Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzПредприятие перешло на НДС, что делать с договорами, которые заключены ранее Какие налоговые последствия возникают при выбытии учредителя ОООКак определять доходы от выбытия основных средств и иного имущества Как строительным организациям определять доход от реализации при расчете налога с оборота

Сенаторлар Меҳнат кодексининг янги таҳририни тасдиқлашди

18.03.2022

Читать на русском языке

17 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар. 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси замонавий воқеликка мос келмайди ва иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмайди.

 

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

 

Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, меҳнат муносабатларидаги камситиш омиллари, хизмат текшируви ҳамда жамоавий меҳнат низолари юзасидан киритилаётган нормаларга алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.

 

Сўнгра “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. У билан банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормалар тизимлаштирилмоқда.

 

Қонун билан нобанк кредит ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар томонидан амалга ошириладиган (кўрсатиладиган) молиявий операциялар (хизматлар) рўйхати белгиланмоқда.

 

Шунингдек, нобанк кредит ташкилотларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар, шу жумладан уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, муассислари ва иштирокчилари (акциядорлари), раҳбар ходимлари (кузатув кенгаши аъзолари ва ижро этувчи орган, бош бухгалтер), шунингдек, устав фонди (устав капитали) ва унинг энг кам миқдорига қўйиладиган талаблар аниқлаштирилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан кейин сенаторлар томонидан “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Ҳужжатда қонуннинг мақсади, вазифалари, асосий тушунчалар, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашишнинг принциплари, йўналишлари, усуллари, масъул давлат органи ва унинг ваколатлари, киберхавфсизлик ҳодисалари бўйича чоралар кўриш ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилмоқда.

 

Қонунда кибержиноятчилик, кибертаҳдид, киберхавфсизлик, киберҳимоя ва киберҳужум каби тушунчалар қўлланиб, киберхавфсизликни таъминлашнинг асосий принциплари ва бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланиб, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.  У органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди. Ҳужжатга асосан улар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш чоғида ўз фирмаси номидан, товар белгисидан ва хизмат кўрсатиш белгисидан фойдаланиш, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш учун зарур бўлган хизматлар (ишлар) турларини, шу жумладан мувофиқликни баҳолаш органларини ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларни мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эга.

 

Қонун билан органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар фаолияти доирасида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши белгиланган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шунингдек ялпи мажлисда янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. Қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб янги тушунчалар билан тўлдирилган.

 

Ҳужжат билан белгиланишича, Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкин. Қонунда реклама берувчининг, реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.

 

Шунингдек, ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши керак. 

 

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати вояга етмаганларни рекламадан, хусусан унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилувчи ва рекламада вояга етмаганлар иштирокини чекловчи янги нормалар билан тўлдирилганидир. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

 

Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилишди. Ҳужжат билан қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилиниши таъминланади, бунда қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилади.

 

Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилгани, мазкур Қонун билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни давомий амалга оширилаётгани мажлисда маълум қилинди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сўнгра “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди. Қонунда тартибга солинадиган жавобгарлик муносабатларининг аҳамиятини эътиборга олиб, сенаторлар уни қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, такомилига етказишни лозим деб ҳисоблади. Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.

 

Шундан кейин сенаторлар томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди. Жумладан, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонун суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ихтиёрий ижросини таъминлаш чоралари билан тўлдирилмоқда.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддаси Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилгунига қадар айрим тоифадаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминламаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

 

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик ҳаракатини маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттирганлик учун Жиноят кодексига жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этиш белгиланмоқда. Муҳокамалар сўнггида сенаторлар Қонунни маъқуллашди.

 

Шундан кейин сенаторлар “Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар. Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсига Марказий банкда ҳам ҳисобварақ очиб, қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳуқуқини берилишини кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартишлар киритилмоқда.

 

“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи (“олтин акция”) бекор қилинаётган бўлиб, унинг бекор қилиниши йирик салоҳиятли инвесторларнинг хусусийлаштириладиган корхоналарга бўлган қизиқишини ортишига ижобий таъсир этади.

 

Умуман, қонун давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришда корпоратив бошқарувнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали уларни самарадорлигини янада оширишга ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг асосий инфратузилма объекти ҳисобланган Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини такомиллаштирилишини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2022-08-17
  • USD:10970.01 (+0.00) сум
  • EUR:11117.01 (+0.00) сум
  • RUB:178.88 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах