Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzДва мнения о порядке выплаты компенсации за задержку выплаты дохода работникам Как уведомления по итогам автокамерала отличать от «неавтокамеральных» Как рассчитать НДФЛ и взносы на ИНПС за апрель 2024 года Как работать с резервом по сомнительным долгам

Твиттер имкониятларидан бизнес йўлида қандай фойдаланиш мумкин?

30.03.2018

Ижтимоий тармоқлар орасида Твиттернинг ўз ўрни бор. Маҳаллий компаниялар орасида ундан ўринли фойдаланиб мижозлари ва харидорлари сафини кенгайтириб бораётганлар кўп. Савдо ҳажмини ошириш мақсадида Твиттерни қандай қўллаш керак, обуначилар сонини ошириш сирлари нимада, ретвитлар кўпайиши учун нималар қилиш керак, умуман Твиттер ёрдамида савдо-сотиқ қилиш мумкинми — қуйида шу каби саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Ижтимоий тармоқларда бизнесни тарғиб этиш қоидалари ҳақида батафсил бу ерда.

 

Тадбиркорга Твиттер керакми?

Твиттерга мурожаат этмасдан ҳам тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли олиб бориш мумкин, албатта. Аммо ҳозирда у интернет-маркетинг соҳасида муҳим функцияларни бажармоқда: доимий мижозларни излаб топиш, сайтга кирувчилар сонини ошириш, кенг оммага машҳур бўлмаган янги брендларни тақдим этиш ва фойдаланувчилар билан доимий мулоқотни давом эттиришга ёрдам беради.

 

Айнан сизнинг тадбиркорлик фаолиятингиз учун Твиттер-аккаунтни юритиш керакми? Бу саволга аниқ жавоб топиш учун қуйидаги 3 та саволни ўзингизга бериб кўришингиз зарур:

1. Мақсадли аудиториянгизда Twitterдан фойдаланувчилар кўпчиликни ташкил этадими?

2. Твиттер-аккаунт юритишдан кўзлаган мақсадингиз нима, унда қандай маълумотларни бериб бормоқчисиз?

3. Рақобатчиларингиз Твиттердан фойдаланишадими, улар бу борада қанчалик муваффақиятга эришган ёки эришмоқда?

 

Твиттер – бу “сизни ўқиётганлар” билан 140 та белгидан кўп бўлмаган қисқа хабарлар алмашинувини тақдим этувчи тизим.

 

Профилни тўғри тўлдириш

Твиттер дастурини Инстаграм сингари компьютерда ҳам, мобиль телефонда ҳам ўрнатиш мумкин (уни юклаб олиш ва ўрнатиш тартиби Инстаграмники билан айни).

 

Бизнес профилнинг асосий мақсади — келгусида мижозингизга айланиши мумкин бўлган одамларнинг эътиборига тушиш. Шу боис қуйидагилар аккаунтда акс этиши керак:

  • компания логотипи ёки сурати;
  • оддий ва осон ёдда қоладиган ном (ник);
  • жойлашган жойингиз;
  • расмий сайтингизга ҳавола;
  • компания ҳақида лўнда маълумот (Ушбу маълумот 160 белгидан ошмаслиги кераклигини ёдда сақлаган ҳолда Твиттернинг ички қидирувида сизни топиш осон бўлган сўзлардан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Бу ерда «Биз энг зўрмиз» қабилидаги жумлалардан фойдаланмаган маъқул. Ҳақиқатан ҳам зўр бўлсангиз, истеъмолчининг ўзи буни тушуниб олади. Акс ҳолда ўзини ўзи мақташ фойдаланувчиларни фақат ўзидан қочиради. Икки оғиз сўзда нега айнан сизни танлаш кераклигини айтиб ўтиш етарли).

 

Янги ўқувчиларни қандай жалб қилиш мумкин?

Бу оддий фойдаланувчилар ва тадбиркорлар орасида энг кўп бериладиган саволлардан бири. Унда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этамиз:

  • ўз саҳифангизда бошқаларда ҳам бўлишиш истагини туғдирадиган твитларни эълон қилишга интилиш зарур;
  • ўз соҳангизга оид бўлган асосий сўзлардан фойдаланишга ҳаракат қилинг;
  • лўнда, тез эсда қоладиган ва ҳар бир одамга тушунарли бўлган хэштегларни қўйишга интилинг, шунда фойдаланувчиларнинг ўзи Сизни қўллаб-қувватлашади;
  • фирмангизни топиш учун осонлик туғдирадиган хэштеглардан мунтазам фойдаланинг;
  • мижозингизга айланиши мумкин бўлганлар ва рақобатчиларни “ўқинг”. Фаол бўлинг ва кўп мулоқот қилинг.

 

Бир кунда қанча твит ёзиш керак?

Аслида қанча твит ёзиш Сиз олдингизга қўйган мақсадлар ва мавзуга боғлиқ. Аммо мутахассислар бир кунда узоғи билан 5 та твит ёзишни маслаҳат беришади. Чунки фойдаланувчиларнинг аксарияти Твиттернинг мобиль версиясидан фойдаланишади ва ўртача ҳисобда сайтга кунига 5 маротаба киришади.

