Вазирлар Маҳкамасининг 10.06.2026 йилдаги 297-сон қарори билан интеллектуал мулк соҳасида айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича бир қатор маъмурий регламентлар тасдиқланди.
27.11.2025 йилдаги "Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-358-сон қарорга мувофиқ қуйидагиларга патент бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди:
• ихтиролар;
• фойдали моделлар;
• саноат намуналари;
• интеллектуал мулк соҳасидаги ютуқлар;
– шунингдек, қуйидаги давлат хизматлари:
• интеллектуал мулк объектларига амалдаги патентларни ўз кучида сақлаб туриш;
• интеллектуал мулк объектларига муҳофаза ҳужжатларининг дубликатларини бериш.
Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарига патент бериш тартиби "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида"ги Қонун (29.08.2002 йилдаги 397-II-сон) асосида ишлаб чиқилган.
Тегишли маъмурий регламентлар билан патент бериш учун талабнома ҳужжатларига қўйиладиган талаблар белгиланган.
Хусусан, ихтирога патент бериш ҳақидаги талабнома битта ихтирога ёки бир-бири билан ягона ихтирочилик ғоясини ташкил этадиган даражада боғланган ихтиролар гуруҳига тааллуқли бўлиши керак (ихтиро бирлиги талаби).
Ихтиро ҳақидаги талабномада қуйидагилар бўлиши керак:
• ихтиро муаллифи (ҳаммуаллифлари) ва номига патент сўралаётган шахс, шунингдек уларнинг яшаш жойи ёки жойлашган жойи кўрсатилган ҳолда патент бериш тўғрисидаги ариза;
• ихтирони амалга ошириш учун етарли бўлган тўлиқликни очиб берувчи тавсиф;
• ихтиронинг моҳиятини ифодаловчи ва тавсифга тўлиқ мос келувчи формуласини;
• ихтиро моҳиятини тушуниш учун зарур бўлган чизмалар ва бошқа материаллар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





