Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

ИИВ тизимида овқатланиш аутсорсинг шартларида ташкил этилади

08.05.2019

Читать на русском языке

 

Вазирлар Маҳкамасининг 6.05.2019 йилдаги «Ички ишлар органлари тизимида овқатланишни ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 379-сон қарори қабул қилинди.

 

ИИО ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, шунингдек ИИВ таълим муассасалари курсант ва тингловчиларининг овқатланишини ташкил этиш соҳасига давлат-хусусий шериклик механизмлари босқичма-босқич жорий этилмоқда.

 

Аутсорсинг ошхоналар ходимлари сонини, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ва етказиб бериш харажатларини мақбуллаштириш, табиий камайиш нормалари доирасида нобудгарчиликларни энг кам даражага келтириш, таомлар турларини хилма-хиллаштириш ва овқат тайёрлаш сифатини яхшилаш ҳамда бўлинмалар фаолиятининг самарадорлигини ошириш имконини беради. Биринчи навбатда у ИИВнинг ҳарбий қисмлари, таълим муассасалари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва даволаш муассасаларида жорий этилади.

 

Хусусий шахслар билан шартномалар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тузилади. Умумий овқатланиш соҳасида катта иш тажрибасига, тегишли молиявий ва логистика базасига эга бўлган талабгорларга устунлик берилади.

 

Аутсорсер хизматларига ҳақ тўлаш миқдорлари озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги ўртача бозор нархлари бўйича бир овқатланувчига тегишли контингент учун овқатланишнинг тасдиқланган нормасидан келиб чиққан ҳолда ИИВ томонидан белгиланади. Аутсорсернинг барча харажатларини (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ва б.) ўз ичига оладиган устама ҳақ – 20%гача ҳисобга олинади. Аутсорсингнинг шартномалар бўйича кўрсатилган хизматлари учун нархлар кўпи билан бир ойда 1 марта қайта кўриб чиқилиши керак.

 

Хусусий шахсга ижара шартномаси доирасида вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхоналарнинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебелидан фойдаланганлик учун ижара тўлови ноль ставка бўйича белгиланади. Аутсорсер шахсий таркибга овқат тайёрлаш учун фойдаланадиган коммунал хизматлар қиймати ажратилган бюджет маблағлари доирасида ИИВ томонидан қопланади. 

 

ИИВнинг тегишли бўлинмалари (зарурат бўлганда, бошқа вазирлик ва идораларнинг мутахассислари жалб этилган ҳолда) овқат тайёрлаш ва маҳсулотлар сифатини назорат қиладилар. У санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, шунингдек техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши керак.

 

Маълумот учун: айни пайтга келиб Мудофаа вазирлиги бўлинмалари, ДБҚнинг Божхона институти, ДХХ бўлинмалари ва органлари, Миллий гвардия бўлинмаларида худди шундай механизмлар жорий этилган. 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.