Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак рассчитать отпускные и компенсацию за неиспользованный отпуск по новому ТК Агрегаторы такси и предприниматели, оказывающие услуги такси, налаживают выдачу чеков Госпрограмма на 2024 год: что получит бизнес Как руководителю контролировать бухгалтера, не обладая тонкостями знаний бухгалтерского учета

Сенат томонидан олтита қонун маъқулланди

07.04.2023

Читать на русском языке

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси якунланди.

 

Сенаторлар “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.

 

Ҳужжат билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда.

 

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.

 

Шунингдек, АКТни жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали танлаш тартиби ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилмоқда.

 

Ялпи мажлисда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан оилавий (маиший) зўравонлик яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўровонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

 

Жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмайди. Аксинча бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.

 

Хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

 

Амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган. Эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.

 

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан сўнг “Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Жиноят кодекси “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилиб, унга кўра Кодекснинг тегишли моддалари, қисми ва бандларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланмоқда ҳамда ушбу жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилмоқда.

 

Қуйидагиларга:

  • ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
  • фирибгарлик;
  • солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга;
  • пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан, – жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланилмайди.

 

Давлат органи ва ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи, нодавлат нотижорат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда. Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Нур-Султон, 2021 йил 6 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Ушбу Шартнома билан Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларининг суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ имкони берилмоқда.

 

Ҳужжатга кўра, маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонлар мурожаатлари асосида топширилади.

 

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар кўриб чиқилди.

 

Сенаторлар ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари чуқур тарихий илдизларга эга эканини, маданий-маънавий қадриятлар, анъаналар ҳамда тарихнинг кўп асрлик муштараклигига асосланганлигини алоҳида таъкидлади. Ҳозирги вақтда бу икки давлат ўртасида ўзаро ишонч ва юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдеворга айланди. Сенаторларнинг фикрича, битимларнинг қабул қилиниши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга янгича туртки беради ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.