Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
К чему должен быть готов главбух, если НДС у него отрицательный – читайте на buxgalter.uz

Ваколатли иқтисодий операторлар: янги институт, янги имкониятлар

24.12.2018

Читать на русском языке

 

Ўтган пайшанба куни, 20 декабрда «Тараққиёт стратегияси» марказида Давлат божхона қўмитаси БМТ ТД билан биргаликда ушбу янгиликка бағишланган семинар ўтказди. Унда Ташқи савдо вазирлиги, ДСҚ, ССП, Иқтисодиёт вазирлиги, ЛБМА, Бош прокуратура, бизнес-ҳамжамият ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

 

Тадбирдан мақсад – иштирокчиларни янгилик билан таништириш, Вазирлар Маҳкамасининг «Ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасини муҳокама қилиш. 

 

Айни пайтда мамлакатимизда божхона маъмуриятчилиги тизимига буткул янгича ёндашувлар шаклланмоқда: ёппасига назорат ўрнига хавфларни бошқариш тизимлари, истиқболли божхона технологиялари ва қонунга итоаткор бизнес билан ҳамкорлик муносабатлари фаол қўлланмоқда. Ана шу мақсадда 2019 йил 1 февралдан бошлаб божхона амалиётига ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилмоқда.

 

Ваколатли иқтисодий оператор ким ўзи? У нималар билан шуғулланади? Қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга? Ушбу янгиликни жорий этишдан қандай маъно бор? У божхона органларига нималарни таклиф этади? Ташқи савдо операциялари иштирокчилари олдида қандай истиқболлар очилади? Божхоначилар ана шу саволларга жавоб бердилар.

 

ЖБТ Ҳадли стандартларидаги таърифга кўра, ваколатли иқтисодий оператор (ВИО) – товарларнинг халқаро миқёсдаги ҳаракатига жалб этилган ва миллий божхона органи ёки унинг номидан ЖБТ хавфсизлик стандартларига ёки шунга ўхшаш етказиб бериш тизимига мувофиқ келиши эътироф этилган ҳар қандай юридик шахс.

 

ВМ қарори лойиҳасида юридик шахс ВИО мақомини олиши учун бир қатор шартлар қайд этилган:

 

  • юридик шахс раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек ваколатли шахсига нисбатан божхона органларига мурожаат қилган санадан эътиборан бир йил давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174, 175, 176 ва 22722727-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чоралари қўлланмаган бўлиши. Улар сўнгги беш йил давомида Жиноят кодексининг 182, 184 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши;

 

  • юридик шахсда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан жарима санкциялари ва уларнинг пеняларини тўлаш бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаслиги керак. У камида уч йилдан бери ТИФ иштирокчиси деб ҳисобланиши лозим;

 

  • импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати эквивалентда камида 2 млн АҚШ долларини ташкил этиши керак. У сўнгги 12 ой давомида камида 100 та БЮДни расмийлаштирган, ёки сўнгги бир йил давомида ЭКИҲнинг камида 20 000 баравари миқдорида божхона тўловлари суммасини тўлаган ва камида 50 та декларацияни расмийлаштирган бўлиши керак;  

 

  • товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган, баҳолаш қиймати ЭКИҲнинг камида 10 000 бараварини ташкил этадиган иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончалар (очиқ майдончаларнинг бир қисми) мулкида (хўжалик бошқарувида) бўлиши ҳақидаги шартни ТИФ иштирокчилар бир қатор объектив сабабларга кўра лойиҳадан чиқариб ташлашни таклиф этдилар. Уларни Бош прокуратура, ССП вакиллари ва экспертлар қўллаб-қувватлади.

 

Лойиҳада ВИО мақомини олишнинг икки даражали тизими «А» ва «Б» махсус соддалаштириш тоифалари жорий этилиши назарда тутилган.

 

Тақдим этилиши мумкин бўлган соддалаштирилган тартиб-таомиллар рўйхати унга берилган тоифага боғлиқ. ВИО товарлари бўйича божхона операцияларини биринчи навбатда, унинг ҳудудида бажариш, божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ва кечиктириб тўлаш имконини бериш, ВИОни хорижий мамлакатлар ваколатли иқтисодий операторлари билан бирга ўзаро тан олиш ва бошқалар асосий соддалаштирилган тартиб-таомиллар ҳисобланади.

 

Махсус соддалаштирилган тартиб-таомиллар харажатларни камайтириш ва импорт-экспорт операцияларининг кундалик жараёнларини жадаллаштириш ҳисобига иқтисодий афзалликлар ҳам беради (тақдим этилган афзалликларга қўшимча равишда). 

 

ВМнинг «Ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилиш учун эълон қилинган. Ҳавола орқали ўтиб, унинг шарҳи билан танишиш мумкин.

 

Гулнора Абдуназарова,

махсус мухбир.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_