 

Фойдали маълумот: твитларни иложи борича кўпроқ ёзишга уриниш – яхши фикр эмас. Аксинча, уларнинг мунтазамлигини таъминлаш зарур. Ҳафтасига бир марта бир йўла 20 та твит ёзиб, лентани тўлдиргандан кўра, ҳар куни бир жуфт твит ёзиш Сизга хайрихоҳлар сафи кенгайишига кўпроқ ёрдам беради. Шунда фойдаланувчилар ўз ишингизга жиддий ёндашишингизни ва Сизга ишониш мумкинлигига амин бўлишади.

 

Твиттерни бошқа ижтимоий тармоқлар билан бирлаштириш керакми?

Яхшиси, бундай қилмаган маъқул. Тўғри, барча ижтимоий тармоқларда автоматик равишда битта пост ёзиш вақтингизни иқтисод қилади. Аммо Твиттернинг ўзига хосликлари ҳақида унутмаслик керак (твитда ҳарфлар сонининг чекланганлиги, фойдаланувчиларни белгилашда “@” рамзидан фойдаланишили ва ҳоказо).

 

Фойдали маълумот: Твиттер-аккаунтга қўйилган суратда ёки маълумотлар бўлимида бошқа ижтимоий тармоқлардаги манзилларни кўрсатиб ўтса бўлади.

 

Фолловерларга жавобан сиз ҳам ёзилишингиз жоизми?

Албатта, керак. Янги фолловерларнинг профиллариги кириб, улар сизга фойда келтириш-келтирмаслигига аниқлик киритиб олса ҳам бўлади. Масалан, автоматик бошқариладиган «бот»ларга ёзилишдан фойда йўқ. Агар аккаунт «тирик» бўлса, унга ёзилиш зарар қилмайди. Қолаверса, истаган вақтингиз “ўқиётган” фолловерларингизни “ўқимай” қўйишингиз мумкин.

 

Твиттернинг ўзини 62 миллион нафардан ортиқ одам ўқийди.

 

Хеэштеглар нимага керак?

Хэштеглар, яъни “#” белгисидан кейин ёзилган алоҳида сўзлар ёки узилмасдан ёзилган жумлалар умумий мавзу остида бирлашган фойдаланувчиларни осон топиш имконини беради.

 

Ретвитлар сонини кўпайтириш усуллари 

Ретвитларнинг ортиб бориши — Твиттердаги бизнес-аккаунтингизнинг муваффақиятидан дарак берувчи муҳим кўрсаткичлардан бири. Чунки ҳар бир ретвитдан кейин сиз ҳақингизда янгидан-янги фолловерлар билиб олишади. Кўпроқ ретвитларга эришиш учун қуйидагилар амал қилиш жоиз:

  • аудиториянгиз учун қизиқарли бўлган маълумотларнигина эълон қилинг;
  • расмий сайтингизда «ретвит» тугмасини ўрнатинг;
  • хэштеглар ва фойдаланувчиларни тўғридан-тўғри белгиланг;
  • агар маълумот тез тарқалишини истасангиз, фойдаланувчилардан ретвитлашни илтимос қилиш ҳам мумкин;
  • ўзингиз ҳам ретвит қилиб қўйинг;
  • твитларга мавзуга оид қизиқ суратлар ёки видеолар илова қилинг.

 

Жавобларми ёки шахсий хабарлар?

Жавобларни барча фойдаланувчилар кўриши мумкин, шахсий хабарларни эса йўлланган одамдан бошқаси кўра олмайди. Агар бошқа фойдаланувчилар ҳам кўришини ва суҳбатга қўшилишинии истасангиз, жавобларни танлаган маъқул.

 

Кўп йўл қўйиладиган хатолар

Ора-орада твитлар орқали маҳсулотингиз сифатларини мақташ ёддан чиқмасин, у билан боғлиқ янги маълумотларни бериб боринг. Сайт ёки бошқа ижтимоий тармоқларга ва бошқа ресурсларга ҳаволаларни шунчаки бериб бориш мавжуд фолловерларнинг ҳам ҳафсаласини пир қилиши тайин. Бундай хатога йўл қўймасликка интилинг.

 

Твиттердан фойдаланадиган тадбиркорлар йўл қўядиган яна бир хато – оммабоп мавзуларнинг кетидан қувиш, “тренд” бўлган хэштеглардан фойдаланиш ва дуч келган твитларга изоҳ қолдиравериш. Масалан, севимли фильм премьераси ҳақидаги маълумотларни излаётган одам Сизнинг маҳсулотингиз ҳақидаги твитни камида четлаб ўтади. Жаҳли чиқса, спамер дея компанияга устингиздан арз қилади. Мижозларингиздан айрилиб қолишни истамасангиз, Твиттер маконида хиралик қилмасликка ҳаракат қилишингизга тўғри келади.

 

Аммо хатоларнинг энг асосийси — бу мижозлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича берган саволларига компания вакиллари томонидан жавоб қайтарилмаслиги. Буни унутманг.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах