Президентнинг 08.06.2026 йилдаги “Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва айрим фуқаро ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-214-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 10 июндан бошлаб Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 25 фоизга оширилади ҳамда қуйидаги миқдорларни ташкил этади:
• Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 6 бараваригача (илгари – БҲМнинг 4,8 бараваригача);
• Самарқанд шаҳрида – БҲМнинг 4,5 бараваригача (илгари – БҲМнинг 3,6 бараваригача).
Бошқа минтақалар учун компенсация миқдорлари ўзгармади:
- Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида – БҲМнинг 3,6 бараваригача;
- бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида – БҲМнинг 2,4 бараваригача.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда, компенсация миқдори 50 фоизга оширилади.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) мудофаа ишлари бўлимлари штат жадвалидаги фуқаро ходимларнинг (чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик раҳбарлари бундан мустасно) иш ҳақи миқдори 2026 йил 10 июндан бошлаб 20 фоизга, 2027 йил 1 январдан бошлаб эса 50 фоизга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.06.2026 йилдан кучга кирди.
Сардор Жумашов





