Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz:Куда отнести НДС по представительским расходам Новый Указ в поддержку туризма и авиаперевозчиков в 2022 году Что делать, если у контрагента высокий «коэффициент разрыва» 48 бесплатных вебинаров по МСА

Солиқ маъмуриятчилиги ва йўл ҳаракати қоидаларига қандай ўзгартиришлар киритилади

21.11.2021

Читать на русском языке

Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида бир қатор қонунлар маъқулланди.

 

Сенаторлар томонидан «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Конституциявий Қонун маъқулланди.

 

Қонунда фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган. Хусусан, фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартиби, қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний ва юридик шахслар, шунингдeк мансабдор шахс ҳуқуқларининг кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

 

Қонунда фавқулодда чоралар, уларнинг таъсири доираси, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига ўрнатилаётган вақтинчалик чекловлар, уларга юклатилаётган қўшимча мажбуриятлар, кучга кириш вақти ҳамда амал қилиш муддати каби бир қанча чоралар тартибга солинмоқда.

 

Қонун билан республика бўйича жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати ўттиз суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса олтмиш суткадан ошиши мумкин эмас. Фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин. Лекин мазкур фармон Парламент қўшма мажлисида тасдиқланиши белгиланмоқда.

 

Сенатнинг мажлисида «Гидрометеорология фаолияти тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан «атроф табиий муҳит ифлосланишининг мониторинги», «гидрометеорологик ахборот», «гидрометеорологик жараёнлар» ва бошқа асосий тушунчалар белгиланмоқда. Шунингдек гидрометеорология фаолиятининг асосий принциплари, объектлари, субъектлари, ихтисослаштирилган ташкилотлар тўлиқ кўрсатилган.

 

Шунингдек ҳужжатда гидрометеорологик ахборотни тайёрловчилар ҳамда ундан фойдаланувчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, гидрометеорология фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби, уни молиялаштириш, соҳадаги халқаро ҳамкорлик, қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ва бошқа бир қатор нормалар назарда тутилган.

 

Сенат томонидан маъқулланган «Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг асосий мақсади қабул қилинган фармон ва қарорларда назарда тутилган тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб бериш ҳамда тасдиқланган давлат дастурлари ижросини таъминлашдан иборат.

 

Қонунда Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманлари, тоғли ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларда янгидан ташкил этилган, ушбу туманларда (ҳудудларда) давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини тўлашдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилиниши белгиланган.

 

Шунингдек Сурхондарё вилояти тоғли ҳудудлари ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида янгидан ташкил этилган, ушбу ҳудудларда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (бундан кластерлар мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50% камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши назарда тутилган.

 

Сирдарё вилояти Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатида зарар кўрган, рўйхати халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан тасдиқланадиган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликлари 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулкка солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинмоқда.

 

Товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар билан ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб, улар нархларини сунъий ошириш ёки пасайтириш ҳолатлари ҳамда мажбурий равишда рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш қоидаларини ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан бузиш ҳолатлари бўйича жавобгарлик белгиланмоқда.

 

Сенаторлар «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилдилар.

 

Қонун билан бир қатор тузатишлар киритилмоқда. Хусусан, вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, шу жумладан болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилмоқда. Шунингдек вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилиш муддатлари аниқ белгиланиб, жиноят-процессуал қонунчиликда вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда психолог иштирок этишини таъминлаш назарда тутилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонун билан бир қанча хизматлар жумладан кооперативлар уставини рўйхатдан ўтказиш, юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олиш, адвокатлик бюролари, фирмалари, ҳайъатларини рўйхатдан ўтказишни автоматлаштириш эндиликда давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

 

Товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлган субъектлар қатори кенгайтирилди. Бунда барча юридик ёки жисмоний шахс ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин.

 

Фирма номлари, товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби ҳам белгилаб қўйилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенат мажлисида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонунда истеъмолчи ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчи) ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг янгича механизмлари, шартномавий муносабатларда истеъмолчига ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилиши ва шартномага истеъмолчининг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритишга йўл қўйилмаслик каби янги талаблар киритилган.

 

Шунингдек истеъмолчи томонидан товарлар учун ҳақ тўлаш нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда сотувчига ҳақ тўлаш шаклига қараб товарнинг айни бир маркаси (модели, артикули) учун ҳар хил нархлар белгилаши тақиқланмоқда.

 

Хусусан, агар тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтариш товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, худди шундай шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда.

 

Товарда (ишлар, хизматларда) нуқсонлар борлиги ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмаслиги тасдиқланган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) текширув (тест, экспертиза) ўтказишни ташкил қилган истеъмолчи ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органларига товарларни текшириш (тестдан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ қоплаши кераклиги ҳақидаги норма киритилмоқда.

 

«Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Киритилаётган ўзгаришларга муфовиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари тазйиқ ва зўравонликка учраган, уларга мурожаат қилган хотин-қизларни ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни белгилаш, шунингдек мазкур ҳолатлар тўғрисида тегишли аёлларни реабилитация қилиш
ва мослаштириш марказлари, ички ишлар органларини зудлик билан хабардор этиш ваколатларига эга бўлади.

 

Меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда. Эндиликда меҳнат органлари иш қидираётган ва оғир ижтимоий аҳволда қолган, оилавий муаммолар ва зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва касбга йўналтириш чораларини кўради.

 

Сенатнинг ялпи мажлисида «Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

 

Қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, мақбуллаштириш мақсадида 5 та модда санкцияси миқдори камайтирилмоқда. Хусусан, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик ёки муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлиги, паспорт тизими қоидаларини бузганлиги, фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори камайтирилмоқда.

 

Транспорт воситаси салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатиш учун жавобгарлик бекор қилинмоқда, шунингдек транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юборганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар қайд этган тезликдан соатига 5 километр айириб ташлаб ҳисоблаш жорий этилмоқда.