Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Дарахтлар кесилишига мораторий қандай амалга оширилади

27.02.2020

Читать на русском языке

 

Ҳукумат томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг 78 номдан иборат рўйхати тасдиқланди ҳамда улар кесилишига мораторийни амалга ошириш тартиби белгиланди (18.02.2020 йилдаги 93-сон ВМҚга қаранг).

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 30.10.2019 йилдаги ПФ-5863-сон Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган. 

 

Қабул қилинган қарорда белгиланишича, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесиш бўйича қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

  • давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризаларни қабул қилишга;
  • ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан дарахтлар ва буталарни кесиш учун хулосалар беришга;
  • туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатномалар расмийлаштирилишига.

 

Адлия вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ушбу талабларни бажаришга доир чора-тадбирлар қабул қилинади.

 

Ҳужжатда белгиланишича, давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда қимматбаҳо навлардан ташқари дарахтлар ва буталар навларини ҳамда табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарни санитар кесиш ва қирқишга Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги қарорлари асосида рухсатнома берилади:

  • 2018 йил 31 мартдаги «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 255-сон;
  • 2019 йил 17 январдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 43-сон.

 

Бунда «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» давлат дастурлари лойиҳалари асосида ҳудудларни ободонлаштириш ишларида санитария жиҳатидан кесиш ва қирқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда, фақат туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилади.

 

Объектларни қуриш ва қуришни лойиҳалаштириш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш босқичида расмийлаштириладиган ҳужжатларда, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларида, шунингдек электрон онлайн-аукцион натижалари баённомаларида ер участкасида ўсаётган дарахтлар сони, уларнинг аниқ координаталари, навлари, диаметри, баландлиги кўрсатилиши шарт, шунингдек уларни сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш чоралари ва талаблари кўрсатилиши лозим.  

 

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш майдонида ўсаётган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навлари тўлиқ сақлаб қолиниши ёки кўчириб ўтказилиши таъминланиши шарт, дарахтлар ва буталар бошқа навларининг камида 50%и сақлаб қолиниши ёки кўчириб ўтказилиши ёхуд уларнинг ўрнига 10 тадан кам бўлмаган дарахтлар компенсация сифатида экиб берилиши керак. 

 

2020 йил 1 мартдан бошлаб қурилиш, қайта таъмирлаш, қайта тиклаш, капитал таъмирлаш, қурилиш объектларини ободонлаштириш, бузиш бўйича лойиҳа ҳужжатларида, шунингдек қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилишда мажбурий тартибда ўсимлик дунёси объектларига ва уларнинг ўсиш муҳитига салбий таъсир кўрсатишнинг олдини олишни таъминлайдиган, уларни бундай таъсирдан ҳимоя қиладиган чоралар, компенсация тадбирлари ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича қоида ва меъёрларга риоя этилиши назарда тутилади. Ушбу меъёрларни жорий этиш Қурилиш вазирлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси зиммасига юкланган.

 

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Фанлар академияси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2 ой муддатда иқлим ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб, аҳоли пунктларида экишга тавсия этиладиган манзарали дарахт навлари рўйхатини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши лозим.

 

Шунингдек давлат ўрмон фондидан ташқари ерларда дарахт ва буталарни кўчириб ўтказиш тартиби ҳамда компенсация тадбирларини амалга ошириш шартлари бузилганлиги, давлат ўрмон фондидан ташқари ерларда ноқонуний дарахт ва буталар ноқонуний кесилганлиги, шунингдек ноқонуний кесилган дарахтлар ва буталар ташилиши ва қабул қилиниши учун жиноий жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар киритилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.02.2020 йилдан кучга кирди


Анвар Иркаходжаев.