Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

1 июлдан таксилар учун «Тўхташ тақиқланади» белгиси амал қилмайди

11.03.2019

Читать на русском языке


Автомобилни бўяш ўрнига ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга рухсат берилди. НКМ, терминал, таксометр ва рация ўрнини мобиль иловалар эгаллайди.

 

Президентнинг 6.03.2019 йилдаги ПҚ–4230-сон қарорида таксилар фаолиятини соддалаштирувчи бир қатор чора-тадбирлар назарда тутилган.

 

Биринчидан, лицензия олишда ва кейинчалик қуйидаги талаблар бекор қилинади:

 

  • юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги. Шарти – корхона штатида белгиланган тартибда аттестациядан ўтган автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган мутахассиснинг алоҳида бирлиги мавжуд бўлиши лозим;

 

  • юридик шахсларнинг балансида автотранспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги.

 

Эслатиб ўтамиз, «таксопарк» раҳбари автомобиль йўналишида олий касбий маълумотга, 5 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлиши ва Транспорт вазирлигида аттестациядан ўтган бўлиши керак (Йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш билан шуғулланаётган юридик шахсларнинг ходимларига ва юкларни автомобиль транспортида ташиш билан шуғулланаётган хусусий тадбиркорларга қўйиладиган малакавий талаблар тўғрисидаги низомнинг 4-банди «а» кичик банди).

 

Лицензия олиш учун эса талабгорлар мавжуд автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномалари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ЙҲХДХ бўлинмаси томонидан берилган техник жиҳатдан соз эканлиги тўғрисида белги қўйилган техник паспортнинг ёки автотранспорт воситалари гуруҳи техник кўрикдан ўтказилганлиги далолатномасининг нусхасини тақдим этадилар (Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг 10-банди «в» кичик банди).

 

Иккинчидан, «таксопаркларнинг» жорий фаолияти соддалаштирилмоқда:

 

  • тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин. Чек бериш ёки йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиш шарти билан назорат-касса машинасидан фойдаланмаслик мумкин;

 

  • автомобиль кузови рангини сариқ (Тошкент шаҳри учун – «фил суяги») рангга бўяш ўрнига ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга рухсат берилди; 

 

  • ягона ички ва ташқи белгилар билан жиҳозланган таксилар йўналишли транспорт учун махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиш ҳамда «Тўхташ тақиқланади» белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташ ҳуқуқига эга бўлади.

 

Эслатиб ўтамиз, йўналишсиз таксиларни жиҳозлашга доир талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2011 йилдаги 139-сон қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган.

 

Юқорида кўрсатилган ўзгартиришлар 2019 йил 1 июлдан кучга киради.  Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 7.03.2019 йилда эълон қилинган.

 

Самир Латипов.