Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Суд ҳимояси: алимент ундириш! (Охири)

02.08.2016

Алимент ундириш тўғрисидаги мурожаатларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиш нафақат болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, балки она-оналар масъулиятини оширишга ҳам кўмаклашади, деб ҳисоблайди Холмўмин ЁДГОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси, Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт Дастури қўшма лойиҳаси миллий координатори.

Охири. Боши - бу ерда

 

 

Суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза билан судга қандай мурожаат қилиш мумкин?  

 

Энг аввало, ундирувчи, суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги аризани ёзиши керак. Унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

 

1) ариза берилаётган суднинг номи;

 

2) ундирувчининг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи;

 

3) қарздорнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи;

 

4) ундирувчининг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;

 

5) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова этилаётган ҳужжатлар рўйхати (ФПКнинг 2383-моддаси).

 

Алимент ундириш бўйича суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризанинг намунаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий веб-сайтида (www.oliysud.uz), суд ҳужжатлари намуналари бўлимида жойлашган.

 

Суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги аризани қарздорнинг ёки ундирувчининг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига топшириш мумкин. Аризани судга топширишда давлат божи тўланмайди.

 

 

Суд буйруғи чиқарилгандан кейинги ҳаракатлар нималардан иборат?

 

Суд буйруғи чиқарилганидан кейин судья суд буйруғини дарҳол қарздорга жўнатади. Карздор эса олган суд буйруғига қарши ўз эътирозини 10 кун ичида суд буйруғини чиқарган судга юборишга ҳақли (ФПКнинг 2389-моддаси).

 

Агар қарздор чиқарилган суд буйруғига нисбатан белгиланган муддат ичида ўз эътирозини билдирмаса, судья суднинг муҳри билан тасдиқланган суд буйруғини ижро этишга тақдим қилиш учун ундирувчига беради. Ундирувчи олган суд буйруғини қарздор яшаш жойидаги суд ижрочиларга топшириши керак (ФПКнинг 23811-моддаси).

 

Ундирувчининг илтимосига кўра, суд буйруғи ижро этиш учун суд ижрочиларига бевосита суд томонидан юборилиши мумкин.

 

Даъво тартиби: Қарздор чиқарилган суд буйруғига ўз эътирозини билдирса (суд буйруғи бекор қилинган бўлса), алимент таъминотини ўтган (уч йилдан кўп бўлмаган)  давр учун ундириш истаги мавжуд бўлса ёки оталик белгилаш лозим бўлганда судга алимент ундириш тўғрисидаги даъво аризаси топширилади.

 

Ёдда тутинг:  Агар алимент таъминоти ўтган давр учун ундирилмоқчи бўлса, бу ҳолда судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш керак.


Мисол: Н.Сайфуллина ва А.Сайфуллин 2007 йил 10 февралда қонуний никоҳдан ўтишган, ўртада иккита фарзандлари бўлган. 2012 йилда А. Сайфуллин оиласини ташлаб кетган ва фарзандлар А.Сайфуллинанинг тарбиясида қолган. Шу вақтдан бошлаб А.Сайфуллин фарзандларига ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатмаган. Н.Сайфуллина 2012 йил сентябрдан бошлаб фарзандларининг таъминотига то улар вояга етгунига қадар қонунда белгиланган алиментни ундиришни сўраб 2015 йилда даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Судга мурожаат қилингунга қадар Н.Сайфуллина томонидан болалар учун отасидан таъминот олиш чоралари кўрилганлиги, аммо таъминот бериб туриши шарт бўлган А.Сайфуллин ўз оталик бурчини бажармаганлиги оқибатида алимент олинмаганлиги суд томонидан аниқланиб, ОКнинг 136-моддасига биноан, Н.Сайфуллинанинг талаби қаноатлантирилган, вояга етмаган болалар таъминотига 2012 йил сентябрдан бошлаб то улар вояга етгунига қадар А.Сайфуллиннинг ҳар ойлик иш ҳақи ва жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилган.


