Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Яширин айланма учун санкциялар контрабандага қарши курашишда ёрдам берадими

19.07.2022

Читать на русском языке

Ўзбекистон Республикасининг 11.03.2022 йилдаги ЎРҚ-758-сон Қонуни билан жарима санкцияларини қўллаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу қандай санкция эканлиги ва улар нимага қарши қаратилганлиги ҳақида – “Норма”нинг етакчи эксперти Жорилла АБДУЛЛАЕВнинг шарҳида.

 

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган қуйидаги янги талаблар ёки тартибларни бузганлик учун жарима санкциялари жорий этилмоқда:

  • фискал белгиларни акс эттириш;
  • автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш;
  • солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • товарларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш.

 

Жарима санкциялари қуйидаги тарзда жорий этилади:

- Солиқ кодексининг янги 227-1-моддаси тарзида. Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар учун реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солинади;

- Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 166 ва 175-моддаларига қўшимчалар тарзида. Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар учун БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима солинади. 175-моддада солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлашга қўшимча равишда солиқ органларига тегишли маълумотни тақдим этмаслик ҳам ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

 

Бунда жарималар қуйидаги санадан жорий этилади:

  • 13 июндан – юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш учун;
  • 13 сентябрдан – қолган товарлар бўйича мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш учун.

 

Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар аниқланганда санкциялар бир вақтнинг ўзида қуйидагилар бўйича қўлланилади:

- Солиқ кодекси бўйича – юридик шахслар ва якка тартибдаги корхоналарга молиявий санкциялар тарзида;

- Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бўйича - ушбу юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига жарималар тарзида.

 

Энди келинг, тадбиркор қандай ҳуқуқбузарликлар учун ЎРҚ-758-сон Қонунга мувофиқ жарима тўлашини муҳокама қилайлик.

 

НКТдан фойдаланмаслик ёки ғайриқонуний фойдаланиш

 

Товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда тадбиркорлик субъектлари қуйидаги ҳолларда жавобгарликка тортилади:

  • онлайн-НКМ ёки виртуал кассани қўлламаган ҳолда;
  • онлайн-НКМ ёки виртуал касса орқали чек бермаганда;
  • чек фискал белгисиз берилганда (Президентнинг 06.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармони).

 

Бунда юқорида кўрсатилган, чакана савдо ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиладиган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари (ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар) солиқ органларининг ахборот тизимлари билан мажбурий интеграция қилиниши ва Давлат реестрига киритилиши лозим (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1-илова).

 

Келинг, онлайн-НКМ тизими доирасида қуйидаги тушунчаларни батафсил муҳокама қиламиз:

- онлайн назорат-касса машиналари (онлайн-НКМ), виртуал касса – фискал модулга боғланиш имкониятига эга бўлган, фискал ҳужжатларни ҳосил қилувчи, фискал ҳужжатларни фискал маълумотлар операторига реал вақт режимида узатишни таъминловчи ва қоғозга чоп этувчи қурилма;

-  фискал модуль – ҳимояланган дастурий таъминотга эга бўлган, фискал маълумотларнинг криптографик ҳимоясини таъминловчи (маълумотларни олиш имконсизлиги) фискал хотира вазифасини бажарувчи қурилма;

- фискал маълумотлар – ҳисоб-китоблар,  тадбиркорлик субъекти тўғрисида маълумотлар, онлайн-НКМ, виртуал кассалар ҳисоб-китобида фойдаланиладиган бошқа маълумотлар;

- фискал белги – фискал модуль орқали ҳосил қилинувчи такрорланмас белгилар тўплами. Айнан у онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг ҳар бир чекини ноёб фискал ҳужжатга айлантиради.

 

Тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ (шу жумладан виртуал касса)га эга бўлишлари шарт. Онлайн-НКМ:

- онлайн-НКМ чекида акс эттириладиган фискал белгини ҳосил қилувчи фискал модулга эга бўлиши;

- фискал операторлар орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграция қилинган бўлиши керак.

