Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
ГНК аннулировал свидетельство плательщика НДС. Законно ли это? - читать на buxgalter.uzПошаговая инструкция: как установить онлайн-кассу и с ней работать- читать на buxgalter.uzПрезидент распорядился сократить бюрократические препоны - читать на buxgalter.uzКак вернуть НДС, уплаченный за квартиру в новостройке - читать на buxgalter.uzКак налоговики доначисляют вам налоги при смене учредителей и реорганизациях - читать buxgalter.uzПереход на ЭСФ: работники налоговых инспекций оказались «крайними» - читать на buxgalter.uzПоздравляем лучших бухгалтеров и аудиторов уходящего года - читать на buxgalter.uz

Карантин остидаги маҳсулот қандай олиб қўйилади, қайтариб юборилади ва йўқ қилинади

06.11.2019

Читать на русском языке

 

Карантин остидаги маҳсулотни олиб қўйиш, қайтариб юбориш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3191, 31.10.2019 й.).

 

Маълумот учун:

  • карантин остидаги маҳсулот - ўсимликлар карантини объектларини ташувчилар бўлиши мумкин бўлган ўсимликлар, уларнинг қисмлари, экиш материаллари, қайта ишлаш маҳсулоти, бошқа маҳсулот ва юклар;
  • ўсимликлар карантини объекти - дунёда карантин аҳамиятига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлмаган ёки чекланган тарзда тарқалган зарарли организмлар (Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига қаранг).

 

Тасдиқланган Низом ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланган карантин остидаги маҳсулотни тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда олиб қўйиш, қайтариб юбориш ва йўқ қилиш тартибини белгилайди. Ҳужжат талаблари карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш, олиб чиқиш, транзит тарзида олиб ўтиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ва сотиш ишлари билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

 

Олиб қўйиш

 

Карантин остидаги маҳсулот қуйидаги ҳолларда олиб қўйилади:

  • ўсимликлар карантини объектлари аниқланганда;
  • Ўзбекистонга олиб кирилиши тақиқланган экиш материаллари ва маҳсулотлар аниқланганда;
  • карантин остидаги маҳсулотнинг тегишли ҳужжатлари (карантин рухсатномаси, хорижий мамлакатнинг ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитар сертификати ёки гувоҳномаси) мавжуд бўлмаганда.

 

Олиб қўйиш вақтида ўсимликлар карантини давлат инспектори томонидан икки нусхада тегишли далолатнома  тузилиб, улардан бири маҳсулотнинг эгасига берилади. Тегишли тадбирлар амалга оширилгунга қадар давлат инспектори томонидан олиб қўйилган маҳсулотни сақлаб туришга доир чоралар кўрилади. Далолатнома тузилган вақтдан бошлаб 24 соат ичида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторига ёзма равишда хабар берилади. Олиб қўйилган карантин остидаги маҳсулотдан намуналар олинади ва улар экспертизасидан ўтказиш учун тегишли лабораторияга юборилади.

 

Олиб қўйилган маҳсулот тегишли ҳужжатлар ёки маҳсулотда ўсимликлар карантини объектлари мавжуд эмаслиги ҳақида лаборатория экспертизаси хулосаси тақдим қилинганда давлат инспекторининг кўрсатмасига асосан юк эгасига (унинг вакили ёки юкни қабул қилиб олувчи, ташувчига) қайтариб берилади.

 

Қайтариб юбориш

 

Лаборатория экспертизаси хулосасига кўра олиб қўйилган маҳсулотда карантин объектлари аниқланса, давлат инспекторининг ёзма кўрсатмасига асосан фитосанитар ишлов берилади ва/ёки юк жўнатувчи давлатга қайтариб юборилади.

 

Қуйидаги ҳолларда карантин остидаги маҳсулот юк эгасига (унинг вакили ёки юкни қабул қилиб олувчи, ташувчига) қайтариб юборилади:

  • карантин остидаги маҳсулот ўсимликлар карантини объектлари аниқланганда;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган экиш материаллари ва маҳсулотлари аниқланганда;
  • карантин остидаги маҳсулотнинг тегишли ҳужжатлари (карантин рухсатномаси, хорижий мамлакатнинг ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитар сертификати ёки гувоҳномаси) мавжуд бўлмаганда.

 

Қайтариб юбориш учун ўсимликлар карантини давлат инспектори томонидан икки нусхада тегишли далолатнома тузилиб, улардан бири маҳсулотнинг эгасига (унинг вакили ёки юкни қабул қилиб олувчи, ташувчига) берилади.

 

Йўқ қилиш

 

Карантин ва бошқа хавфли зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлар билан зарарланган карантин остидаги маҳсулотларни зарарсизлантириш ва юк жўнатувчига қайтариб юборишнинг имконияти мавжуд бўлмаса улар махсус жойда ёқиб юбориш ёки чуқур қазиб кўмиб ташлаш йўли билан йўқ қилиниши лозим.

 

Маҳсулотни йўқ қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат инспекциялари бошлиқлари томонидан Давлат экология қўмитаси ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг ҳудудий органларининг вакилларини жалб қилган ҳолда, таркибида камида 5 кишидан иборат комиссия тузилади. Комиссия олиб қўйиш далолатномасига ва/ёки экспертиза хулосасига асосан маҳсулотнинг атроф муҳит учун зарарли эканлигини ҳисобга олган ҳолда йўқ қилиш санаси, усули ва жойини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Ўсимликлар карантини объектлари тарқалиши ва карантин остидаги маҳсулот ўғирланиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, улар давлат инспекторининг кўрсатмаларига биноан махсус жойларда пломба босилган ҳолда сақланади. Йўқ қилиш маҳсулот эгаси (унинг вакили ёки юкни қабул қилиб олувчи, ташувчи) иштирокида Комиссия томонидан қарор қабул қилинган санадан бошлаб 5 иш кунидан кечиктирмасдан амалга оширилади.

 

Ҳудудий инспекция Комиссия томонидан қарор қабул қилинган санадан бошлаб 1 иш куни ичида маҳсулот эгасига (қабул қилиб олувчи) маҳсулотни йўқ қилиш санаси, усули ва жойи ҳақида хабар беради. Маҳсулот эгаси (юкни қабул қилиб олувчи)нинг келмаганлиги йўқ қилиш жараёнини тўхтатиб турмайди, бу ҳақда 4 нусхада тузиладиган йўқ қилиш далолатномасига қайд этилади. Йўқ қилиш жараёни фотосурат ёки видео ёзувга олинади. Жараёнда маҳсулотнинг барча истеъмол хусусиятлари тўлиқ йўқ қилиниши шарт.

 

Комиссиянинг қарорлари ва фотосурат (видео ёзувлар) нусхалари йўқ қилиш далолатномаси нусхаларига илова қилинган ҳолда маҳсулот эгасига (унинг вакили ёки юкни қабул қилиб олувчи, ташувчига) ҳамда Давлат экология қўмитаси ва Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг ҳудудий органларига юборилади.

 

Карантин назоратидаги маҳсулотларни  зарарсизлантириш (фумигация, дегазация, рефрежерация қилиш ёки бошқа усулларда), юкларни, багажларни, почта жўнатмаларини очиш ёки қадоқлаш, уларни зарарсизлантириш жойларига олиб бориш ва у ердан қайтариб олиб келиш тадбирларига харажатлар маҳсулотни жўнатувчилар ҳисобидан амалга оширилади.

 

Маҳсулот эгаси экспертиза хулосаси ёки комиссиянинг қарори устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.02.2020 йилдан кучга киради.


Анвар Иркаходжаев.