Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЗадержали выплаты работнику – как рассчитать проценты за задержку выплат Как трактовать компенсацию за задержку выплаты дохода работнику Не пропустите сроки регистрации чеков онлайн-ККТ за апрель для зачета НДС по ним Как предприятию продать квартиру физическому лицу

Ўз маҳсулотини сотиш учун жой қандай олинади?

28.06.2016

Мева-сабзавот мавсуми муҳим паллага кирмоқда. Одамлар томорқаларидаги мева ва сабзавотлар мўл ҳосилини сақлаб қолиш ва қилинган меҳнат учун даромад олиш учун уларни сотиш керак. Ҳозир кўчалар ва шаҳарнинг чекка туманларида бундай маҳсулотларни тартибсиз сотиш жойларини кузатиш мумкин. Бу қонунийми? Шарҳимизда - амалдаги қонунчилик доирасида нима қилиш мумкинлиги хусусида.

 

Бизни қизиқтираётган саволларга тушунарли жавоб олиш мақсадида биз чакана савдо масалалари уларнинг ваколатига кирадиган шаҳарнинг бир нечта инстанцияларига мурожаат қилдик. Уларнинг айримларига жавоблар олдик, бироқ ҳаммасига эмас. Шунинг учун асосий жиҳатларни бизнинг эксперт-юристимиз Олег Заманов аниқлаштирди.

 

 

Чакана савдони амалга ошириш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қарор шаҳар ёки туман ҳокимлигининг қайси бўлими томонидан қабул қилинади?

 

Аввал “чакана савдо” атамасини аниқлаб оламиз. Чакана савдо қоидаларига1 (кейинги ўринларда – 75-сон Қоидалар) асосан – бу савдо соҳасида пировард истеъмолчи учун, тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига нақд пулга доналаб ёки унча кўп бўлмаган миқдорда товарлар сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш.

 

Қонунчиликка биноан чакана савдо лицензияланмайди. 75-сон Қоидалар бўйича сотувчи – бу савдо фаолиятини амалга оширувчи ва олди-сотди шартномасининг бир томони сифатида иш кўрувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор (жисмоний шахс). Бинобарин, чакана савдо билан шуғулланиш учун хусусий тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтиш ёки ўз фирмасини очиш зарур (МЧЖ, ХК).

_____________________________________________


Тошкент шаҳри ҳокимлиги Савдо, хизмат соҳаси ва халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш департаментининг жавоби.

 

Президентнинг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон Фармонига мувофиқ, тадбиркорлик тузилмаларига замонавий АКТдан фойдаланган ҳолда давлат хизматлари кўрсатишда сифат ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш, шаффофликни таъминлаш мақсадида туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” принципи бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича марказлар ташкил этилди, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларида шаффофликни таъминлаш, информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш уларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

_____________________________________________


Қандай шартларда дўконларда, бозорларда, шаҳримиз кўчаларида чакана савдони амалга оширишга рухсат этилган?

 

Бу энг аввало ким, қаерда ва қандай товарлар билан савдо қилаётганлигига боғлиқ.

 

Чакана савдо бозор, гипермаркет, супермаркет, савдо маркази, савдо комплекси, универсам, универмаг, минимаркет, озиқ-овқатлар дўкони, ихтисослаштирилган дўконлар, палаткалар, лотоклар, автодўконлар, павильонлар, киоскалар, ларёкларда амалга оширилади.

 

Савдо объектлари қуйидагиларга бўлинади:

 

турғун савдо шохобчалари - давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан белгиланган жойларда доимий асосда жойлашган савдо объектлари (дўконлар, киоскалар, ларёклар, павильонлар, дорихоналар, оптика, автомобиль ёнилғиси қуйиш шохобчалари);

 

кўчма савдо объектлари - вақтинча жойлашган ва мавсумий ёки мақсадли хусусиятга эга бўлган, шунингдек иш куни тамом бўлгандан кейин йиғиштириб олишни ва объект кўчирилишини талаб этиш асосида жойлаштирилган лотоклар, пештахталар, палаткалар, автодўконлар ва ҳоказолар.