 

Рақамли маркировкалаш

 

20.11.2020 йилдаги 737-сон ВМҚга мувофиқ Ўзбекистонда идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш ва кейинчалик товарларни кузатиб бориш тизими жорий этилмоқда.

 

Рақамли маркировкалаш - бу товар айланмасини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими. Ҳар бир маҳсулот тўғрисидаги маълумот электрон маълумотлар базасида сақланади, у ҳам истеъмолчи, ҳам ишлаб чиқарувчи томонидан сканер қилиниши мумкин.

 

Маҳсулотни маркировкалаш икки ўлчамли штрих кодни шакллантириш ва маҳсулотга, унинг қадоғига ёки бошқа моддий ташувчига босиб тушириш йўли билан амалга оширилади (31.12.2020 йилдаги 833-ВМҚга 1-илова).

 

Маркировкалаш ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан амалга оширилади. Ушбу товарлар билан савдо қилувчи чакана ёки улгуржи савдо корхоналари маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига уланади.

 

Эътибор беринг!  Қуйидаги товарлар мажбурий маркировкаланиши лозим (31.12.2020 йилдаги 833-ВМҚ):

  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари – 2021 йил 1 январдан;
  • пиво маҳсулотлари – 2021 йил 1 апрелдан;
  • маиший техника – 2022 йил 5 апрелдан;
  • дори воситалари ва тиббий буюмлар – 2022 йил 1 сентябрдан.

 

Маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан, шунингдек  ушбу товарларни улгуржи ва чакана сотиш корхоналари томонидан рақамли маркировкалаш қоидаларининг бузилиши  учун  (қоидалар 31.12.2020 йилдаги 833-сон ЎзР ВМҚга 1-иловада белгиланган) юқорида кўрсатилган санкциялар жорий этилмоқда.

 

Маркировкалаш қоидаларининг бузилиши жарималарга сабаб бўлмаслиги учун, товарнинг ишлаб чиқарувчидан товарни якуний истеъмолчиларга реализация қилувчи дўконгача ҳаракати занжирининг барча иштирокчилари қуйидагиларга тайёрланишлари керак:

- ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) товар қадоғига рақамли маркировкани босиб тушириш учун зарур бўлган автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов асбоблари ва қурилмаларини сотиб олиши, “CRPT TURON” МЧЖ билан биргаликда товарларни рақамли маркировкалашни йўлга қўйиши керак.

- улгуржи-чакана савдо ташкилотлари маркировкаланган товарлар билан ишлашда қулайлик учун дата-матриксни (рақамли маркировкалаш коди) тўғри ўқиш учун сканерлар харид қилишлари зарур;

- чакана савдо корхоналари - мажбурий маркировкалаш лозим бўлган товарга касса чекини шакллантиришда назорат-касса техникаси рақамли маркировкалаш кодини киритишни (сканерлашни) сўраши учун НКТни созлаш зарур (зарурат бўлганда ТХКМга ёрдам юзасидан мурожаат қилинг).

 

Ишлаб чиқарувчи (импорт қилувчи) ҳар бир товарнинг қадоғига рақамли маркировкалаш коди босиб туширилиши ва товарнинг рақамли маркировкалаш коди ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҳолда реализация қилинишини таъминлаши керак. Товарнинг улгуржи-чакана савдо тармоғидаги якуний истеъмолчигача бўлган кейинги ҳаракати  реализация қилинаётган қадоқнинг рақамли маркировкалаш кодининг ҳисобварақ-фактураларда ва назорат-касса техникаси чекларида мажбурий акс эттирилиши билан бирга бўлиши керак.

 

Рақамли маркировкалаш – мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар учун ҳисобварақ-фактуралар ва назорат-касса техникаси чекларидаги мажбурий реквизит.

