Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Медиация: янгиликнинг моҳияти нимада?

05.07.2018

Читать на русском языке


«Медиация тўғрисида» 3.07.2018 йилдаги ЎРҚ–482-сон Қонун эълон қилинди.

 


Таҳририятдан: ушбу ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг (32,1 МБ).

 





Қонунда нима дейилади

 

Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули. Қабул қилинган ҳужжатга асосан у низоларнинг 3 та тоифаси бўйича амалга оширилиши мумкин:

  • фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, ш.ж. тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низолар;
  • якка меҳнат низолари;
  • оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар.

 

Маълумот учун: лойиҳа устида ишлаш чоғида жиноят ишлари бўйича медиацияни жорий этиш варианти ҳам кўриб чиқилган эди. Бироқ бундай таклифлар қўллаб-қувватланмади.

 

Медиация судгача, шунингдек суд тартибида кўриш жараёнида суд маслаҳатхонага киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

 

Медиация ўхшаш тартиб-таомиллардан нимаси билан фарқланади

 

Медиация иқтисодий ишлар бўйича низоларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби, ишни иқтисодий ёки фуқаролик судида кўриб чиқишда келишув битими тузиш, никоҳдан ажралишда эр-хотинни ва жиноят процессида тарафларни яраштиришга кўп жиҳатдан ўхшаш. Бироқ уларни айнан бир хил деб ҳисобламаслик лозим (ҳеч бўлмаганда ҳозирги кунда амалда бўлган қонунчиликни ҳисобга олган ҳолда бунинг иложи йўқ).

 

Медиатор фигураси – медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс янги ҳуқуқий институтнинг фарқли жиҳати ҳисобланади. Ўхшаш тартиб-таомилларда тарафлар ўртасидаги воситачилик аниқ тартибга солинмаган. Медиатор ўз фаолиятини профессионал (ҳақ эвазига ёки текин) ва нопрофессионал (фақат текин) асосда амалга ошириши мумкин. Медиаторнинг вазифаси – тарафлар ўртасида ёзма медиатив келишув тузилишига, яъни низони ихтиёрий ҳал этишга эришиш.

 

Лойиҳанинг бир йил олдин ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган дастлабки таҳририда фақат адвокатлар профессионал медиатор бўлиши, 18 ёшга тўлган фуқаролар, юридик шахслар, махсус ташкил этилган органлар ёки комиссиялар эса нопрофессионал асосда медиатор бўлиши кераклиги назарда тутилган эди.  Бироқ асосий хусусияти – медиатор бирон-бир давлат органига боғлиқ бўлмаслиги керак. Умуман ушбу ёндашувни сақлаган ҳолда, қабул қилинган Қонун Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган ҳар қандай шахс профессионал медиатор бўлиши мумкинлигини белгилади. 25 ёшга тўлган ва медиатор вазифаларини бажаришга розилик берган жисмоний шахс эса профессионал асосдаги медиатор бўлиши мумкин.

Қиёслаш учун: Оила кодексининг 40-моддасига мувофиқ, суд никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун 6 ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун 3 кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак. Медиация учун эса бутунлай бошқа муддатлар белгиланади – 30 кунгача узайтириш имконияти билан 30 кун. Медиаторни эса тарафлар мустақил танлайди. Яраштириш комиссиялари билан бўлган ҳолатда бундай танлашнинг имкони бўлмайди.

 

Бундан ташқари, низони ҳал этиш медиатив келишув эмас, балки келишув битимини тузиш билан тугалланиши режалаштирилган эди. У суд жараёнларида суд томонидан тасдиқланиши назарда тутилган эди. Бироқ якуний таҳрирда медиатив келишув амалда суддан ташқари ҳужжатлар сирасига киритилган. У тузилганда ишни судда кўриш тўхтатилади ва ҳатто низони кўриб чиқиш учун тўланган давлат божи қайтарилади (келишув битимида қайтарилмайди). Қонунда медиатив келишувни мажбурий ижро этиш ва у бўйича ижро варақасини бериш тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган (келишув битимида ижро варақаси берилади).

 

Шунга қарамай, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли. Бироқ Қонунда медиатив келишувнинг мавжудлиги кейинчалик давлат органи ёки суд томонидан ишнинг кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиши ҳақида норма ҳам йўқ (келишув битимида – тўсқинлик қилади). Бунда келишув бажарилмаганлиги учун жавобгарликнинг таркиби ва чораларини инобатга олади.

 

Шу тариқа, медиация – олдинги механизмлардан фарқланувчи янги кўриниш. Ҳар қандай янгилик каби у амалиётда синовдан ўтказилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_