Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2025 йилдаги 694-сон қарори билан Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Низом қуйидаги тартибларни белгилайди:
- беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш;
- беморларни тиббиёт ташкилотларига юборишда тиббий хизмат кўрсатиш учун йўлланмани шакллантириш;
- беморларни бир тиббиёт муассасасидан бошқасига ўтказиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш.
Низом шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қиладиган ҳолатларга татбиқ этилмайди.
Имтиёзли тоифага мансуб шахс деб, ўзининг ижтимоий аҳволига ёки муайян касалликларга чалинганлигига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган шахс эътироф этилади.
Имтиёз олган беморлар электрон ахборот тизимида тасдиқланган йўлланмалар асосида тиббиёт ташкилотларига юборилади. Бунда:
- бемор йўлланма асосида тиббий хизматдан фойдаланиш учун тиббий ташкилотни эркин танлайди;
- тиббиёт ташкилоти ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида тузилган шартномада тиббиёт ташкилоти тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин бўлган даража (туман, шаҳар, вилоят, республика) аниқ кўрсатилади;
- туман (шаҳар) даражасида тиббий хизмат кўрсатиладиган беморларга вилоят ва республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида, вилоят даражасида тиббий хизмат кўрсатиладиган беморларга эса республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
Беморлар тиббий ёрдам олиш учун ўзлари бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами бўғинига (идоравий даволаш муассасаси таркибидаги ўзлари бириктирилган муассасага) мурожаат қиладилар ва бириктирилган оилавий шифокор (терапевт) томонидан кўрикдан ўтказиладилар ҳамда бир иш куни ичида туман (шаҳар) даражасидаги даволаш муассасасининг ёки идоравий даволаш муассасасининг мутахассис шифокорига юбориладилар.
Йўлланма – матрицали штрих кодли (QR-CODE) ҳужжат бўлиб, беморга ўз хоҳишига кўра давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида муайян касаллик бўйича режали стационар даволаниш имкониятини беради.
Стационар тиббий ёрдам кўрсатиш учун кўрсатмалар мавжуд бўлганда туман (шаҳар) даражасидаги даволаш муассасасида режали стационар тиббий ёрдамга йўлланма Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон ахборот тизими орқали тор ихтисосликдаги мутахассис шифокор ёки оилавий шифокор томонидан берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.01.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова




