Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКакие проблемы возникли с отправкой отчетов по кодам 29 и 137 и как можно было бы их решить Как подготовиться к ежегодной инвентаризации ТМЦ Все документы по инвентаризации ТМЦ – в Buxgalter Pro Кто и по каким объектам уплачивает налог на имущество юридических лиц

1 июндан нималар ўзгаради

01.07.2024

Читать на русском языке

Norma.uz портали 2024 йил 1 июлдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар шарҳини тақдим этади

 

Яна бир давлат хизмати ЯИДХП ва давлат хизматлари марказлари орқали

 

Электрон ҳисоблаш машиналари учун дастур ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказишга доир талабномаларни давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали топшириш имконияти яратилади.

 

Интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади. 

 

Пойтахтда ҳуқуқий эксперимент бошланади 

 

Ҳуқуқий эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий ҳужжатларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади. Унинг доирасида:

  • Адлия вазирлиги ҳузурида Олий апелляция кенгаши ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгаши ташкил қилинади;
  • апелляция кенгашлари маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш натижасида ушбу ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, бундан қонунчиликка мувофиқ фақат суд тартибида бекор қилинадиган ёки ўзгартириладиган ҳужжатлар мустасно;
  • апелляция кенгашларининг қарорлари юзасидан манфаатдор шахс томонидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин, маъмурий органлар учун мазкур қарорлар қатъий ҳисобланади ва уларнинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

 

 Давлат хизматлари марказларида процессуал ҳужжатлар тайёрлаб берилади


Барча давлат хизматлари марказларида "Мадад" ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилади. Бюролар томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.

 

ID-карта олганда фуқароларни “Моbile-ID” тизимида идентификация қилиш  

 

“Моbile-ID” тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади.

 

Қарз юки кўрсаткичи ўзгармоқда

 

2025 йил 1январга қадар қарз берувчи томонидан микроқарзлар ажратишда жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи 60%дан ошмаслиги керак.

 

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чоралари

 

Нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга:

  • халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;
  • нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хом ашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади;
  • нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади. 

 

Тўлов ташкилотларига янги талаблар

 

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат АЖ шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши бўйича талаблар киритилади

 

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдори:

  • 2024 йил 1 июлдан бошлаб – тўлов тизими операторлари учун 50 млрд сўмни, тўлов ташкилотлари учун 10 млрд сумни;
  • 2025 йил 1 июлдан бошлаб – тўлов ташкилотлари учун 20 млрд сўмни ташкил этади 

 

Давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларни қайтариш чоралари 

 

Давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан самарали фойдаланиш ва уларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида:

  • кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади;
  • кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади;
  • ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади;
  • давлат дастурлари доирасида туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.

 

6 та шаҳарда сув таъминоти хусусий секторга ўтказилади



 Тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга берилади.

 

Моддий ёрдамни ҳисобга олишниг ягона тизими ишга туширилади

 

Моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизими ишга туширилади. Ҳар бир фуқаро (оила) учун ижтимоий тўловлар ва имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамлар «Ижтимоий ҳимоя» АТда рўйхатга олинади.

 

Барча шаҳарсозлик ҳужжатлари – геоахборот тизимида

 

Ишлаб чиқиладиган барча аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ва объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек, уларни келишиш ва ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотларни Тизимга жойлаштириш тартиби жорий этилади.

 

Ер майдонларини ажратиш ва аукцион орқали сотиш фақат улар жойлашган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотлар Тизимга киритилгандан сўнг амалга оширилади.

 

 IT учун 1 млрд сўмгача грантлар

 

Рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали қуйидаги позициялар бўйича 1 миллиард сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилади:

  • истиқболли ғояга — 150 миллион сўм;
  • маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага — 300 миллион сўм;
  • жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага — 1 миллиард сўм. 


Смета қийматини шакллантиришнинг янги тартиби


Объектларнинг смета қиймати «Қурилиш ресурслари миллий классификатори» электрон платформаси маълумотлари асосида шакллантирилади. 

 

Ҳудудлардаги реклама жойининг паспортини янгилаш муддати тугамоқда


Берилган реклама жойининг паспортини янги шаклдаги реклама жойининг паспортига алмаштириш учун ариза топшириш муддати ҳудудларда 2024 йил 1 июлга қадар узайтирилган эди.

 

Мактабларда фоторадарлар

 

Йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ҳамда йўл-транспорт ҳодисалар ўчоқларида босқичма-босқич қоидабузарликларни аниқловчи махсус фото-видео қайд этиш воситалар ўрнатилади.

 

Давлат уй-жой фонди билан боғлиқ барча хизматлар – фақат давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали

 

 Давлат уй-жой фондидан фойдаланишга аризалар фақатгина давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали қабул қилинади.

 

Бизнес учун имтиёзларнинг Ягона реестри шакллантирилади

 

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги сайтида  маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг турлари, муддатлари, тартиби ва масъул органларни ўз ичига олган Ягона реестр  юритилади.
 

Товар-транспорт юк хатлари – фақат электрон шаклда

 

Барча хўжалик юритувчи субъектлар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизими мажбурий тартибда жорий этилмоқда.

 

Давлат иштирокидаги йирик корхоналарда янги корпоратив тартиб


Давлат иштирокидаги йирик корхоналарда:

  • корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун кузатув кенгашига бўйсунадиган корпоратив котибияти ташкил этилади;
  • корпоратив бошқарувнинг янгиланган қоидалари ва ахлоқ кодексини жорий этилади;
  • кузатув кенгашининг баённомаларини масофадан АКТдан фойдаланган ҳолда электрон овоз бериш бюллетенлари орқали расмийлаштириш имкониятини яратилади.

      

Собир Нурбердиев