Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Парламент назоратининг самарадорлиги оширилади

16.03.2016

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилади.

 

Давлат раҳбари ташаббуси асосида 2010 йилда парламентимиз томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясияга асосан охирги беш  йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, бошқа қонун ҳужжатларига киритилган тузатишлар давлат ҳокимиятининг асосий субъектлари, шу жумладан Олий Мажлис ва Ҳукуматнинг давлат бошқаруви соҳасидаги ваколатларини мақбуллаштиришга ҳамда ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тутиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг ривожланишига  хизмат қилди.

 

Мамлакатимизда мустақилликнинг ўтган йиллари мобайнида парламентнинг роли, ваколатлари ва назорат вазифаларини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар изчиллик билан босқичма-босқич амалга оширилди. Бунда икки палатали парламент тизимига ўтилгани ва Президентнинг айрим ваколатларини парламентнинг юқори палатаси – Сенатга ўтказилгани муҳим аҳамият касб этди1.

 

Ўзбекистонтда ҳозирги кунда  парламент назоратини амалга ошришнинг ҳуқуқий асосларини йигирмадан  ортиқ қонунлар ташкил этади. Жумладан, парламент назоратини амалга ошириш масалалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонунларда, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида”ги, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги ва бошқа қонунларда  ўз аксини топган.

 

Бироқ, бу қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда парламент назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари етарли даражада очиб берилмаган. Шу сабабли, парламент назоратига оид нормаларни бирхиллаштириш ҳамда ягона тизимлаштирилган таянч қонунни қабул қилиш эҳтиёжи мавжудлигидан ўз қонунчилик ташаббуси амал қилишидан фойдаланиб, бир гуруҳ депутатлар бу соҳасидаги миллий ва 30 дан ортиқ чет давлатлар  тажрибаси ўрганиб,  “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини тайёрлашди.

 

Батафсил айтганда, қонун лойиҳасида:

 

1. Парламент  назорати субъектлари: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати; Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари ва комиссиялари; Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлик гуруҳлари; Қонунчилик палатаси депутатлари; Сенат аъзолари; Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);

 

2. Парламент  назорати объекти:  давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва улар органларининг қарорларини ҳамда давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек улар зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш борасидаги фаолиятидир2;

 

3. Парламент назоратининг шакллари:

 

давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросининг бориши тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш;

 

Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитиш;

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш;

 

Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;

 

парламент сўрови;

 

Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзосининг сўрови;

 

Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан қонунларнинг ижро этилиши аҳволини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, уларнинг қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга ошириши;

 

парламент текширувлари  белгиланмоқда.

 

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, уларнинг мамлакатда қонунийликни ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назоратни олиб бориш бўйича Комиссиясини тузиш масаласи қонун даражасида мустаҳкамланмоқда3.

 

Ишончимиз комилки, ушбу қонун қабул қилингандан сўнг парламент назоратининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, қонунлар ва давлат дастурларининг ижросини таъминлашда парламентнинг ролини оширишга ҳамда Олий Мажлис палаталарининг назорат фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракциясининг  аъзоси Алия ЮНУСОВАнинг изоҳлари


 

Мавзу бўйича материаллар:

 

Мамлакатимиз парламенти юқори палатасининг бешинчи ялпи мажлиси шу йил 31 мартда бўлиб ўтади

 

Қонунларимиз юқори самара ва унумдорлик билан ишлаши керак! 

 

Асосий молиявий ҳужжат мукаммал бўлиши лозим 

 

Қонун ижроси депутатлар назоратида 

 

 

 


1  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг  Сенати амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш, мамлакатимизнинг юқори суд раҳбар ва судьялар, чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини  тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш каби бир қатор ваколатларни самарали амалга ошириб келмоқда.

 

2 Истисно: Иш юритувида турган муайян ишлар ва материалларни ҳамда ижро ишини юритиш ва нотариал иш юритиш материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолияти парламент назоратининг объекти бўла олмайди.

3  Комиссия аъзолари Сенат томонидан сенаторлар орасидан, мамлақатнинг барча минтақаларининг вакили бўлган 15 кишидан иборат таркибда Сенат ваколати муддатига сайланади.  Комиссия ўз олдига қўйилган вазифалар бажарилишининг бориши тўғрисида бир йилда икки марта Сенат Кенгаши олдида ҳисоб бериши белгилаб қўйилди.