Олий суд Пленумининг навбатдаги мажлисида “Судлар томонидан вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болалар таъминоти учун алимент ундиришга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ва “Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишдан тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллаш масалалари тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари кўриб чиқилди.
- www.norma.uz
- Бизнинг шарҳлар
- Судларнинг асосий вазифаси - адолат устуворлигини ўрнатиш
Судларнинг асосий вазифаси - адолат устуворлигини ўрнатиш
02.08.2016
Биринчи масала 2016 йил Ўзбекистонда «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилингани ва Давлат дастури қабул қилинганлиги билан бевосита боғлиқ бўлди.
Асосий Қонунда бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш, бу борада Оила кодекси нормалари тўғри татбиқ этилиши бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг ушбу қарори ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад болаларнинг соғлом ва ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишида ота-оналар масъул эканлиги, улар ўзларининг вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларини ҳар доим ижтимоий таъминлашга мажбурлигига судлар эътиборини қаратишдан иборатдир.
Пленумнинг иккинчи масаласи “Аризани қабул қилишни рад этиш, аризани кўрмасдан қолдириш ва иш юритишдан тугатиш билан боғлиқ процессуал нормаларни қўллаш масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Асосий Қонуннинг 44-моддасига мувофиқ ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Олий суд Пленуми йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.
Пленум мажлисида Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокурор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, экспертлар, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
* * *
Олий суднинг қенгайтирилган Раёсати йиғилишида умумий юрисдикция судларининг 2016 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти натижалари ҳамда истиқболдаги вазифалар кўриб чикилди.
Инчунун, жорий йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 139 мингдан ортиқ иш кўрилиб, уларнинг 87,9%и бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган, шундан 88,5% иш бўйича талаблар қаноатлантирилган.
Жиноят ишлари бўйича судларнинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлилига қараганда, айрим жиноят турлари, хусусан, ўғрилик, қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, йўл-транспорт ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, транспорт воситасини олиб қочиш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, безорилик каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайган.
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида судлар томонидан ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 6 934 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Ҳисобот даврида 150 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 2872 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 197 607 нафар шахсга нисбатан 158 мингдан зиёд маъмурий иш кўриб чиқилган.
Йиғилишда судья ва суд ходимларининг масъулиятини, касб маҳорати ва малакасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, судлар фаолиятида йўл қўйилган ҳато ва камчиликлар ҳам муҳокама этилиб, қатъий муносабат билдирилди. Ўзбекистонда одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан қонуний ва адолатли суд қарорлари қабул қилиниши суд ҳокимиятининг обрў-эътиборини юксалтирадиган, мамлакат аҳолиси ҳамма қатламларнинг унга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган муҳим омил эканлиги зарур тўғрисида қайд этилди.
Олимжон УСАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди
матбуот хизмати раҳбари
Мавзу бўйича материаллар:
Судланганлик ҳолати қандай тугалланади ва олиб ташланади
Судьялар малакасини ошириш узлуксиз бўлиши лозим
“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан жавоблар:
Читайте в свежих номерах
- При землетрясениях в новостройках будет автоматически блокироваться подача газа и электричества
- Предоставлять отпуск обязательно
- «О внесении дополнений в Налоговый кодекс Республики Узбекистан в связи с определением мер, направленных на установление взаимовыгодного сотрудничества с субъектами предпринимательства по сокращению бедности» (в извлечениях)
- Как привлекать к работе в выходные и праздничные дни
- В Ташкенте проведут V Параазиатские игры