 

 

Бозорларда савдо фаолиятини ташкил этишга асосий талаблар Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларида2 сақланади. Ушбу Қоидаларга биноан бизда бозорларнинг қуйидаги  турлари мавжуд:

 

  • деҳқон (озиқ-овқат) бозори;

 

  • чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар бозори

 

  • илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозори

 

  • дам олиш куни ярмаркаси

 

Қоидаларда бозорларни ободонлаштиришга талаблар ва савдо қилиш мумкин бўлмаган товарлар рўйхати батафсил таърифланган.

 

75-сон Қоидаларда сотувчилар, савдо объектлари ва товарларга асосий умумий талаблар қўйилади. Демак, сотувчи:

 

  • ўз фаолияти ихтисоси ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда давлат стандартларида, санитария, ветеринария қоидаларида, ёнғинга қарши қоидаларда ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган мажбурий талабларга риоя қилиши шарт;

 

  • техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқ товарларни қабул қилиб олишда, сақлашда, савдо олди тайёргарлигида ва сотиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлиги савдонинг зарур шарт-шароитларини, шунингдек харидорларнинг товарларни танлаш имкониятини таъминлайдиган зарур жойлар, асбоб-ускуналар ва инвентарга эга бўлиши шарт

 

  • қўллашга рухсат берилган ўлчов асбобларига эга бўлиши ва уларни соз ҳолатда сақлаши, уларнинг метрологик текширувини ўз вақтида ва белгиланган тартибда ўтказиши шарт.

 

Сотувчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарлар тўғрисидаги қуйидаги зарур ва ишончли маълумотларни харидорнинг эътиборига ўз вақтида кўргазмали ва қулай шаклда етказиши шарт.

 

ЯТТ (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома, рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлар савдо объектида туриши ҳамда назорат органларининг биринчи талаби билан кўрсатилиши керак.

 

Барча савдо объектлари уларнинг талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий текширувдан ўтказилиши керак. Текшириш савдо объекти очилганда давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан бир марта ўтказилади.

 

75-сон Қоидалар сотилаётган товарлар турларига боғлиқ ҳолда чакана савдонинг бошқа айрим хусусиятларини сақлайди.

_____________________________________________


Тошкент шаҳри ҳокимлиги Савдо, хизмат соҳаси ва халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш департаментининг жавоби

Вазирлар Маҳкамасининг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 19-бандига мувофиқ товарларни чакана сотиш юридик шахслар томонидан фақат турғун савдо шохобчалари орқали, назорат-касса машиналарини (НКМ) мажбурий қўлланган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Чакана савдони кўчма равишда амалга оширишга йўл қўйилмайди, салқин ичимликлар ва музқаймоқлар сотиш бундан мустасно. Кўчма савдони фақат юридик шахслар томонидан жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг савдони амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва жойлари кўрсатилган ҳолдаги рухсатномалари асосида амалга оширишга йўл қўйилади.

_____________________________________________

 

 

Чакана савдони амалга ошириш учун қандай ҳужжатларга эга бўлиш зарур?

 


Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга3 (кейинги ўринларда – 407-сон Низом) кўра чакана савдони амалга оширувчи юридик шахслар товарларнинг сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолда сотиш жойларида сотилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатларига эга бўлишлари шарт.

ЯТТлар чакана савдо билан қонун ҳужжатларига мувофиқ турғун чакана савдо шохобчалари орқали чакана савдо билан қуйидагилар асосида шуғулланишлари мумкин:

 

  • юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар;

 

  • ЯТТда чакана савдони амалга ошириш учун моддий-техник базанинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

 

  • солиқ хизматининг НКМни олдиндан рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги маълумотномалари.