 

Жарималар қўлланишининг оқибатлари

 

Яширин иқтисодий фаолиятга қарши курашиш мақсадида солиқ органлари ахборот-компьютер технологияларидан фойдаланишга асосланган маъмурий назорат чораларини қўллайди. Онлайн-НКМ ва унга боғлиқ тизимлар реализация қилинаётган товарларни (хизматларни) назорат қилиш учун, товарларни мажбурий маркировкалаш тизими – товарларни ҳисобга олишни таъминлаш ва қонунийлигини тасдиқлаш учун қўлланилади.

 

Бу тизимлар республика бюджет тизимига тушумларни ошириш имконини беради. Янги маъмурий назорат чораларини бузганлик учун жорий этилаётган жарима санкциялари янги назорат тизимларининг самарали ишлашини таъминлаши ва товарлар ва хизматларнинг яширин айланмадан чиқарилишини рағбатлантириши керак.

 

Ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар ноқонуний яширин иқтисодий фаолият ва контрабандага қарши самарали инструмент бўлишга қаратилган. Шундай қилиб, “Кантар” халқаро компанияси тадқиқоти натижаларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланиши 4,3%дан 14,2%га ошган. Бунинг натижасида эса, баҳолашга кўра – ноқонуний маҳсулотлардан Ўзбекистон бюджети йилига 50 млн доллардан кўпроқ йўқотади. Бу пул эвазига давлат олий таълим муассасаларида 50 000 дан ортиқ қўшимча бюджет ўрни билан таъминлаши ёки қарийб 10 млн туп дарахт кўчатлари экиши мумкин бўларди.

 

Тадбиркорлар шуни билишлари жоизки, эндиликда ноқонуний савдо ва маркировкаланмаган маҳсулотлар (сигарета, тамаки, алкоголь маҳсулотлари, маиший техника ва ҳоказо) савдоси билан шуғулланиш орқали нафақат шунчаки жарима тўлашади, балки ўз бизнесини ҳам хавф остига қўяди.

 

Мисол. Алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонанинг ўртача (200 минг дал) соф тушуми йилига қарийб 60 млрд сўмни ёки чорак учун ўртача 15 млрд сўмни ташкил этади. Агар унинг маҳсулоти маркировкаланмаган бўлса, молиявий санкция 15 млрд сўмни ташкил қилади. Ушбу корхонанинг мансабдор шахслари эса бундан ташқари 30 млн сўм миқдорида жарима тўлаши керак бўлади.

 

Мисол. Кичик бир дўкон тамаки маҳсулотларини маркировкасиз реализация қилган. Унинг соф тушуми қарийб 120 млн сўм ёки чорак учун ўртача 30 млн сўмни ташкил этади. Ҳуқуқбузарлик ва маркировкаланмаган маҳсулотларни реализация қилганлик учун жарима 30 млн сўмни ташкил қилади. Мазкур фирманинг мансабдор шахслари эса 30 млн сўм (БҲМнинг 1 баравари – 300 000 сўм) миқдорида жарима олишлари мумкин.

 

Шу тариқа, гап фақат ҳуқуқбузарликда айбдор бўлган мансабдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида эмас. Бундай санкциялар маркировкаланмаган, эҳтимол контрабанда маҳсулотлари билан савдо қилишга қарор қилган корхона учун банкротликгача жиддий молиявий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима Солиқ кодексидаги энг йирик жарима ҳисобланади. Ҳатто солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) учун (СКнинг 223-моддаси) жарима яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20%и миқдорини ташкил қилади. Бундай санкциялар илгари ҳеч қачон бўлмаган - 15 йил олдин солиқ солинадиган базани яшириш (камайтириб кўрсатиш) учун жарима яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ солинадиган база суммасини ташкил этган.

 

Бу чора-тадбирлар яширин иқтисодиётга қарши курашда нақадар самара бераётганини ҳуқуқни қўллаш амалиёти кўрсатади. Мавжуд барча санкцияларнинг энг қатъийси бўлган ҳолда, улар коррупцияга кўмаклашиши мумкин ва ҳукумат улардан кутган самарани бермаслиги мумкин. Бу мавзуга яқин кунларда албатта қайтамиз.