Ёдда тутинг:  Оталикни белгилаш зарурати бўлган ҳолда, яъни туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномада оталик ҳақида маълумотлар кўрсатилмаган тақдирда, оталикни белгилаш ФҲДЁ органлари томонидан оталик тан олинган тақдирда ота-онанинг биргаликдаги аризасига кўра, оталик тан олинмаган тақдирида эса, суд томонидан онанинг оталикни белгилаш тўғрисидаги даъво аризасига кўра  амалга оширилади(ОК 62-моддаси).


Мисол: Г.Ваҳобова ва С.Кенжаев 2012 йилдан 2014 йилгача амалда оилавий муносабатларда бўлиб, 2014 йилда фарзандли бўлишган. Шундан сўнг улар ўртасидаги муносабатлар бузилиб, Г.Ваҳобова ота-онасининг уйига қайтиб борган. Туғилган фарзандининг отаси белгиланмаганлиги учун Г.Ваҳобова 2014 йил 20 июнда оталикни белгилаш ва алимент ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Суд мажлисида С.Кенжаев оталикни тан олган, лекин қонуний хотини ва фарзанди борлиги учун алимент тўловларини амалга ошира олмаслигини таъкидлаган. Суд ОКнинг 96-моддасига биноан Г.Ваҳобованинг талабини қаноатлантириб, вояга етмаган болага нисбатан С.Кенжаевнинг оталигини белгилаб, 2014 йил 20 июндан бошлаб фарзандига то у вояга етгунига қадар онаси Г.Ваҳобова фойдасига ҳар ойлик иш ҳақи ва жами даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундирган.


Вояга етмаган болаларга алимент ундириш бўйича даъво аризасида қуйидаги маълумотлар ёзилиши шарт (ФПКнинг 149-150 моддалари):


1) ариза берилаётган суднинг номи;


2) даъвогарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи;

 

3) жавобгарнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми) ҳамда унинг яшаш жойи;

 

4) даъвогарнинг талаби ва талабга асос бўлган ҳолатлар;

 

5) арз қилинган талабни тасдиқловчи, илова этилаётган ҳужжатлар рўйхати.

 

Бу ерда даъвогарнинг талабларига ўзининг талабларига асос қилиб кўрсатилаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқлайдиган далиллар деганда вояга етмаган боланинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ҳамда у ким билан яшаши ва жавобгар томонидан вояга етмаган боланинг таъминотига қайси пайтдан маблағ тўланмаётганлиги каби маълумотлар кўрсатилиши керак;

 

Алимент ундириш бўйича даъво аризанинг намунаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий веб-сайти (www.oliysud.uz)нинг суд ҳужжатлари намуналари бўлимида жойлашган.

 

Даъво аризаси билан бирга судга қуйидаги ҳужжатлар топширилиши тавсия этилади:

 

-  даъвогарнинг у доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтганлигининг белгиси қўйилган паспорти нусхаси (рўйхатда турган манзилда яшамаган тақдирда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан берилган унинг амалда яшаш жойи тўғрисидаги маълумотнома);

 

-  жавобгарнинг у доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтганлигининг белгиси қўйилган паспортини нусхаси (рўйхатда турган манзилда яшамаган тақдирда  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан берилган унинг амалда яшаш жойи тўғрисидаги маълумотнома/паспорт нусхаси бўлмаган тақдирда, манзил маълумотномаси олинади);

 

-  никоҳ гувоҳномаси нусхаси (никоҳ рўйхатдан ўтказилган бўлса);

 

-  боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси (болалар сонига қараб) нусхаси;

 

-  даъвогарнинг судга мурожаат қилишидан олдин алиментларни ундириш бўйича қилинган чора-тадбирларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари (алимент таъминотини ўтган давр учун ундирмоқчи бўлса);

 

-  даъво аризасининг нусхаси.

