Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак скорректировать зачет НДС на основании статьи 270 Налогового кодекса Как сформировать прочие затраты производственного характера Как разработать график документооборота по экспортной сделке

Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди

14.09.2022

Читать на русском языке

Мажлисда Ўзбекистон Давлат бюджетининг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси, пенсия таъминотидаги ўзгартиришлар, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонунлар ва бошқалар муҳокама қилинди.

 

Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

 

2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ЯИМ ҳажми жорий нархларда қарийб 390 трлн сўмга етиб, иқтисодий ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4%ни ташкил этди.

 

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 92,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,8 трлн сўмга кўпайди. Давлат бюджети даромадларининг ўсишига сўнгги йиллардаги солиқ назорати ва маъмуриятчилиги янги дастакларининг жорий этилиши, солиқ базасининг кенгайтирилиши, иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар таъсир кўрсатди.

 

Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 103 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 26,4%ни ташкил этди. Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлари 36 трлн 977 млрд сўмга етди.

 

Сенаторлар “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.

 

Янги таҳрирдаги “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда. Жумладан, электрон ҳужжатларнинг юридик кучи, офертага қўйиладиган талаблар, электрон ҳужжатларни сақлаш хусусиятлари, электрон битимни амалга ошириш тартиби ҳамда электрон шартномаларни тузиш шартлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

 

Қонун билан электрон тижоратда харидорнинг шартлари тўлиқ қондирилмагунча ахборот тизимида пул маблағларини ушлаб туриш имкониятини берувчи пулни депонентлаш тизими (эскроу) жорий қилинмоқда. Юридик шахслар билан бир қаторда ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон тижоратда иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенат мажлисида сенаторлар “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилишди.

 

Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни кўзда тутадиган мазкур Қонун сенаторлар томонидан соҳа экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида таҳлил қилинди ва унинг айрим моддаларининг нормаларида ноаниқликлар аниқланган. Қизғин муҳокамалардан сўнг “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни рад қилиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинди.

 

Сенатнинг мажлисида “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонун қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

 

“Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги Қонун 2003 йилда қабул қилинган. Бугунги кунда унга қатор ўзгартиришлар киритишга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Жумладан, Австралия, Корея, АҚШ ва бир қатор ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда юридик шахсларга электрон рақамли имзодан фойдаланишга рухсат этилмоқда.

 

Давлат органларининг махфий маълумотларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида идоралараро электрон ахборот алмашинувида фақат миллий стандартлар асосида ишлаб чиқилган электрон рақамли имзодан фойдаланишга рухсат этилмоқда.

 

Фойдаланувчиларга доимий равишда ўзи билан маълумот ташувчи қурилмаларни (флешка) олиб юришга ҳожат қолдирмаслик мақсадида «булутли технологияларда» электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

 

Қонунда рўйхатга олиш марказининг фаолиятига қўйиладиган асосий талаблар белгиланмоқда. Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш амалиёти жорий этилмоқда. Электрон рақамли имзолар калитлари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мазкур Қонун билан мустаҳкамланмоқда.

 

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган масалалардан бири “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун бўлди.

 

Таъкидланганидек, Қонун билан 2023 йилнинг 1 январидан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробарига ошириш назарда тутиляпти.

 

Киритилаётган ўзгартишга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан ортиқ бўлмаган, яъни 3 888 000 сўм миқдоридаги ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисобга олиш белгиланмоқда.

 

Натижада 352 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача ойлик пенсия миқдори 400 минг сўмгача ошади. Шулардан, 304 минг нафари ёшга доир пенсия олувчилар, 25,2 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслар ва 23 минг нафари боқувчисини йўқотган шахслардир.

 

Сенатнинг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

 

Охирги пайтларда электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари кўп содир этилмоқда. 2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жами 1 812 та жиноят иши қўзғатилган.

 

Ушбу Қонун билан бундай турдаги жиноятлар учун жазо оғирлаштирилмоқда. Яъни эндиликда ахборот тизимларига ноқонуний кириб ва улардан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима тўланади. Ҳозир бу миқдор БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригачани ташкил этади. Ёки амалдаги нормага кўра ушбу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланмоқда.

 

Амалдаги қонунчиликда халқимизга хос бўлган миллий ва умуминсоний қадриятлар, муқаддас қадамжоларимизга, юртимиз ҳаётига оид муҳим тарихий воқеаларга бағишланган, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, миллий қаҳрамонларимизнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўрнатилган ёдгорликларга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш каби хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни белгилашда бўшлиқлар бор. Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш, таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.