Президентнинг 18.07.2017 йилдаги фармони билан Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия ташкил этилди ва фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу Фармонда Ҳисоб палатаси ва ДСҚда таркибий ўзгартиришлар белгиланган. Бундан ташқари, ҳужжатга биноан 2018 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлигининг янги механизмлари жорий этилмоқда.
Ишчи комиссияга қуйидагиларни назарда тутадиган қатор НҲҲ лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди:
- солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ҳамда методологиясини тубдан такомиллаштиришни;
- хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтиришни;
- хўжалик юритувчи субъектларни “йирик солиқ тўловчилар” тоифасига киритиш мезонларини белгилашни. Эслатиб ўтамиз, келаси йилдан йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги вилоят солиқ бошқармаларига ўтади;
- бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштиришни;
- солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этишни ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилашни;
- бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда фаолиятини амалга оширадиган, шунингдек деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштиришни;
- алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкаларини;
- ҳалол, шу жумладан иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этишни;
- Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этишни;
- давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришни;
- ДСҚ Солиқ академияси фаолиятини янада такомиллаштиришни.
Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг охиригача ДСҚ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва бошқа тузилмалар билан биргаликда:
1 – солиқ тўловчиларга солиқ органларининг барча давлат хизматларидан, шу жумладан ЯИДХП орқали электрон фойдаланиш имкониятини таъминлаши;
2 – солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ назоратини такомиллаштириш мақсадида солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига тақдим этиладиган ахборотнинг мазмунини танқидий қайта кўриб чиқиши;
3 – барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, статистика, адлия, прокуратура органлари, судлар, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК корхоналарининг солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига интеграция қилинишини таъминлаши;
4 – тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириши керак.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.