 

Ёдда тутинг: Боланинг ота-онаси ўртасида никоҳ рўйхатдан ўтказилмаган тақдирда, даъво аризасида амалда оилавий муносабатлар тўғрисида маълумотлар берилади (бирга яшаш даври, яшаш жойи ва ҳ.к.)

 

Ёдда тутинг: Даъво аризаси ФПК талабларига мувофиқ ҳолда расмийлаштирилиши ҳамда тавсия этилган барча ҳужжатлар унга илова қилиниб, талаблар ОКнинг аниқ моддалари билан асослантирилиши керак.  Чунки у ФПК талабларига (149-150-моддалари) риоя қилинмай берилса, судья аризани қабул қилишни рад этиши (152-модда) ёки ҳаракатсиз қолдириши (154-моддаси) мумкин.

 

Даъво аризасини ҳамда унга илова этилаётган ҳужжатларни даъвогар ўз яшаш жойидаги ёки жавобгарнинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича судга топшириши мумкин. Бундай аризани топширишда давлат божи тўланмайди.

 

Даъво аризаси суд томонидан қабул қилинганидан сўнг судья уни ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, суд мажлиси кунини ва вақтини белгилайди. Низо ҳал этилгунга қадар судья жавобгардан белгиланган миқдорда вақтинча алимент ундириш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

 

Суд мажлиси тамом бўлганидан сўнг судья иш бўйича мазмунан ҳал қилув қарори чиқаради. Мазкур ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилиши шарт.

 

Агар жавобгар доимий яшаш жойини ўзгартириб, чет давлатга чиқиб кетса, унда суд ўз қарорини ижро этиш учун чет давлат судига суд қарорини ижро этиш борасида алоҳида топшириқ юбориши мумкин ( ФПК 390-моддаси).

 

 

Алимент қандай даромадлардан ушлаб қолинади?

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлар ҳамда чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмда ҳисобланади (ФПКнинг 104-моддаси).

 

 

Алимент тўлашдан бош тортаётган шахсга нисбатан қандай чоралар кўрилади?

 

Вояга етмаган ва ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин (ФПКнинг 79-моддаси). Ундан ташқари, бундай шахсларга Ўзбекистон Республикасидан четга чиқишга тақиқ қўйилиши ва улар жиноий жавобгарликка тортилишлари ҳам мумкин (ОКнинг 116-моддаси).

 

Шу билан бирга ОКнинг 81-моддасига кўра ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

 

 

Ариза судга қандай топширилади?

 

Одатда, суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво аризаси почта ёки судьянинг шахсий қабули орқали судга топширилади. Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрдаги «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 346-сон қарори ҳамда 2015 йил 9 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан 2016 йил 1 январдан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича судларга электрон шаклда мурожаат қилиш мумкинлиги белгилаб қўйилди. 1

 

 

Маъруф УСМАНОВ  ёзиб олди.

 

Мавзу бўйича материал:

 

 

Судланганлик ҳолати қандай тугалланади ва олиб ташланади

 

 

 


1 Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури кўмагида E-SUD миллий электрон ахборот судлов тизими ишлаб чиқилмоқда.

Эндиликда, суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво аризани, исталган вақтда ва жойдан, интернет тизими орқали, фуқаролик ишлари бўйича судларга топшириш мумкин. E-SUD миллий электрон ахборот судлов тизими (www.esud.uz) жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаат қилиш жараёнини соддалаштириб ва тезлатиб, судларда ишларни кўриш самарадорлигини янада ошириш имкониятини яратди. Ушбу ахборот тизими ундан рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга нафақат судларга электрон тарзда мурожаат қилиш, балки иш юзасидан ажримлар ва суд қарорларини ўз вақтида онлайн тарзда олишни ҳам таъминлайди.

Ҳозирда мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Ҳалқаро тараққиё агентлиги (USAID) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят судларидасинов тариқасида амал қилинмоқда.