Президентнинг 08.05.2026 йилдаги "Лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишни рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-83-сон Фармони қабул қилинди.
Мақсад – тоғ ва тоғолди ҳудудларида лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишга хусусий секторни жалб қилиш орқали чорвачилик маҳсулотлари ҳажмини ва чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш.
2026-2030 йилларда 938 минг гектар лалми ва яйлов ер участкаларин фойдаланишга киритиш режалаштирилган.
Лалмикор ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишнинг янги тартиби ер тузиш лойиҳаси ва техник-иқтисодий асослаш асосида амалга оширилади.
Ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган қиймат бўйича "E-auksion" савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади. Бунда муомалага киритиш муддати улар ажратилган кундан бошлаб кўпи билан икки йилни ташкил этади.
ТИАда (техник-иқтисодий асосда) назарда тутилган ишларнинг белгиланган муддатларда сифатли бажарилиши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари ва ҳудудларга бириктирилган масъул шахслар томонидан мониторинг қилиниб, ер участкасини фойдаланишга киритиш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.
Шунингдек, ҳар бир кесилган дарахт ва буталарга мутаносиб равишда компенсация тартибида дарахт ва буталар экиш мажбурияти юклатилади.
Молиявий ресурслар
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек, "Агробанк" АТБ томонидан жалб қилинадиган ХМИ ҳисобидан $300 млн миқдоридаги маблағлар лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишни молиялаштиришга йўналтирилади.
"Агробанк" АТБ томонидан лалми ва яйлов ер участкаларини муомалага киритиш учун ҳар бир гектарига 20 млн сўмгача миқдорда 10 йил муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 14 фоиз ставкада миллий валютада кредитлар ажратилади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари дренажларни тозалаш учун бульдозер ва экскаваторлар сотиб олиш учун 4 млрд сўмдан маблағ ажратади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш учун бириктирилган масъуллар рўйхати;
• 2026-2030 йилларда лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш режа-жадвали;
• 2026-2027 йилларда тезюрар темир йўл участкалари яқинидаги яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш кўрсаткичлари;
• Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари томонидан лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритиш режа-жадвали;
• 2026-2028 йилларда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги томонидан лалми ва яйлов ер участкаларида саноатбоп интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш режа-жадвали.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



