Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Баҳоловчилар тоифаларни қандай олишади

30.09.2019

Читать на русском языке

 

Баҳоловчиларга тоифалар бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди (24.09.2019 йилдаги 799-сон ВМҚга қаранг).

 

Ҳаммаси бўлиб тоифалар учта: иккинчи, биринчи ва олий. Уларнинг ҳар бирига қандай талаблар қўйилиши ҳақида – бу ерда. Мазкур ҳолатда тоифалар нафақат мутахассиснинг билим ва кўникмаларини акс эттиради, балки унинг ваколатлари ҳажмига ҳам таъсир кўрсатади. 2020 йил 1 январдан бошлаб фақат биринчи ёки олий тоифали баҳоловчилар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларни экспертизадан ўтказиши мумкин.

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги баҳоловчиларга тоифаларни беради. Талабгор у ерга қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза беради:

  • баҳолаш ташкилоти томонидан тасдиқланган меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимидан кўчирма;
  • талабгор ишлайдиган баҳолаш ташкилоти томонидан тасдиқланган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича эксперт хулосалари реестрлари;
  • баҳоловчи малака сертификатининг нусхаси;
  • ҳужжатларни кўриб чиқиш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

 

Талабгор ўз хоҳишига кўра ўзининг профессионал фаолияти ҳақида қўшимча маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Масалан, ОАВдаги мақолалар, хорижий малака ошириш курсларидан ўтганлиги ҳақида сертификатлар, RICS, TEGoVA, Appraisal Institute, ISO 17024, NAMA, CCIM Institute ва бошқа халқаро сертификатлар нусхалари.

 

Ҳужжатларни уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бирга оддий почта ёки электрон почта орқали юбориш мумкин. Иккинчи ҳолатда уларни ЭРИ билан тасдиқлаш лозим. Агентлик 3 кун мобайнида ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки топширилган ҳужжатлар тўплами тўлиқ бўлмаган тақдирда уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Агар аризада жўнатувчининг электрон почтаси кўрсатилган бўлса, қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома ахборот тизими орқали унга юборилади.

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги 7 нафар аъзодан иборат комиссияни шакллантиради:            3 нафар агентликнинг вакили ва Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси ва Ўзбекистон баҳоловчилар жамиятидан 2 тадан вакил. Комиссиянинг йиғилишлари аризалар тушишига қараб, аммо бир ойда камида 1 маротаба ўтказилади. Йиғилишларда ҳужжатлар ўрганилади ва ҳар бир комиссия аъзоси баҳолаш варақасини тўлдиради.

 

Комиссия томонидан қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади, талабгор эса бу ҳақда 3 иш куни мобайнида хабардор қилинади. Комиссия салбий қарор қабул қилган тақдирда, талабгор 3 иш куни мобайнида бу ҳақда сабаблари кўрсатилган ҳолда хабардор қилинади. Унга у мувофиқ келадиганидан пастроқ тоифани беришни таклиф қилишлари мумкин.

 

Тоифа берилган талабгорга 5 йил муддатга гувоҳнома берилади. Бундай баҳоловчиларнинг маълумотлари махсус реестрга киритилади. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугайдиган санадан бир ой кечиктирмасдан тоифани кейинги 5 йилга тасдиқлаш учун мурожаат қилиш лозим. Ва барча тартиб-таомил қайтадан амалга оширилади.

 

Кейинчалик баҳоловчининг ҳисоботи ёки эксперт хулосаси ҳаққоний эмас деб тан олинганлиги ҳақида ахборот келиб тушган тақдирда ёки баҳоловчининг ўзининг аризасига кўра  тоифани пасайтиришлари мумкин.  Жараёнда баҳоловчи ишининг натижалари ва сифати бўйича ахборот тўпланади ва таҳлил қилинади. Баҳоловчининг амалдаги тоифасига мувофиқлиги тўғрисида шубҳа туғдирувчи маълумотлар аниқланган тақдирда, комиссия уни қайта кўриб чиқади. Баҳоловчи уни тоифаси пасайтирилган санадан бошлаб бир йилдан сўнг тиклаши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.09.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.