 

ЯТТ томонидан унинг ўзи импорт қилган товарларни сотиш унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни четдан келтирувчи ЯТТнинг рўйхатдан ўтишининг (рухсат бериш) тартиботларидан ўтишининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган карточкаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

 

 

Шуни ҳам инобатга олиш лозимки, юридик шахслар ва ЯТТлар мазкур савдо объектидан фойдаланишнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлишлари керак: мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома ва кадастр ҳужжатлари ёки бинонинг ижара шартномаси ёхуд бозорда бир марталик йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

 

Нақдинасиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун хусусий савдогарлар мобил терминалга эга бўлишлари зарурми?

 

 

Ҳа, зарур. 407-сон Низомга асосан товарларни чакана сотиш юридик шахслар ва ЯТТлар томонидан фақат турғун ўзининг ёки ижарага олинган савдо тармоқлари орқали, НКМлари мажбурий қўлланган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Турғун савдо шохобчаларида банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги бўлиши керак.

 

_____________________________________________


Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси жавоби

Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 2-бандига4 асосан аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширувчи чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминали мажбурий ўрнатилиши лозим.

Сотувчилар томонидан тўлов терминалларидан фойдаланишни билмаслик сабаби билан банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилмаслик ҳолати савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларининг бузилиши деб ҳисобланади.

Сотувчилар томонидан тўлов терминалининг носозлиги баҳона қилиниб, банк пластик карточкалари орқали тўловлар қабул қилинмаса, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

_____________________________________________

 


Савдо майдони ижараси қанча туради?

 

Тошкент шаҳри ҳокимининг 16.03.2016 йилдаги 241-сон қарори билан бозор ва савло комплекслари маъмурияти томонидан ундириладиган йиғимлар, тўловлар, ижара тўловлари миқдорлари тасдиқланган.

 

Бозордан ташқарида савдо бинолари ижарасида (дўконлар, киоскалар, ларёклар, павильонлар, дорихоналар) шуни назарда тутиш жоизки, агар у жисмоний шахсдан ижарага олинса, Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон Қарори билан ижарага олинган бинонинг 1 кв.м учун ижара тўловининг энг кам ставкалари белгиланган. Агар ижарага берувчи юридик шахс бўлса, ижара тўлови шартнома асосида ўрнатилади.

 

_____________________________________________


Давлат рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий бошқармаси “Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш маркази”ДКнинг жавоби

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3-банди 2-хатбошисига5 мувофиқ давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан тақдим этилган ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ижаранинг энг кам ставкаларини ҳисоблаб чиқиш асосида тегишли коэффициентлар белгиланган ҳолда ҳар йили 31 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Тошкент шаҳри ҳокимининг “Тошкент шаҳридаги давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун 2016 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳақида”ги қарорига6 биноан чакана савдо учун 1 кв.м учун йилига 21215 сўм миқдорида белгиланган. Шунингдек юқорида кўрсатилган қарор билан ставкаларга қўлланиладиган коэффициентлар ҳам тасдиқланган.

_____________________________________________

 

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Компьютерлаштириш маркази хабар берганидек, чакана савдони амалга ошириш тўғрисидаги барча зарур маълумот тусидаги ахборотларни www.toshkent.uz ва www.my.gov.uz веб-сайтларида топиш мумкин. Улардан аризалар шаблонларини юклаб олиш, уларни тўлдириш ва тегишли органларга юбориш мумкин.

 

 

Михаил ВИШНЯКОВ, мухбиримиз.

 

 

 


Мавзуга доир материал:

 

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш талаблари ўзгартирилди

 

 

_______________________

1 ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарори.

2 28.08.2012 йилдаги 253-сон.

3 26.11.2002 йилдаги 407-сон.

4 27.07.2009 йилдаги 1986-сон.

5 8.04.2009 йилдаги 102-сон.

6 4.01.2016 йилдаги  1-сон.

 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-24
  • USD:12705.00 (+0.00) сум
  • EUR:13543.53 (+0.00) сум
  • RUB:136.11 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах