ушбу ҳужжатда хўжалик юритувчи субъект томонидан бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тузиш учун қабул қилинадиган усуллар жамланмаси, уларни гуруҳлаш услублари ҳамда хўжалик фаолияти далилларини баҳолаш, активлар қийматини сўндириш, ҳужжатлар айланиши, инвентарлашни ташкил этиш йўл-йўриқлари,  бухгалтерия ҳисоби счётларини қўллаш усуллари, ҳисоб регистрлари, ахборотга ишлов беришнинг тизимлари ҳамда бошқа тегишли усуллар, йўл-йўриқлар ва услублар келтирилади. 

 

Агар ҳисоб сиёсати бўлмаса, уни 1-сонли Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартига амал қилоган ҳолда ишлаб чиқиш зарур. Ушбу ҳужжат янги корхона учун тайёрланаётгани йўқ, шу сабабли ташкилотда шаклланган бухгалтерия ҳисобининг анъаналарини ҳисобга олиш даркор. Бу ишда молиявий хизматга масъул бўлган барча мутахассислар яқиндан ёрдамчи бўлишлари даркор. 

 

Келгусида ҳисоб сиёсатидан нафақат хатоларни бартараф этишда, балки бухгалтерия ҳисобини юритишда ҳам фойдаланиш зарур бўлади. 

 

Хатоларни қанчалик тез бартараф этиш керак?

 

Уларни аниқланган заҳоти, иложи борича тезроқ «йўқотиш керак». Лекин кундалик муҳим ишлар орасида ҳужжатларни тиклаш беихтиёр иккинчи ўринга тушиб қолади. Хатоларни бўш дақиқаларда, баъзида эса бунинг учун ишдан кейин қолиб тузатишга тўғри келади. Шунинг учун иш юкини оқилона тақсимлаган маъқул.

 

Хатоларнинг умумий ҳажмида биринчи навбатда тузатилиши керак бўлганларини ажратиб олинг. Бу солиқлар тўланмай қолишига олиб келган хатолардир. ЯСТ тўловчиларида бу хатолар, қоида тариқасида, корхонанинг даромадлари, иш ҳақини ҳисоблаб ёзиш ва дивидендларни тўлашда акс эттирилган счётларда бўлади. Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимидаги корхоналарда иш мураккаброқ – харажатларга ҳам назар ташлаш керак. Агар айрим шартнома ва ҳисобварақ-фактуралар йўқотилган бўлса, тегишли ҳамкорлар билан боғланган ҳолда уларни қайта тиклаш керак. 

 

Арифметик хатоларни тузатиш бюджетга қўшимча тўловлар ва ҳисоботларни қайта топширишни талаб қилади. Бу ўринда солиқ органлари сизнинг ташкилотингизга нисбатан қўллаши мумкин бўлган жазо чораларига ҳам тайёр туришингиз лозим. Бироқ улар туфайли айбни эътироф этиб, солиқ идорасига боришни кейинга сурмаслик керак. Хатолар текширувлар вақтида аниқлангудек бўлса – жазо янада қатъий бўлиши ва шахсий тус олиши (ходимларга нисбатан қўлланилиши – таҳ.) ҳам мумкин .

 

Солиқларни ортиқча тўлашга олиб келган хатоларни тузатиш ҳолларида ҳам ҳисоботлар қайта топширилади. Тўғри, ушбу тартиб-таомилнинг оқибатлари янада манфаатлироқ, чунки келгуси даврда қайта ҳисоблаш суммаси баробарида кам тўлаш лозим бўлади.   

 

Бошқа барча хатолар юзасидан қуйидагиларни тавсия этаман: улар аниқлангани сари раҳбарни хабардор қилиб бориш, бартараф этиш эса келгусидаги ҳисоб-китоблар учун зарур бўлганда ёхуд бўш вақтда амалга оширилади.  

 

Таҳририятдан: Янги иш жойида корхонанинг хусусияти билан боғлиқ бўлган мураккабликлар юзага келиши мумкин. Зарур билимларни Norma профессионал ривожланиш марказида олиш мумкин. Ҳавола орқали ўтиб, сизни қизиқтирган семинар ва курсларни танлашингиз мумкин. Дарвоқе, Ольга Шабанованинг  «Бухгалтерия ҳисобининг асослари» навбатдаги ўқув курсига тингловчиларни тўплаш бошланди. Бу ерда ёзилиш мумкин.

 

Олег Гаевой суҳбатлашди.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-12-18
  • USD:8325.59 (+12.95) сум
  • EUR:9413.74 (--42.72) сум
  • RUB:124.70 (--0.52) сум